Иқтисодиёт | 16:23 / 14.09.2023
46318
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Chevrolet Captiva сотуви қайта тикланиши мумкин

Яқин кунларда Ўзбекистонда Captiva-5 сотувлари бошланиши мумкин. UzAuto расмий вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни пайтда синов жараёни ўтказилмоқда. Нархларни сотувлар бошланишидан олдин эълон қилиш режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

UzAuto Motors'нинг илк оммавий акциялари сотувида андеррайтер вазифасини бажарган Freedom Broker ҳисоботида ҳам компания режаларида 2023 йилдан Captiva импортини бошлаш кўзда тутилгани келтириб ўтилганди.

Ҳозирда UzAuto Motors дилерлик марказларидан фақатгина Onix ва Tracker-2 каби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган моделлар, шунингдек, Malibu-2, Equinox, Traverse, Tahoe-2 каби импорт автомобилларига шартнома олиш мумкин.

Chevrolet Captiva автомобили мамлакат бозорига бундан 16 йил олдин кириб келган. Илк бор автомобилни йирик тармоқли йиғиш 2007 йилнинг октябр ойидан бошланган. 2011 йилнинг сентябр ва 2017 йилнинг феврал ойларида автомобилнинг янгиланган модели чиқарилган. 2018 йилнинг кузидан бошлаб кроссовер сотувдан олиб ташланганди.

Кейинчалик, 2021 йилнинг кузида UzAuto Motors Chevrolet Captiva сотуви қайта тикланганини эълон қилди ва бир қанча истеъмолчилар билан шартномалар тузганди. Лекин маълум муддат ўтганидан кейин бу жараён тўхтатилди. Сабаб сифатида эса Captiva-5'нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги айтилганди. Ўша пайтда мазкур автомобил 221 млн 691 минг сўмдан 309 млн 900 минг сўмгача нархда сотувга чиқарилиши хабар қилинганди.

  • Freedom Broker ҳисоботида, шунингдек, UzAuto Motors 2023 йил охиридан Chevrolet Lacetti ишлаб чиқаришни тўхтатиши, шу йил Chevrolet Cadillac импортини бошлаши ҳам маълум қилинганди. Ҳужжатда компания 2026 йилдан бошлаб номи ошкор қилинмаган янги Chevrolet моделини ишлаб чиқаришни бошлаши кўрсатилган.

Мавзуга оид