Жаҳон | 19:30 / 04.10.2023
10900
2 дақиқада ўқилади

Анқарадаги терактга алоқадор террорчиларнинг шахси аниқланди

Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳужумни уюштирган террорчилар Курдистон ишчилар партияси аъзоси эканини маълум қилди. 

Фото: AP

1 октябр куни Анқара шаҳридаги Туркия Ички ишлар вазирлиги биносига уюштирилган ҳужумга алоқадор шахслар аниқланди. Бу ҳақда TRT хабар берди. 

Қайд қилинишича, олдинги суриштирувлар ва ДНК таҳлиллари натижасида террорчилардан бири Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзоси, «Канивар Эрдал» лақабли Ҳасан Ўғуз экани, иккинчиси эса шу партия аъзоси Ўзкан Шаҳин экани аниқланган. КИП – Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. 

Туркия Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, террорчилик ҳаракатининг тергови давом этмоқда. «Терроризмга қарши кураш охирги террорчи зарарсизлантирилгунга қадар қатъият билан давом этади» дейилади хабарда. 

1 октябр куни икки шахс Анқарадаги парламент ва ички ишлар вазирлиги бинолари яқинида портлаш содир этди. Туркия ИИВ раҳбари Али Ерлиқоя сўзларига кўра, ҳужум қилганлардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчиси «бартараф этилган». 

Портлашдан бир неча соат вақт ўтиб, Туркия Ироқ шимолидаги курдларнинг позициялари бўйлаб авиазарбалар берди. Туркия ҳукуматига кўра, авиазарбалардан сўнг Курдистон ишчилар партиясининг 20 та объекти йўқ қилинган. 

3 октябр куни Туркия хавфсизлик кучлари бутун мамлакат бўйлаб «Қаҳрамонлар» деб номланган кенг кўламли аксилтеррор операциясини бошлади. Мерсин, Ван, Шонлиурфа, Мардин ва Ойдинда террорчилик ташкилоти аъзолигида гумон қилинган 12 нафар шахс қўлга олинди. Курдистон ишчилар партияси (КИП) билан алоқадорликда гумонланганлар ҳам ушланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид