Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Педофилиядан огоҳ бўлинг! Болаликда зўравонликка учраганлар ҳикоялари
Ижтимоий тармоқлар орқали болалигида зўравонликка учраганлардан ўз ҳикояларини бўлишишларини сўрадик. Одатда бунақа хотирани эслаш оғриқли, аммо бошқа болаларни ҳимоя қилиш, ота-оналарни огоҳлантириш учун бунга рози бўлган айрим қаҳрамонлар топилди.
Бугун бирорта бола бундан ҳимояланмаган. Чунки улар доим ҳам биз хавфсирайдиган қўрқинчли жойларда эмас, кўчада, мактабда, маҳаллада, қўшнимизникида бўлишлари мумкин. Аянчлиси эса баъзида ўз яқинларимиз орасида ҳам бўлишади.
1-ҳикоя:
— Ёшим 25да. 9 ёшимда ота-онам мени ва иккита укамни бувимнинг қарамоғида қолдириб, чет элга ишлагани кетишди. Бобом ўтиб кетган, ёлғиз яшайдиган бувимнинг ҳовлиси бобомнинг укалари, яъни онамнинг амакилари яшайдиган ҳовлига туташ эди. У ерда ўша амакиларнинг ўғли ва оиласи яшарди. Амакиваччамиз ўша вақтларда тахминан 30 ёшлар атрофида эди. Бувим ёлғиз яшагани учун тез-тез чиқиб оғир ишларда ёрдам бериб туришарди. Шунинг учун ойим, холаларим бу қариндошларини жуда ҳурмат қилишар, ишонишарди. Бу ҳовлида яшай бошлаганимиздан кейин икки ойлар ўтиб ҳовли этагида ўрик териб юрганимда амакиваччамиз чиқиб келиб менга тепа шохдагиларидан узиб беришимни сўради. Олиб бераётганимда билагимни ушлаб силаб ўтди. Ғалати бўлдим, сесканиб кетдим. Менга шундай туюлдими деб ўйладим.
Бир куни бувим уйда йўқ эди. Укаларим билан қолдик. Шунда қариндошимиз кириб келди-да 6 ёшли укам иккаламизни битта хонага қамаб қўйди. Ўша кунни эсласам ўзимдан уяламан. Биздан ёмон ҳаракатлар қилишимизни сўради. Укам бунақа қилмаслигини айтиб, кўзига ёш олди. У одам бизга агар унинг айтганини қилмасак ёки бировга бу ердаги ишларни айтсак – ота-онамизни ўлдириб юборишларини, кейин умуман уларни кўрмаслигимизни айтди.
Орада бизни соғинган онам бир ойга Ўзбекистонга келганида мен ҳаммасини – амакимиз бизга қилган ишларини айтиб бердим. Кейин онам жанжал кўтарди, уйимизда жанжал бўлди. Лекин бизга ҳеч ким ишонмади. Бизни туҳматчига чиқаришди. Онамни, укаларимни шарманда қилди. У ердан ҳайдаб юборишди, онам бечора уч бола билан ижарага чиқиб кетди. Ҳатто отам ҳам мени айблади, мен қандай айбдор бўламан? Ёш бола бўлсам... Онамга "қизингга тарбия бермагансан" деди. Онамга қийин бўлди, уч болага қарасинми, ишласинми?..
Ёшлигимни эслашни хоҳламайман, тўғрисини айтсам.
***
Сиз педофилларни қандай тасаввур қиласиз? Улар турли кўринишларда бўлишади. Янгиҳаётдаги Муслиманинг, Фарғонадаги Маржонанинг қотиллари каби ваҳший бўлишлари ҳам мумкин. Баъзилари эса меҳрибон, оқкўнгил инсон сифатида ишончни қозонишади. Масалан, мана бу ҳикояда 8 ёшида ўзининг ўгай отаси томонидан зўрланган қиз тақдири билан танишинг.
2-ҳикоя:
— Жуда кичкиналигимда ота-онам ажрашиб кетишган, чунки дадам ичкиликка берилиб кетган экан. Танимайман ҳам ўзимнинг отамни. Шундан кейин 4 яшарлигимда онам бошқа турмуш қурган. Бу турмушидан бошқа фарзандлар ҳам туғилган – синглим, укам бор.
Ўгай отам ички ишлар тизимида ишлар, табиатан анча қаттиққўл, қўрсроқ одам эди. Лекин менга жуда меҳрибон эди. Менга ширинликлар, ўйинчоқлар олиб келарди. 6 ёшлар пайтимда эслайман, мени ўпиб-эркалаб қучоқларди. Буни мен оталик меҳри деб тушунганман. Ўзимнинг отам бўлмагани учун бундан янаям хурсанд бўлардим. Онам ҳам хурсанд бўларди "Турмуш ўртоғим ўзининг қизидай қабул қиляпти қизимни" деб. Ёз яқин, 1-синфни тугатаётган пайтларим эди. Қишлоқда ҳаммомимизнинг эшиги ёғочдан эди. Бир куни чўмилаётган пайтимда негадир отам эшик тирқишидан пойлаётганини сездим. Ҳайрон бўлдим, тушунмадим, уялдим. Кейинчалик бу тез-тез такрорланди. Ҳаммомга кирсам отамнинг пойлаётганини сезардим, кўриб қолардим. Жуда уялардим, чунки сал катта қиз бўлиб қолгандим ўшанда.
2-синфга ўтдим, шунақа кунларнинг бирида жудаям ёмон нарса содир бўлди. Ўгай отам менинг номусимга тажовуз қилди.
Онам синглим билан касалхонада, бувим узоқда – буни ҳеч кимга айтолмадим. Онам келгунча бир неча марта бу ҳолат такрорланди. Ойим синглим билан касалхонадан чиққанида менинг аҳволим жудаям ёмон эди.
Ойим сабабини сўраганда унга ҳаммасини йиғлай-йиғлай айтиб бердим. Лекин ўгай отам буни бўйнига олмади. Онам бечора иложсиз эди, менга қўшилиб уям йиғлади. Нима қилишини билмади. Кейин бизни олиб бувимникига борди, бувим раҳматли ўша пайтда тирик эди – мени ўзи билан олиб қолди. Ўқишимниям ўша ерга кўчиришди. Бувим онамга "шу ишни қилган одам билан яшама" деди. Лекин ойим "3 бола билан қайтиб келиб ўтирайми ёнингизда, икки эрдан ажрашган деган номни олайми? Шу керакми сизга?" деганини эслайман. Шундан кейин онамни, уёқдаги ҳаётни эсимдан чиқаришга ҳаракат қилдим. Бувим катта қилди мени. Ҳозир ёшим 33 да. Ҳалигача турмуш қурмадим, бу ўша болалигимда бўлган номардликнинг оқибати.
***
Болаларимиз болакушлардан ҳимояланмаган, улар ёнимизда бемалол яшаб юрган бўлиши мумкин. Хорижда эса уларнинг ҳар қадами назоратда туради ва аёвсиз жазо кутади.
3-ҳикоя:
— Мен асли ўзбекистонликман, 12 йилдан бери АҚШда яшайман. Дўстим бундан бир неча йил аввал шу жиноятни содир этиб, 20 йилга қамалди. Бу ерда бундай жиноят қилганларни жуда қаттиқ жазо кутади. Қамоқдан чиққандан кейин ҳам болалар бор ерга яқинлашмайди, у штатдан бу штатга бориши учун ҳам полициядан рухсатнома олади.
Мени ўйлантираётгани бошқа нарса. Дўстим ўзи ҳам болалигида зўравонликка учраган экан. Даҳшатлиси шундаки, энди дўстимдан жабрланган болача ҳам қачондир шундай ишни қилиши мумкин...
4-ҳикоя:
— 6-7 ёшларим чамаси ён қўшнимизнинг қизчалари билан ўйнаб юрардим. Бир куни ҳам уларникига ўйнагани чиқдим. Қизларни чақирсам, уларнинг амакиси ёки амакиваччаси (аниқ эсимда йўқ, 20-25 ёшлар чамаси) бир эркак ҳам яшарди. У уйда ўша чиқиб қизлар дўкондан ҳозир келишини айтиб, “кириб ўйнаб туравер” деди. “Юр қўғирчоқлар бор хонага, расмли китоб ўқиб бераман” деб китоблар кўрсатди. Кейин мени кўтариб устига ўтқизди. Ҳамма жойимни ушлаб беҳаё ишлар қилди... “Ойингга айтсанг қулоғингни ичига суварак солиб қўяман” деб қўрқитган. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам суваракдан қўрқаман. Иштонини ечиб мениям ечинтириб устига ўтқизганлари эсимда. Охири ойимга айтиб берганим, роса жанжал бўлгани, улар кўчиб кетишгани эсимда. Биз ҳам кўчиб кетдик у ердан...
Зўравонликлар ҳақида эшитсам, дарров ўша эсимга тушади. Ичим тўлиб кетади. Ҳалиям руҳиятимда травмалар бор.
***
Апрел ойида қабул қилинган янги қонунга кўра, Ўзбекистонда ҳам педофиллар рўйхати жорий қилиниши керак. Аммо ИИВ зиммасига юклатилган бу вазифа ҳали бажарилмади.
Рақамларга юзланамиз. 2022 йилда 311 та жиноятчига вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик бўйича ҳукм ўқилган бўлса, бу рақам 2023 йилнинг 6 ойида 267 нафарни ташкил этди. Шунинг ўзи ҳам бу жиноятлар сони ошаётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, зўравонликка учраганларнинг катта қисми оилавий таниш ёки қариндошлари томонидан жабрланган. Муаммонинг кўлами шундаки, биз кўпинча яқинларимиздан буни кутмаймиз.
Бундай шахслар руҳий хаста ҳисобланади. Энг аянчлиси, уларни даволаб бўлмайди. Улар ҳар доим ҳам ўзларини ошкор қилишмайди. Касаллик хуруж қилганда эса юқоридагидек воқеалар юз бериши мумкин. Албатта, доим ҳам жинсий зўравонлик содир этмасликлари, болага ахлоқсиз ҳаракатлар, тегажоғлик қилиши ҳам мумкин, лекин шунинг ўзи ҳам бола руҳияти ва тарбиясида катта бузилишга олиб келади.
Кунда-кунора ижтимоий тармоқларда шундай жиноятлар ҳақида ўқиб, бу борадаги курашни кучайтириш кераклигини айтамиз. Айни пайтда қўлимиздан келадигани – болаларимизни хавфдан огоҳ этишимиз, уларни ўзини ҳимоя қилишга ўргатишимиз керак бўлади.
Мавзуга оид
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
12:53 / 11.06.2026
Машинада унутиб қолдирилган боғча боласи димиқиб вафот этди. Бу Қашқадарёда бир йил ичидаги иккинчи шундай ҳодиса
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
13:52 / 26.05.2026