Жамият | 10:59 / 11.10.2023
29504
5 дақиқада ўқилади

Сукунатни олтинга айлантирган йигит — TikTok қироли Ҳаби Лейм ҳақида

Атиги 3 йил ичида Ҳаби Лейм TikTok’да 160 миллиондан ортиқ обуначи тўплашга эришди ва дунёнинг энг машҳур тиктокерига айланди. Энг қизиғи у бу ишни бирорта ҳам сўз ишлатмай уддалади. Ҳозир дунёнинг таниқли брендлари маҳсулотларини реклама қилиш учун блогерга миллионларни таклиф қилмоқда.

Фото: Ҳаби Лейм

23 ёшли асли сенегаллик Ҳабане Лейм қисқа қилиб айтганда «Ҳаби» ҳозир қуролланган қўриқчиларни четлаб ўтиб, қимматбаҳо нарсалар билан тўлиб-тошган замонавий қасрга кириб боради. Йўқ, нотўғри ўйламанг — TikTok’да энг кўп обуначига эга италиялик блогер жиноят йўлига кириб кетмади. 2019 йилда у Туриндан узоқ бўлмаган жойда заводда автомобил учун филтрларни йиғарди. Ҳозир эса ўртача ойлик аудиторияси 230 млн кишидан ошадиган компютер ўйини — Fortnite’нинг қаҳрамонига айланди. 

«Буни энди бошлаганимда одамлар менга бошқа яхшироқ иш топишни айтишди. Бироқ мен видеоларни тасвирга олишни давом эттирдим. Чунки бу иш менга ёқарди, ҳатто видеоларимни ҳеч ким кўрмаган бўлса ҳам», — дея эслайди Ҳаби.

Ҳозир эса Ҳаби Лейм омма эътибори марказида. У тармоқларда машҳур бўлган мемлар, ҳар хил видеолар, кичик ҳажмли пародияларни TikTok’ка жойлайди. Баъзи ишларни мураккаблаштириб юборадиганларнинг устидан енгил кулади. Леймнинг видеолари коронавирус пандемияси вақтида шуҳрат қозонди. Ўшандан бери унинг роликлари TikTok’да 2,4 миллиард «лайк» йиғди. Бу эса унга 162 млн обуначи олиб келди. Instagram тармоғида унинг обуначилари айни дамда қарийб 81 миллионга етди. 

У ўз мухлисларини бир сўз ишлатмай, шунчаки елка ҳаракатлари ва маънога тўла нигоҳлари билан йиғган. Лейм ўз даврининг Чарли Чаплинига айланди. Унинг видеолари эса мамлакати, маданияти, тилидан қатъи назар миллионлаб, мухлисларга кайфият бағишлаяпти. 

2023 йилда Ҳаби қатор машҳурлар билан видеоларга олишга улгурди. Жумладан, актёрлар Метт Деймон, кичик Роберт Дауни ҳамда Том Круз билан. 

Бундан ташқари, у футбол афсоналаридан бири Девид Бекҳэмдан пеналтидан зарба беришни ўрганиб, суғурта гиганти State Farm’нинг реклама кампаниясида иштирок этди. 

State Farm маркетинг бўлими раҳбари Элисон Гриффинга кўра, компаниянинг Ҳаби билан ҳамкорлиги узоқ муддатга мўлжалланган. У бренд учун хавфсиз ва ўзгачалиги сабаб танланган. Ҳаби тушган реклама ролиги TikTok’да 220 млн марта кўрилган.

Лейм учун сукунат — олтин. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил июнидан бери Ҳаби 16,5 млн доллар ишлаб олган. У бу вақт давомида Hugo Boss, Binance, QNB, Fortnite каби брендлар билан ҳамкорлик қилган. Унинг TikTok ёки Instagram’даги реклама пости нархи айни дамда 750 минг долларни ташкил қилади. Ўз маҳсулотини реклама қилмоқчи бўлган бренд аввалоси Ҳабининг имижига тўғри келиши, шунингдек, бутун оилага манфаатли бўлиши лозим. 

«Таклифларнинг кўпини рад қиламан. Мен тоза ишлашни хоҳлайман. Ҳеч қачон алкогол, тамаки ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилмайман, соғлиқ учун хавф туғдирадиган нарсаларни реклама қилмайман. Ахир мени кўплаб кичик ёшли болалар ҳам кузатади», — дейди Ҳаби.

Forbes USA эълон қиладиган энг омадли инфлюенсерлар рейтингида Лейм 11-ўринда қайд этилди. Дунёнинг энг омадли блогерлари рейтингини тузишда ушбу соҳага ихтисослашган маркетинг фирмаси Инфлутентиал жалб қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил июнидан жорий йил июнига қадар умумий аудиторияси 2,6 миллиард киши бўлган рейтингдаги 50 блогер умумий ҳисобда 700 миллион доллар атрофида маблағ ишлаб олган. Аввалги йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил этган — ўсиш 23 фоиз.

Бошқа бир агентлик – Influencer Marketing Hub маълумотларига кўра 2023 йилда брендлар блогерлар иштирокидаги маркетинг учун 21 миллиард доллар ишлатади. 7 йил аввал бу рақам — 1,6 миллиард долларни ташкил этган.

Ҳаби Лейм Fortnite ўйинида пайдо бўлиши унга Ҳолливуд йўлида пиллапоя вазифасини ўтаб беришига умид қилмоқда. Италиянинг Таормин шаҳрида ўтган июн ойидаги кинофестивалда у ўзининг «Мен — Ҳабане» номли қисқа метражли филми билан дебют қилди (биринчи режиссёрлик иши ҳам). 

«Ҳикоялар ёзишни, филмлар суратга олишни яхши кўраман. Актёр ва режиссёр бўлишни хоҳлайман», — дейди Лейм.

Мавзуга оид