Жаҳон | 13:47 / 11.11.2023
4933
2 дақиқада ўқилади

Франция суди украиналик миллиардерни экстрадиция қилишдан бош тортди

Суд ўзи назорат қилган банкрот банкдан 113 миллион доллар ўғирлаганликда айбланаётган Константин Жевагони Украинага экстрадиция қилишдан бош тортди. 

Константин Жеваго Фото: FERREXPO

Франция суди Украина ҳукуматининг апелляция аризасини рад этди ва қидирувдаги украиналик миллиардер Константин Жеваго экстрадиция қилиниши мумкин эмас деган қарорга келди, деб хабар берди Reuters 10 ноябр, жума куни. 

«Суд аризачи давлат (Украина) Жеваго асосий процессуал кафолатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган суд томонидан судланишига кафолат бера олмайди, деган хулосага келди», — дейилади агентлик иқтибос келтирган суд қарорида. Суд айнан нима учун бундай хулосага келганига аниқлик киритилмаган.

Жевагонинг ўзи ҳамон Украинада ўзига қарши қўйилган «асоссиз айбловларни рад этиш» ниятида эканини айтди. «Украина юрисдикцияси доирасида бу мумкин бўлиши биланоқ, барча қонуний каналлар орқали менга қўйилган айбловларга қарши чиқиш учун саъй-ҳаракатларни ишга соламан», деди миллиардер. 

Жевагонинг Куршавелда қўлга олиниши 

Украинада Жеваго 2019 йилда қидирувга берилган эди. Тергов маълумотларига кўра, у ўзи назорат қилган банкрот «Финансы и Кредит» банкидан 113 миллион долларни ўзлаштириш схемасини яратган. Ўшанда Жеваго сўроққа келмаган ва чет элга қочиб кетган, унинг Украинадаги мулки хатловга олинди, ўзи эса халқаро қидирувга берилди. Жеваго барча айбловларни рад этиб келади. 

2022 йил декабр ойида Жеваго Украина Давлат тергов бюросининг илтимосига биноан Франциянинг Куршавел тоғ-чанғи курортида қўлга олинган. Кейинроқ миллиардер бир миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Март ойида Франция суди Жевагони Киевга экстрадиция қилишдан бош тортди, шундан сўнг Украина ҳукумати бу қарор устидан апелляция берди. 

2023 йилда Украина Миллий антикоррупция бюроси (УМАБ) ва Ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратураси (ИАП) Жеваго Олий суддаги коррупция схемасига алоқадорлигини маълум қилди. Миллиардер бу айбловларни рад этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид