Жаҳон | 14:31 / 17.11.2023
6065
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи экологик жиноятлар учун жазони кучайтиради

Европа Иттифоқи давлатлари ва Европарламент атроф-муҳитга қарши жиноятлар рўйхатини кенгайтириш ва уларга нисбатан жазоларни кучайтиришга келишиб олди. Одамларнинг ўлимига олиб келадиган экологик жиноят 10 йил қамоқ билан жазоланади.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқи давлатлари ва Европарламент вакиллари 16 ноябр, пайшанба куни Брюсселда экологик жиноятлар рўйхатини кенгайтириш ва уларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга келишиб олди. Эндиликда, одамларнинг ўлимига олиб келадиган экологик жиноятлар учун барча Европа Иттифоқи мамлакатларида шахслар 10 йил ёки ундан кўпроқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади, дея хабар беради dpa.

Атроф-муҳитга қарши жиддий жиноятлар учун компаниялар глобал товар айланмасининг камида 5 фоизи ёки 40 миллион евро миқдорида жаримага тортилади. Камроқ экологик қоидабузарликлар учун жарималар миқдори компания умумий айланмасининг 3 фоизидан ёки 24 миллион евродан бошланади. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган юридик шахсдан атроф-муҳитнинг олдинги ҳолатини тиклаш ёки унга етказилган зарарни қоплаш талаб қилиниши мумкин. Бундан ташқари, бундай компаниялар бюджетдан молиялаштиришдан четлаштирилиши ёки уларга давлат органлари томонидан илгари берилган рухсатномалар бекор қилиниши мумкин.

Экологик жиноятлар рўйхати 18 та бандга кенгайтирилди. Ноқонуний дарахт кесиш йўли билан олинган ёғочнинг ноқонуний муомаласи, машиналарнинг атроф-муҳитга зарарли қисмларини ноқонуний равишда утилизация қилиш, атроф-муҳитга зарарли кимёвий моддалардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш қоидаларини бузиш шулар жумласидандир.

Европада экологик жиноятлар сони ортиб бормоқда

«Экологик жиноятлар оғир ва уларнинг сони ортиб бормоқда», — деди Европа Иттифоқининг атроф-муҳит бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюс Брюсселда эришилган келишувларни шарҳлар экан. Экологик жиноятлар учун жазони кучайтириш бўйича таклифлар Европа комиссияси томонидан 2021 йил охирида, экспертлар ушбу соҳадаги мавжуд чекловлар етарли даражада самарали эмас деган хулосага келганидан кейин тақдим этилган эди.

Янги қоидаларни жорий этиш ҳали Европа Иттифоқи кенгаши ва Европарламент томонидан ялпи мажлисида расман тасдиқланиши керак. Бироқ, бу тартиблар расмий ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид