Жаҳон | 21:58 / 28.11.2023
7803
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС бир-бирини сулҳ шартларини бузишда айблади 

Ғазо секторида ҳар икки томон иштирокида отишма юз берди. 

Фото: WSJ

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори шимолида ҲАМАС аъзолари томонидан уюштирилган отишма оқибатида бир неча аскари енгил яраланганини маълум қилди. 

Қайд қилинишича, 28 ноябр куни тушдан кейин бир соат ичида Ғазо сектори шимолидаги икки жойда Исроил қўшинлари яқинида учта портловчи қурилма портлаган. Шунингдек, ҳамасчилар исроиллик ҳарбийларни ўққа тутгани, аскарлар эса бунга жавобан ўт очишгани таъкидланмоқда. 

«Иккала ҳолатда ҳам Исроил ҳарбийлари сулҳ шартлари бўйича белгиланган ҳудудда эди», дейилади ҳисоботда. 

Ўз навбатида, ҲАМАС Исроилни Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувини «қўпол равишда бузганликда» айблади. Исроилнинг ҳаракатлари ҳамасчиларнинг жавоб чораларини кўришига сабаб бўлган. Гуруҳ вакиллари бошқа тафсилотларни келтирмади. 

ҲАМАС ҳаракатининг қўшимча қилишича, Исроил сулҳ шартларига амал қилар экан, ҲАМАС ҳам «келишувга содиқлик» қилади. 

BBC нашрининг таъкидлашича, бу сулҳ бошланганидан бери беш кун ичидаги биринчи жиддий можаро. 

Ғазода оташкесим 24 ноябр кунидан амал қила бошлади. Дастлабки келишувларга кўра, бу тўрт кун давом этди. Келишувга кўра, ҲАМАС гаровдаги 50 нафар исроилликни, Исроил эса қамоқдаги 150 нафар фаластинликни озод қилиши керак эди. 27 ноябр куни томонлар сулҳни яна икки кунга узайтиришга келишиб олди. Бу вақт ичида ҲАМАС гаровдагилар орасидан яна 20 нафар аёл ва болани озод қилиши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид