Жаҳон | 10:20 / 15.12.2023
12942
4 дақиқада ўқилади

Венгрия ЕИнинг Украинага 50 млрд евролик ёрдамини блоклади

Евроиттифоқнинг Украинага иқтисодий ёрдами 2023 йил охиригача муҳокама қилинмайди, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Украинага 2027 йилгача 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш бўйича келиша олмади. 15 декабр, жумага ўтар кечаси ЕИ етакчи давлатлари йиғилишидан сўнг Европа кенгаши раиси Шарл Мишел «Бир давлат бунга қарши чиқди» деди. AFP хабарига кўра, Венгрия маблағ ажратилишига вето қўйган.

Венгрия бош вазири Виктор Орбан X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги пости орқали бу айбловларни қисман тасдиқлади. Унинг ёзишича, «тунги смена натижаси» Киевга пул ажратилишига вето қўйилгани ва Украинага ёрдам кўрсатишни ўз ичига олган Европа Иттифоқининг кўп йиллик молиявий дастурини қайта кўриб чиқишга вето қўйилгани бўлган.

«Биз бу масалага келаси йили Европа кенгашида тегишли тайёргарликдан сўнг қайтамиз», деб ёзади Орбан постда. Шу билан бирга, Европа кенгашининг навбатдаги режалаштирилган йиғилиши 2024 йил март ойида ўтказилиши керак.

ЕИ аввалроқ Венгрия учун маблағларни блокдан чиқарганди

Венгрия ЕИнинг Киевга макромолиявий ёрдам кўрсатишга уринишларига июн ойидан, бу ғоя Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан эълон қилинганидан буён тўсқинлик қилмоқда. ЕК режасига кўра, 2027 йилга бориб Киевга 33 миллиард евро кредит, яна 17 миллиард евро эса грант кўринишида ажратилади.

Орбан Украина раҳбариятидан Украинага илгари берилган ёрдам қандай сарфланганлиги тўғрисидаги ҳисоботни ҳам, Венгрия ҳисобига Европа Иттифоқи маблағларини ўтказишни ҳам талаб қилди – улар Венгрия суд тизимининг мустақиллигига шубҳа туфайли Брюссел томонидан музлатиб қўйилганди. Брюсселдаги саммит арафасида ушбу маблағнинг 10 миллиарди Венгрия учун ажратилди.

Бундан ташқари, Орбан Украина ҳукуматини юқори даражадаги коррупцияда айблади. ОАВ хабарларига кўра, у Мишелга Киевга маблағ ажратилиши ва Украинанинг ЕИга аъзолигига оид саволлар саммит кун тартибига киритилмаслигини талаб қилиб, бир неча хат ёзган. Шу билан бирга, Орбан охирги масала бўйича овоз беришда бетараф қолди ва мажлислар залини тарк этди.

Аввалроқ Венгрия бош вазирининг сиёсий маслаҳатчиси Будапешт Европа Иттифоқи Венгрияга тегишли барча маблағларни (тахминан 30 миллиард евро) блокдан чиқарса, Еврокомиссия таклиф қилган Украинага 50 миллиард евро миқдоридаги қўллаб-қувватлаш пакетидан ветони олиб ташлашга тайёрлигини маълум қилганди. Шу билан бирга, у Будапешт ҳамон Киевга ёрдам бериш бўйича тўрт йиллик режага қарши эканини ва Европа Иттифоқи Украинага бюджетга ўзгартиришларсиз бир йил муддатга маблағ ажратишни афзал кўришини таъкидлади.

Венгрия Россияга қарши янги санкциялар пакетини блокламади

15 декабрга ўтар кечаси мажлислар чоғида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари Украинада уруш олиб бораётгани учун Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакети бўйича келишиб олди, деб ёзади Reuters. Бироқ, Орбан янги чеклов чоралари бўйича келишувга тўсқинлик қилгани ҳақида хабарлар йўқ, гарчи у илгари буни қилган эди.

Шу билан бирга, саммит арафасида Австрия Киевдан Австриянинг Raiffeisen Bank International банк гуруҳини Украина Коррупцияга қарши кураш бюроси томонидан юритиладиган «халқаро уруш ҳомийлари» рўйхатидан чиқариб ташлашни талаб қилиб, Европа Иттифоқининг янги санкциялар пакетини киритилишига қарши чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид