Жаҳон | 19:52 / 02.01.2024
12990
12 дақиқада ўқилади

Япониядаги зилзила, ҳусийларга қарши иттифоқ, кенгайган BRICS — кун дайжести 

Янги, 2024 йилнинг дастлабки кунида ва шу сониягача хорижий давлатларда содир бўлган ҳодисалар, воқеалар ва баёнотлар билан таништирамиз.

 

Япониядаги зилзила

1 январ куни Япония марказидаги Ишикава ва Ниигата префектураларида 5.7, 6.1 ва 7.4 балли кучли зилзилалар содир бўлди.

Зилзиладан сўнг Япониянинг ғарбий қирғоқларида цунами хавфи эълон қилинди. Денгиз тўлқини кўтарилган бўлса-да, вайронкор цунами кузатилмади.

Зилзила туфайли Ишикава префектурасида кучли ёнғин ҳам келиб чиққан. Олов тураржой кварталлари ва тижорат объектларини қамраб олган. Кўплаб ўт ўчириш командалари оловни ўчиришга жалб қилинган.

Зилзила қурбонлари 45 кишидан ошган. Зилзила оқибатида Ишикава префектурасида 200 дан ортиқ уй ёниб кетди. 100 дан ортиқ бинолар қулаб тушди. Вайроналар остида 17 киши қолаётгани айтилмоқда. 

Ғазодаги вазият

Исроил ҲАМАСнинг жангларни 1 ойга тўхтатиб туриш таклифини рад қилди, деб хабар беради Ахиос агентлиги. ҲАМАС бунинг учун гаровдагиларни озод қилиш таклифини илгари сурганди. Бунга жавобан Исроил ҳам қўлга олинганларни озод қилиши кўз тутилганди.

Агентликнинг бу хабари замирида ҳақиқат бор-йўқлиги аниқ эмас. Чунки ҲАМАС ҳаракати Исроил оккупантларига қарши курашни тўхтатмаяпти. Ҳаракат Ғазо шимолидаги Ат-Туффа ва Ал-Дараж кварталларида олиб борган жангларнинг видеосини эълон қилди. Сўнгги 48 соат ичида Қассам мужоҳидлари ЦАҲАЛнинг ушбу кварталларга бостириб кирган 26 та техникасини ишдан чиқарган.

Давом этаётган бомбалашлар оқибатида Ғазодаги қурбонлар сони 22 мингга яқинлашган. Исроил агрессияси бошлангандан буён ҳалок бўлганлар сони 21 минг 978 кишига етган. Ярадорлар сони 57 минг 697 нафарни ташкил этмоқда, деган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. Биргина сўнгги сутка ичида 13 марта оммавий қирғин юз берган. 156 киши вафот этган, 246 киши яраланган.

Ғазо секторидаги 439 минг тураржойлардан 70 фоизи, қолган биноларнинг 50 фоизи ё тўлиқ вайрон қилинган ё сезиларли талафотга учраган, дейилади Wall Street Journal нашри ҳисоботида.

Вайрон қилинган бинолар қаторида қадимий масжидлар, Византия даврида барпо этилган черковлар, шунингдек, заводлар, тураржой бинолари, савдо марказлари, ҳотеллар, театрлар ва мактаблар бор.

Исроил бомбалашлари натижасида сув таъминоти, электр таъминоти ва соғлиқни сақлаш инфратузилмалари ҳам жиддий талафот кўрган.

Исроил аскарлари Ғазо секторида тасодифан ўзларининг 29 аскарини йўқ қилган. Уларнинг 18 нафари «дўстона ўт очиш» натижасида ўлдирилган. Қолганлари танк ва авиация зарбалари туфайли ҳалок бўлган. Шунингдек, бахтсиз ҳодисалар сабаб ўлганлар ҳам бор. 

Исроилдаги хавотир

Исроил ҳукумати Ҳаагадаги халқаро жиноят суди мамлакатни геноцидда айблашидан хавотирда.

Маҳаллий «Ҳаарец» нашрининг ёзишича, ушбу масала билан шуғулланаётган юқори мартабали юрист ЦАҲАЛ ҳукуматини, жумладан бош штаб бошлиғи Герци Ҳалевини бундан огоҳлантирган. Унга кўра суд Исроилга ўт очишни тўхтатиш тўғрисида буйруқ бериши мумкин ва Исроил бу буйруқни бажаришга мажбур бўлади.

Исроил армияси ва прокуратураси шикоятни ўрганишни бошлаган, ташқи ишлар вазирлигида ҳам масала муҳокама қилинган. Халқаро ҳуқуқ бўйича экспертларнинг фикрига кўра, жараён Исроил томонидан геноцид амалга оширилаётганини тасдиқлаши мумкин. Бу эса Исроил давлатининг сиёсий жиҳатдан изолцияга тушишига, компанияларга нисбатан санкциялар жорий этилишига олиб келади.

Шундай таҳдидларга қарамасдан, Исроил бош вазири Ғазодаги ҳарбий операция яна бир неча ойга чўзилиши мумкинлигини айтган.

«Ғалабага эришиш кўпроқ вақт талаб қилади. Уруш кўп ойлар чўзилиши мумкин. Менинг сиёсатим аниқ — урушнинг барча мақсадларига эришмагунимизча кураш давом этади», – деган Нетаняҳу.

Исроил бош вазири, шунингдек, унинг мамлакати «барча фронтлар»да жанг олиб бораётгани, Эронга қарши «ҳамма жойда ва барча усуллар билан» қарши туришини ҳам таъкидлаган.

Исроил қўшинларнинг бир қисмини Ғазо секторидан чиқариб, ҲАМАСга қарши аниқ мақсадли операцияларга урғу беради.

Яқин ҳафталар ичида Ғазони бешта Исроил бригадаси тарк этади. Лекин шунга қарамасдан урушнинг мақсадлари ўзгармайди. Гап Ғазони ҲАМАС назоратидан халос қилиш ҳақида бормоқда.

«Уруш мақсадларига етишиш кўпроқ давом этадиган қуролли ҳаракатларни тақазо этади. Биз бунга тайёрмиз»,— деган ЦАҲАЛ матбуот котиби, контр-адмирал Даниэл Ҳагари. 

Қизил денгиздаги вазият

Буюк Британия ва АҚШ Яман ҳусийчиларига зарба беришга тайёр — The Telegraph нашри.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ ва Британия қўшма баёнот тайёрламоқда. Бу Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужум қилаётган ҳусийчилар манзилига сўнгги огоҳлантириш бўлади.

Ҳусийчилар ҳам қараб ўтиргани йўқ. Улар ҳам АҚШга огоҳлантириш эълон қилди.

Яман қуролли кучларининг матбуот котиби Яҳё Сарий АҚШнинг ғарбий Осиёдаги ҳарбий базалари харитасини эълон қилди.

«Бугундан бошлаб сионист-американча душманларга қарши муросасиз уруш бошланади. Америка ҳарбий базалари бизнинг нишонимизга айланади», — деган Сарий.

Агар АҚШ ва унинг ғарблик иттифоқчилари чора кўрса, Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати АҚШнинг Ғарбий Осиёдаги базаларига ракета зарбаси беришга тайёр.

Ушбу баёнотлар фонида яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига тегишли ҳарбий катери ва АҚШга тегишли кема Қизил денгизда тўқнашган, деб хабар берди Sky News Arabia.

Бироқ «Ансоруллоҳ»даги манба ушбу хабарни рад этиб чиққан.

Бунгача АҚШ ҳарбий кемаси Қизил денгизда «Ансоруллоҳ»нинг 4 та катерига ҳужум қилган ва улардан учтасини йўқ қилган эди. 10 нафар ҳусийчи ўлдирилган.

Байден администрацияси мулозимлари ҳусийчиларга қарши уруш Эроннинг фойдасига ҳал бўлади, деб хавотирга тушиб қолишган.

Гарчи Пентагон «Ансоруллоҳ»нинг Ямандаги базаларига ракета ва дронлар воситасида ҳужум қилиш режасини тайёрлаган бўлса-да, Байден ҳукумати бу режанинг самарадорлигидан шубҳаланмоқда.

Оқ уйнинг олий мартабали мулозимлари бу ҳужумлар Эроннинг фойдасига хизмат қилиши, Яман ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимга таъсир қилишидан ташвишда.

Бироқ Байден ҳукуматидан жавоб зарбаси бўлмаслиги ҳусийчиларни янгидан янги ҳужумларга чоғлантиради, деяётган ҳарбийлар ҳам бор. 

Украина фронти

Урушни ўрганиш институти ҳисоб-китобларига кўра, агар Украина Қримни ва жанубий ҳудудларни озод қила олса, Херсон, Миколайив, Одессани тўғридан тўғри таҳдидлардан қутқарган бўлади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, айни пайтда фақат Мариупол шаҳри фронтдаги ягона йирик шаҳар бўлиб турибди ва уни озод қилиш юқори даражада тайёргарлик ва Украина мудофаа кучларининг тўлиқ сафарбарлигини тақозо этади.

Бу орада Норвегия Украинага қурол-яроғ ва мудофаа маҳсулотларини тўғридан тўғри сотишга рухсат берди. Норвегия шу йўл билан уруш бўлаётган давлатларга қурол-яроғ сотиш тўғрисидаги тақиққа истисно очди.

Канада эса Украинага қўшимча NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб берган. Володимир Зеленский Канада бош вазири Жастин Трюдога бунинг учун ташаккур билдирган.

Украина президенти Володимир Зеленский The Economist нашрига интервю бериб, бир қанча янги баёнотлар қилган.

«2023 йилда биздан дунё кутган нарсага эриша олмадик. Бироқ Путин ғолиб чиқяпти деган фикр — шунчаки алдамчи «сезги»дан бошқа нарса эмас», агар Украина мағлубиятга учраса, Путин урушни Ғарб томон яқинлаштириб олади. Путин ҳайвон сингари рақибининг қўрқишини сезади ва ғалаба қозонган тақдирда у Европа Иттифоқи, НАТО, эркинлик ва демократияларингга қўшиб сизларни кечки овқатга ямлаб юборади», — деган Зеленский.

Зеленский 2024 йилда Қрим, унинг кўпригининг йўқ қилиниши ва Қора денгиздаги урушлар асосий вазифа бўлишини таъкидлади.

«Бизнинг яқин мақсадларимиз Шарқни ҳимоя қилиш, Харкив, Днипро, Запорижжя, Херсон ва Миколайивни қутқариш», — деган Зеленский.

У Россиядан сулҳ музокаралари учун ҳеч қандай фундаментал қадам бўлмаётганини таъкидлаган. Агар Россия айрим Ғарб оммавий ахборот воситалари хабар қилаётганидек, тўқнашувни музлатиш истаги тўғрисида сигнал жўнатаётган бўлса, бу уларнинг одиллиги учун эмас, уларда ракета, ўқ-дорилар ва тайёргарлик кўрган қўшинлар етишмаётганидан бўлади, деган Зеленский. 

Шимолий Кореядан таҳдид

Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Ин меҳнат патрияси марказий қўмитаси йиғилишида чиқиш қилиб, армия Жанубий Кореянинг бутун ҳудудини босиб олиш учун тўхтовсиз тайёрланиши кераклигини айтган.

Унинг сўзларига кўра томонлар ўртасида ядровий можаро чиққан тақдирда, армия бутун кучларни, жумладан ядровий қуролларни ҳам сафарбар қилишга тайёр бўлиши керак.

«Корея халқ армияси ядровий кризис ҳолат пайдо бўлганида зудлик билан ҳаракат қилиш ҳамда барча куч ва воситалар, жумладан ядровий қуролли кучларни сафарбар қилиб, Жанубий Кореянинг бутун ҳудудини эгаллашдек йирик воқеага тўхтовсиз импулс бериши керак», — деган Ким Жонг Ин.

Август ойида Ким Жонг Ин КХДР армиясининг ҳужумкор қилиб тайёрланаётгани ҳақида чиқиш қилганди. Сентябр ойи бошларида Шимолий Корея ядровий қуролга эга янги сувости кемасини сувга туширган эди. 

Жанубий Кореяда сиёсатчига ҳужум

Шимолдан таҳдид бўлиб турганида жанубликлар ўз сиёсатчиларини йўқ қилиш билан банд.

Пусанда Жанубий Корея мухолифати етакчисига ҳужум қилинди. Демократик партия етакчиси Ли Жэ Мюнг журналистлар билан мулоқот қилиб турган вақтда ҳужумга учради. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган. Сиёсатчининг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Ли Жэ Мюнг 2022 йилги президентлик сайловида иштирок этиб, 47,83 фоиз овоз тўплаган эди. Консерваторлар партияси вакили бўлган Юн Сок Ёл эса 48,56 фоиз овоз билан президентга айланганди. 

Истанбулдаги митинг

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Фаластин билан бирдамликка бағишланган кенг кўламли акция ўтказилди. Акцияда камида 250 минг одам иштирок этган.

2024 йилнинг дастлкабки кунида ўтказилган оммавий марш «Фаластинга қўллов, жабрдийдаларга раҳм» шиори остида ўтказилган ва Исроил террори қораланган.

Акция доирасида ўн минглаб одамлар Галата кўпригидан юриш қилишган. Тадбир Туркия ёшлар фонди — TÜGVA шафелигида, миллий ирода платформаси ҳамда 300 дан зиёд нодавлат ташкилотлари иштирокида ўтказилган.

BRICS кенгаймоқда

1 январдан Эрон BRICS’нинг тўлақонли аъзосига айланди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлигининг вакили Носир Каноний айтиб ўтган.

Эрондан ташқари, ташкилотга 1 январдан Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эфиопия ҳам аъзо бўлган ва аъзолар сони 10 та давлатга етган.

Ташкилот янада кенгайиши мумкин. Венесуэла ҳам Россия, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон ва ЖАР томонидан таъсис этилган ушбу иқтисодий блокка 2024 йил давомида аъзо бўлишни мақсад қилганини таъкидлаган эди.

Аввалроқ Аргентинанинг янги президенти Хавиер Милей аввалги маъмурият BRICSʼга аъзо бўлиш учун берган аризани қайтариб олишини маълум қилган эди. 

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид