Жаҳон | 23:40 / 03.01.2024
10998
2 дақиқада ўқилади

Аргентина президенти Буюк Британияни Фолкленд оролларини қайтаришга чақирди 

Янги ҳукумат бу масала бўйича музокара бошлашни таклиф қилмоқда. 

Фото: EPA

Президент Хавиер Милей бошчилигидаги Аргентинанинг янги ҳукумати Лондонни Фолкленд оролларини (Малвин ороллари) қайтаришга ва бу масала бўйича музокаралар ўтказишга чақирди. 

«Бугун Буюк Британия томонидан Малвин оролларининг ишғол этилганига 191 йил тўлди. Аргентина ҳукумати ва жамияти Малвин ороллари устидан суверенитет ҳуқуқимизни талаб қилади», деди ҳукумат вакили Мануэл Адорни матбуот анжуманида. 

«Аргентина ҳукумати БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари қоидаларига мувофиқ, суверенитет масаласига ечим топиш имконини берадиган икки томонлама музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди», дейилади Аргентина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

«Аргентина ҳукумати Буюк Британия билан музокараларни қайта бошлаш учун қулай ишонч муҳитини яратиш мақсадида ўзаро манфаатли барча масалалар бўйича мазмунли ва конструктив мулоқотни ўз ичига олган муносабатларни сақлаб қолишни истайди», деб қўшимча қилди мамлакат ТИВ. 

Буюк Британия ва Аргентина ўртасидаги Малвин ороллари (Буюк Британияда Фолкленд ороллари деб аталади), шунингдек, Британиянинг Жанубий Жоржия билан Жанубий Сандвич ороллари учун уруш 1982 йил 2 апрелда бошланди ва 14 июнда Аргентина мағлубияти билан якунланди. Шундай бўлса-да, Аргентина ушбу ҳудудларни ўзиники деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид