Газланган шакарли ичимликларга солиқ: бу натижа берадими?
Ўзбекистонда таркибида шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларнинг 1 литр учун 500 сўм, энергетик ичимликлар учун эса 2000 сўм акциз солиғи жорий этилмоқда. Хўш, бундан мақсад ҳақиқатан ҳам соғлом турмуш тарзига ўтишни рағбатлантиришми? Агар шундай бўлса, бу чора кўзланган мақсадга эришишда ёрдам бера оладими?

Очиқ манбалардаги суратдан фойдаланилди.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган газланган ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилади. Бу – 2024 йил учун Давлат бюджети қабул қилиниши муносабати билан Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларда назарда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таркибида шакар ва бошқа турдаги ширинлантирувчи моддалар мавжуд алкоголсиз ичимликлар учун қўшимча солиқ киритиш бўйича тавсияси инобатга олинганини билдирган. Акциз солиғидан тушган маблағлар Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Бунга қўшимча равишда, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан, энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларнинг 1 литри учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи ҳам белгиланди.
Мақсад нима?
Дунё миқёсида “шакар солиғи” жорий қилинишидан асосий мақсад – аҳоли орасида ортиқча вазн ва семириш муаммосини камайтириш, қандли диабет касаллигига чалиниш ҳолатларининг ортиб бораётгани билан изоҳланади.
2014 йилда “Action on Sugar” томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 330 мл газланган ширин ичимликларнинг 79 фоизи олти ёки ундан ортиқ чой қошиқ шакарни ўз ичига олади. Бу – катталар учун ширинликнинг максимал суткалик дозасига тенг.
Бошқа бир тадқиқот натижаларига қарайдиган бўлсак, кунига бир ёки икки бутилка шакарли ичимлик ичиш қандли диабет ривожланиш хавфини 26 фоизга оширади.
Буюк Британиянинг нуфузли The Lancet тиббий журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, 2021 йилда дунёда қандли диабет билан касалланганлар сони 529 миллион киши бўлган бўлса, 2050 йилга бориб уларнинг сони 1,31 миллиардга етади. Қандли диабет билан касалланишнинг 49,6 фоизга ошиши эса семириш билан боғлиқ. Газланган ичимликларнинг организм учун қуйидаги хавфли оқибатлари мавжуд:
- Агрессивлик ва депрессиянинг кучайиши. 2020 йилда 11, 13 ва 16 ёшли 5147 нафар бола иштирокида ўтказилган тадқиқот газли ичимлик истеъмоли ва агрессивлик ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатган.
- Эрта қариш. Газли ичимликларда ишлатиладиган фосфат, шунингдек, бошқа кўплаб қайта ишланган озиқ-овқатлар қариш жараёнини тезлаштиради. Шунингдек, газли ичимликлар сурункали буйрак касаллигини келтириб чиқаради ва юрак-қон томир тизими учун ҳам зарарли.
- Саратон касаллиги хавфининг ортиши. 2019 йилда British Medical Journal томонидан 5-18 ёшгача бўлган 101 минг 257 нафар иштирокчи билан ўтказилган тадқиқот шакарли ичимликларни истеъмол қилиш саратон, хусусан, кўкрак саратони хавфини келтириб чиқаришини кўрсатган. Жумладан, кунига 100 мл қўшимча шакарли ичимликлар ичиш саратон хавфини 18 фоизга ошириши мумкин деган хулосага келинган.
- Юрак-қон томир касалликлари. Шакарли ичимликлар ва юрак-қон томир касалликларида ўлим даражаси ўртасидаги боғлиқлик бор. Ҳар куни истеъмол қилинган шакарли ичимликнинг ҳар бир қўшимча қисми юрак-қон томир касалликларидан ўлиш хавфини 10 фоизга оширади.
- Қандли диабет ривожланиш хавфининг ортиши. Шакарли ичимликлар иккинчи тоифа диабет ривожланиш эҳтимолини оширади. 2009 йилда Америка диабет ассоциацияси кунига бир ёки бир нечта газланган ичимликлар ичиш диабет хавфини 67 фоизга оширганини маълум қилган.
- Ортиқча вазн. 749 нафар катталар иштирокида 10 йил давомида ўтказилиб 2015 йилда якунланган тадқиқотга кўра, ҳар куни газли ичимлик истеъмол қиладиган одамларда қорин бўшлиғидаги семириш шакарли ичимликларни истеъмол қилишни тўхтатганларга қараганда деярли тўрт баравар юқори бўлади.
- Алцгеймер касаллиги хавфининг ортиши. 2020 йилда олимлар газли ичимликларни кўпроқ истеъмол қилиш деменция, Алцгеймер касаллиги ва инсултнинг барча шакллари хавфи ортиши билан боғлиқлигини аниқлаган.
- Тишлар ва жигарнинг шикастланиш хавфининг ортиши. Газланган ичимликлар тишларга зарар етказиши ва кариес, тиш эрозияси кучайишига олиб келиши мумкин. Мутахассислар газли ичимликлар ичилгандан кейин дарҳол тишларни ювмасликни тавсия қилган. Чунки кислота тишлар тузилишини юмшатиб, уларни тушиб кетишига мойил қилиб қўяди.
Кўриб турганимиздек, газланган ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш инсон организмида жиддий хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.
Ишламайдиган норма ва тасдиқланмаган лойиҳа
Айни вақтларга келиб дунёнинг кўпгина давлатларида энергетик ичимликларни сотишга турли қонуний чекловлар белгиланган. Бу борада Ўзбекистонда ҳам бир қатор тартиблар мавжуд. “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига кўра, энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак. Шунингдек, энергетик ичимликларнинг рекламаси:
- энергетик ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги;
- спортда ютуқларга эришган инсонларнинг тасвирини ўз ичига олмаслиги;
- энергетик ичимликларни истеъмол қилиш рекламадан фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.
Бундан ташқари, 18 ёшдан кичикларга энергетик ичимликларни сотиш тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига мувофиқ, ушбу қоидани бузган фуқаролар БҲМнинг 5 баробаридан 10 баробаригача, юридик шахслар эса 7 баробаридан 15 баробаригача жаримага тортилади.
Бироқ бу нормаларни амалиётга татбиқ қилиш борасида камчиликлар етарли даражада. Бирор дўконда ушбу маҳсулотни харид қилаётган инсондан ёши сўралгани, сотилмай олиб қўйилгани каби ҳолатларни деярли учратмаймиз. Мутахассислар бундай ичимликлар ўсмир болалар саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтиб келишади, аммо Ўзбекистонда бу борадаги истеъмолни камайтиришга қаратилган амалдаги тартиблар ҳар доим ҳам ишлайвермайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида 2022 йил 1 сентябрдан мактабларга 500 метрга яқин ҳудудларда шакарли, газланган ва энергетик ичимликлар ҳамда тез тайёрланадиган таомлар савдосини тақиқлаш кўзда тутилганди. Аммо бу номаълум сабабларга кўра қабул қилинмади.
“Ўсмирларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолмоқда. Масалан, 2017 йилда ўтказилган овқатланиш бўйича тадқиқотларга кўра, 5-19 ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида ортиқча вазннинг пайдо бўлиши ўғил болалар ўртасида 8,4 фоиздан 16,3 фоизга, қизлар ўртасида 11 фоиздан 17 фоизга, семизлик эса ўғил болаларда 2 фоиздан 5 фоизгача ва қизларда 1 фоиздан 3 фоизгача ўсди. Қизлар ўртасида нотўғри овқатланиш ва микроэлементларнинг етишмаслиги эса, келажакдаги ҳомиладорликнинг оғир асоратларига сабаб бўлади”, дейилганди қарор лойиҳасида.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, газланган ичимликлар учун акциз солиғи жорий қилишдан мақсад инсонлар саломатлигига қайғуришдан кўра, кўпроқ бюджетни тўлдириш учун қўшимча манба яратиш бўлгандек таассурот уйғотмоқда. Чунки бу борада мавжуд қонунчиликнинг амалиётга татбиқ қилинишида етарлича муаммолар бор. Бошқа бир ҳолатда эса ўсмирлар саломатлигини яхшилаш учун ишлаб чиқилган қарор лойиҳалигича қолиб кетган.
Бу борадаги халқаро тажриба қандай?
“Таркибида шакар ёки бошқа турдаги ширинлаштирувчи моддалар мавжуд бўлган ичимликларни солиққа тортиш дастлаб Белгия, Финландия, Франция, Венгрия, Ирландия, Латвия, Монако, Норвегия, Португалия ва Буюк Британия каби давлатларда жорий этилган ва ушбу амалиёт 2016 йилдан кейин бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалган. Бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакатларда мазкур турдаги ичимликлардан акциз солиғи ундириб келинмоқда. Бундай солиқ МДҲга аъзо давлатлар – Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбойжонда ҳам жорий этилган. Европа Иттифоқи мамлакатларида солиқ ставкаси ичимликларнинг бир литри учун 0,07 – 0,2 евро, Россияда 7 рубл (ёки 0,07 АҚШ доллари), Украинада 0,1 еврони ташкил қилади”, – дейилган акциз солиғи жорий қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасида.
Ўрганишларимизга кўра, дунёда биринчи марта шакарли газланган ичимликлар учун акциз солиғи 1930 йилда Данияда жорий қилинган, лекин 2013 йилга келиб, газланган ичимликларнинг ноқонуний савдоси авж олиб кетгани ортидан у бекор қилинган. Австралияда ҳам бу каби солиқ тури мавжуд ва ҳозирги кунда ҳукумат ичимликлардаги шакар миқдорини камайтириш устида ишламоқда. Мақсад – шакар миқдори паст ёки шакарсиз ичимликлар истеъмолини ошириш.
Мексикада ўтказилган тадқиқотлар эса “шакар солиғи”нинг жорий қилиниши истеъмол камайишига олиб келишини кўрсатган. Мамлакатда 2013 йил октябр ойида газланган ичимликлар учун солиқ жорий қилинади. Шундан сўнг, 2014 йилда мамлакатда газланган ичимликлар савдоси 6 фоизга камаяди, аксинча сув ва солиққа тортилмайдиган ичимликлар сотиб олиш ўртача 4 фоизга ошади.
Умуман олганда, кўплаб илмий марказлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар шакарли газланган ичимликлар учун солиқ жорий қилиниши истеъмолни камайтиради деган хулосани берган. Аммо баъзи тадқиқотларда бу етарли даражада самара бермаслиги, одамлар бошқа муқобил, солиқ солинмаган кўп калорияли маҳсулотларни истеъмол қилишни кўпайтириши келтириб ўтилади.
Янги солиқ нархларга қандай таъсир қилади?
Солиқ юкининг истеъмолчи ва сотувчига бўлиниши шакарли газланган ичимликлар нархининг эгилувчанлигига боғлиқ. Талабнинг нарх эгилувчанлиги таклифнинг нарх эгилувчанлигидан юқори бўлса, сотувчиларга солиқ юки кўпроқ тушади, агар таклифнинг нарх эгилувчанлиги талабнинг нарх эгилувчанлигидан юқори бўлса, асосий солиқ юки харидорларга тушади. Шу жиҳатдан, акциз солиғи нархлар ошишига қандай таъсир қилиши мумкинлиги мамлакатлар кесимида фарқ қилади. Шунингдек, солиқ юки турли ижтимоий қатламларга ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, Мексикада шакар солиғининг 63,7 фоиз юки энг қуйи ижтимоий гуруҳлар ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари қонун лойиҳасини кўриб чиқишда янги солиқнинг нархларга ва тадбиркорлик субъектларига таъсири, бу борада ўтказилган тадқиқотлар бор-йўқлиги ва янги солиқнинг бошқа эҳтимолий оқибатларини муҳокама қилмади.
Газланган ичимликларга акциз солиғи жорий қилиш керакми?
Иқтисодчи Валижон Тўрақуловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу турдаги ичимликлар учун акциз солиғининг жорий қилиниши умумий ҳолатда яхши, аммо ҳукумат одамларга муқобил арзон соғлом ичимликлар таклиф қилиши ва солиқнинг регрессив табиатидан қочиши керак.
“Умумий жиҳатдан олиб қараганда, бу ижобий. Масалан, айрим мамлакатларда тезкор овқатланиш тармоқлари учун семизлик солиғи (fat tax) жорий қилинган. Бундан мақсад – одамларда ортиқча вазн тўпланишининг олдини олиш мақсадида истеъмолни камайтириш. Аҳоли ўртасида семиришнинг кучайиши эса иқтисодиётдаги самарадорликнинг тушиб кетишига олиб келади. Агар Ўзбекистонда шакарнинг ўзига қўшимча солиқ жорий қилиниши керак дейилганида, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди ва кўп нарсанинг нархига таъсир қиларди. Истеъмолни камайтириш учун газланган ичимликларга солиқ солиниши ва ундан тушган маблағнинг Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши яхши жиҳат.
Шу билан бирга, ҳар бир нарсанинг иккинчи томони ҳам бўлади. Хусусан, газланган ширин ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган кичик бизнеслар бор. Ҳукумат уларга шакари кам ёки табиий ичимликлар ишлаб чиқаришга ўтиши учун ёрдам кўрсатиши керак. Шунингдек, одамларга газланган ичимликлар зарар эканини кўрсатувчи ижтимоий ҳаракатларни кўпайтириб, уларга табиий маҳсулотлардан тайёрланадиган бошқа алтернативлар таклиф қилиниши лозим.
Яна бир жиҳат, Cola ёки Pepsi каби ичимликларни асосан аҳолининг даромади кам қатлами истеъмол қилади, шу сабабли мазкур солиқ камбағалдан олиб бойга беришга ўхшаб қолиши мумкин ва буни регрессив солиқ деб атаймиз. Бунда камбағалларга солиқ юки кўп тушади, тақсимотида эса бойлар кўпроқ олади. Жамиятдаги иқтисодий тенгсизликни солиқлар орқали камайтира олиш жуда ҳам мушкул иш, лекин айнан солиқлар сабабли тенгсизликни кучайтириб юбориш жуда ҳам осон. Мана шу нарсага йўл қўйилмаслиги керак. Шунинг учун тўпланган маблағ кўпроқ камбағал аҳоли манфаатлари учун ишлатилиши керак.
Бундан ташқари, мана шу солиқнинг фойдаси қай даражада бўлиш ёки бўлмаслигини аниқлаш учун инсонлар соғлиғининг қай даражада ўзгаргани бўйича мониторинг олиб бориш лозим бўлади.
Хулоса қиладиган бўлса, бу умумий ҳолатда яхши ва кўп мамлакатларда бор солиқ. Лекин давлат кичик бизнесларни сақлаб қолиш учун уларга ёрдам қилиши керак бўлади. Одамларга эса бу каби ичимликлар қиммат бўлса, қандай арзон соғлом ичимликлар ичиш бўйича муқобиллар берилиши керак. Шунингдек, солиқнинг регрессив табиатидан қочиш керак ва доимий равишда ушби солиқ сиёсатининг салбий ва ижобий жиҳатларини ўз ичига олган тадқиқотлар олиб борилиши лозим”, дейди Валижон Тўрақулов.
Достон Аҳроров
Тавсия этамиз
Иш стажи етарли бўлмаса ҳам пенсия тайинланадими?
Ўзбекистон | 10:03 / 31.05.2025
Энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудуд маълум қилинди
Ўзбекистон | 11:34 / 30.05.2025
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?
Спорт | 11:37 / 29.05.2025
Чет эллик жангчилар, хусусан ўзбеклар Суриядан қувиладими?
Жаҳон | 21:35 / 28.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Минтақанинг хавотирли келажаги, қирғизларнинг сигаретга тақиқи ва кузатувчиларга ёпиқ Душанбе аэропорти
Жаҳон | 12:40
-
Курск областида ҳам кўприк қулади
Жаҳон | 11:21
-
NYT: Илон Маск Трампнинг сайловолди кампанияси вақтида гиёҳванд моддалар истеъмол қилган
Жаҳон | 09:00
-
Тожикистондан 16 кг гиёҳвандлик воситаси олиб келган шахсга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистон | 08:28
Мавзуга оид

14:27 / 09.12.2024
Миср Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш корхонасини қуради

15:55 / 05.11.2024
Ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди — тадқиқот

20:22 / 21.10.2024
Енгил касалликларни дори билан даволашга ўрганиб қолишнинг олди олинади

13:55 / 09.10.2024