Жаҳон | 08:10 / 09.01.2024
7013
2 дақиқада ўқилади

Исроил Сурияда ҲАМАС етакчиларидан бири ўлдирилганини маълум қилди

ЦАҲАЛга кўра, Ҳасан Акаше «сўнгги ҳафталарда Сурия ҳудудидан Исроилга ракета ҳужумларининг асосий ташкилотчиларидан бири» бўлган.

Фото: AMIR COHEN/REUTERS

Исроил мудофаа кучлари 8 январ, душанба куни Сурияда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи юқори мартабали аъзосини йўқ қилганини билдирди. Идорага кўра, Ҳасан Акаше «сўнгги ҳафталарда Сурия ҳудудидан Исроилга ракета ҳужумларининг асосий ташкилотчиларидан бири» эди. 

У Суриянинг Байт Жин ҳудудида йўқ қилинган, ЦАҲАЛ ҳозирча операциянинг бошқа тафсилотлари ҳақида хабар бермади. Идора матбуот хизмати Исроил «Сурия ҳудудидан террорчилик ҳаракатларига тоқат қилмаслигини» қайд этди. 

8 январ куни эрталаб Ливан жанубида исроилликларнинг зарбаси натижасида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг юқори мартабали қўмондони ҳалок бўлган эди. AFP манбасига кўра, Виссам ат-Тавил «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливан жанубидаги ҳарбий амалиётларини бошқаришда етакчи рол ўйнаган. Унинг ўлдирилиши Ғазо секторидаги уруш бутун Яқин Шарққа тарқалиши мумкинлиги бўйича хавотирларни кучайтирди, дейди агентлик манбалари. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид