Ўзбекистон | 15:30 / 10.01.2024
1469
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимида хусусий сектор иштироки кенгайтирилади 

Президентнинг «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан ушбу йўналишда ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг устувор йўналишлари белгилаб қўйилди:

• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва рақамлаштириш;
• ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш;
• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахсларнинг саломатлиги ва турмуш сифатини яхшилаш орқали уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш;
• ижтимоий ҳимоя тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
• ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб табақалаштирилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш.

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.

Марказ ўзгаларнинг парваришига муҳтожлик даражасини баҳолайди, индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш режасини тузади.

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталари) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади. 

Мавзуга оид