Жаҳон | 15:33 / 19.01.2024
20244
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги «Ватандош» ўзбек жамияти раҳбари устидан жиноий иш очилди

Москвада ўзбек жамияти раҳбари қўлга олинди, у тухум нархлари тўғрисида кинояли пост ёзганди. Россиялик ҳарбий мухбирлар унда Украинадаги уруш иштирокчиларига нисбатан ҳақорат кўришган ва Бастрикинга мурожаат этишган.

Фото: baratovusman / Instagram

«Ватандош» ўзбек жамиятининг Россиядаги минтақаларо бўлими раҳбари Усмон Баратовга нисбатан нафрат ва душманлик уйғотиш моддаси бўйича иш очилган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар бермоқда.

Иш очилишига Баратовнинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қўйган пости сабаб бўлган. Россия президенти Владимир Путин ва Россия Думаси спикери Вячеслав Володиннинг тухум ҳақида иқтибослари келтирилган ўша постга «хўрозни фронтдан қайтариш» тўғрисида мем илова қилинган.

Путин ўтган йил якуни бўйича ўтказилган «Прямая линия» онлайн мулоқотида тухум тақчиллиги ҳақида ҳазиломуз фикр билдирганди. Кейинроқ шунга ўхшаш гапни Володин ҳам такрорлади. Баратов бу гапларга илова қилган мемда пати тўкилган товуқ «Сизга тухум эмас, ёғлиққина бир бало бўлсин! Хўрозларни фронтдан қайтаринг» деб тургани акс этган.

17 декабрда ёзилган бу пост уруш тарғиботчилари бўлган россиялик блогерлар ғазабига сабаб бўлиб, уни урушда қатнашаётган россиялик ҳарбийларни камситиш деб қабул қилишди.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Баратовга нисбатан «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) иштирокчиларини ҳақорат қилиш айблови бўйича иш очишга топшириқ берган.

Усмон Баратовнинг бу ҳаракатини Россиядаги бошқа ўзбек жамиятлари, масалан «Россия ўзбеклари» жамияти қоралаб чиққан. Тергов қўмитаси хабарида айтилишича, Усмон Баратовни тергов қилиш учун Москвадаги бўлинмага олиб кетишган.

Урушни фаол тарғиб қилувчи «Царград» нашрига кўра, Баратов ўша постини ўзи ёзмагани, аккаунтини бузиб киришганини айтиб ўзини оқламоқчи бўлган. Кейин «ватанпарварлик руҳидаги» постлар қолдирган. Аммо россиялик блогер Сергей Колясников Баратов бунгача ҳам Россияга қарши ёзган постларни эринмай санаб чиққан. «Ёки бу постларни ҳам кимдир унинг саҳифасини бузиб кириб ёзганми?» деб савол қўйган «Царград» бу ҳақда.

Баратов ким ўзи?

Айни вақтда 66 ёшда бўлган Усмон Баратов Россия фуқароси бўлиб, Москва областида яшайди. Болалигида Фарғонадаги рус мактабда ўқиган. Афғон уруши фахрийси, Россия Давлат думаси еттинчи чақириғи сайловларида иштирок этган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид