Ўзбекистон | 17:27 / 25.01.2024
15293
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда канатли жамоат транспорти пайдо бўлиши мумкин

Хитой компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда дор йўли транспорти йўлга қўйилади. Бу бўйича икки томонлама инвестиция шартномаси имзоланди. Канатли таксиларни йўлга қўйиш борасидаги лойиҳа жамоатчиликка олдиндан тақдим этилиши режалаштирилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

23 январь куни Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация «Beijing North Bartholet Ropeway Technology» компанияси вакиллари билан учрашди. Пойтахт ҳокимлигининг хабар беришича, учрашувда «яшил» жамоат транспортини ривожлантириш дастурларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Учрашувда «Тошкент инвест компанияси» ва «Beijing North Bartholet Ropeway Technology» ўртасида инвестиция шартномаси имзоланган.

Таъкидланишича, Хитой компанияси Тошкент шаҳрида канатли жамоат транспортини йўлга қўйишда иштирок этади.

Ҳокимлик эълон қилган суратларда дор йўлининг Тошкент шаҳри «Маҳтумқули» кўчасидан Янги Ўзбекистон боғи томон қадар қурилганини кўриш мумкин. Дор йўлида йўловчиларга 10 кишини сиғдира оладиган кабиналар хизмат қилиши ҳам келтирилган.

Бу борадаги лойиҳа ер усти транспортини канатли таксилар билан дублёр такрорлашга қаратилган бўлиб, жамоатчиликка олдиндан тақдим этилиши режалаштирилган. Жамоатчилик тавсиялари ва таклифлари Хитой компанияси лойиҳа офисига юборилиши кутилмоқда.

Компания лойиҳанинг хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилишини ва операцион бошқарувини таъминлаши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, учрашувда компания мутахассислари томонидан шаҳар ривожи, аэропорт ва Expo марказининг ишга туширилиши, шунингдек, бўлажак халқаро тадбирларни ҳисобга олган ҳолда транспорт ҳолатини ўрганиш асосида таклиф этилган лойиҳалар намуналари кўрсатилган.

Мавзуга оид