Иқтисодиёт | 14:47 / 01.03.2024
19860
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”нинг газ қазиб чиқариш кўрсаткичи бу йил ҳам камаяди

“Ўзбекнефтгаз” 2024 йилда 29,3 млрд куб табиий газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Компаниянинг бу борадаги кўрсаткичлари кетма-кет 3 йилдан бери пасайяпти.

Фото: Ўзбекнефтгаз

2024 йилги давлат дастурида “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2024 йилда 29,3 млрд куб табиий газ қазиб олиши қайд этилган. Бунинг учун бир қатор геологик-техник тадбирлар амалга оширилади.

Хусусан, 95 та ишлатиш қудуғини бурғилаш, 81 та қудуқда мураккаб турдаги капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳисобига уларни ишлаб чиқаришга қайтариш чоралари кўрилади, 42 та технологик тадбирлар амалга оширилади.

“Ўзбекнефтгаз” газ қазиб олишни пасайтириб келмоқда

Компания 2021 йилда 33,9 млрд куб, 2022 йилда эса 32,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олган. Агар 2024 йилда 29,3 млрд куб метрлик прогнозни ҳисобга олсак, 3 йил ичида компания газ қазиб олишни 13,6 фоизга пасайтирган бўлади.

Ҳозирча 2023 йил учун рақамлар расман эълон қилинмади, аммо “Ўзбекнефтгаз” мазкур йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини ўтган йили 2 марта пасайтирди.

Аввалига, 2022 йил охирида компания расмийлари 2023 йилда 34,1 млрд куб метр газ қазиб олиш, жумладан, геология-қидирув ишлари ҳисобидан 1,8 млрд куб метр газ қазиб олиш режалаштирилганини айтганди. Аммо (2023 йил) феврал ойида прогноз 32,8 миллиард, августда эса 32,3 миллиард куб метргача қисқартирилди.

Компания раиси ўринбосари Беҳзод Усмонов буни конлардаги захираларнинг қисқариши бўйича қилинган прогнозлар ўзини оқламагани сабабли содир бўлгани билан изоҳлаганди. “Улар жадал суръатда қисқариб бормоқда”, деганди у.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайди

2024 йил январ ойида 4 млрд куб метр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг январига нисбатан 7,4 фоизга кам. Расмий статистика газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайганини кўрсатмоқда.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда 53,8 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 51,7 млрд кубга, 2023 йилда 46,7 млрд кубга тушган.

Умуман, кетма-кет беш йилдан бери Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи пасайиш тенденциясини намоён қилиб келяпти. Расмий статистика 2020 йил январида 10 фоиз, 2021 йил январида 4,4 фоиз, 2022 йил январида 2,4 фоиз, 2023 йил январида 7,5 фоиз, 2024 йил январида 7,4 фоиз тушишни қайд этган.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид