Ўзбекистонда газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайди
2024 йил январ ойида 4 млрд куб метр газ қазиб олинди, бу ўтган йилнинг январига нисбатан 7,4 фоизга кам. Расмий статистика газ қазиб олиш кетма-кет бешинчи йил пасайганини кўрсатмоқда.
Статистика агентлиги 2024 йил январ ойи учун саноат статистикасини эълон қилди.
Унга кўра, январда табиий газ қазиб олиш 3 млрд 994,6 млн куб метрни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 317,3 млн куб метрга ёки 7,4 фоизга пасайган. 2023 йилнинг январ ойида 4 млрд 311,9 млрд куб метр газ қазиб олинган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда 53,8 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 51,7 млрд кубга, 2023 йилда 46,7 млрд кубга тушган.
Умуман, кетма-кет беш йилдан бери Ўзбекистонда газ қазиб олиш кўрсаткичи пасайиш тенденциясини намоён қилиб келяпти. Расмий статистика 2020 йил январида 10 фоиз, 2021 йил январида 4,4 фоиз, 2022 йил январида 2,4 фоиз, 2023 йил январида 7,5 фоиз, 2024 йил январида 7,4 фоиз тушишни қайд этган.
Бошқа энергетика манбалари
Рақамлар ўтган ойда кўмир ишлаб чиқариш ҳам пасайганини кўрсатяпти. Хусусан, 2024 йил январ ойида 357,8 минг тонна кўмир ишлаб чиқарилган бўлса, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 57 минг тоннага камроқ.
Нефт ишлаб чиқаришда ҳам пастлаш кузатилди: жорий йил январда 60,5 минг тонна нефт ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йили 64,5 минг тонна бўлган. Нефт қазиб олишда 2023 йил илк ойида 4,4 фоизлик ўсиш қайд этилган бўлса, жорий йил январда 6,3 фоизлик пасайиш кузатилди.
Ёқилғи манбалари ичида газ конденсати ишлаб чиқаришда бироз ўсиш қайд этилди – 2,3 фоиз. 2024 йил январда 111,7 минг тонна, ўтган йилнинг мос даврида эса 109,4 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган.
Статистика агентлиги ҳисоботида келтирилишича, ишлаётган саноат корхоналари сони бир йил ичида 25 251 тага камайиб, 68 691 тани ташкил этган. Бу – охирги 5 йилдаги энг паст кўрсаткич. Шундай бўлса-да, саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми ўтган йилнинг январига нисбатан 16,6 га ўсган (2023 йилнинг илк ойи аномал совуқ сабабли энергетика инқирози билан ўтганди).
Ўтган йили январдаги аномал совуқ ва энергетика инқирозидан кейин Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида 2023 йилда газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш имконияти борлиги айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонда углеводород хомаёшсини кўпайтириш дастури амалга оширилган. 2022 йилдан бошлаб эса нефт ва табиий газ қазиб олувчи хусусий компаниялар учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи 2-3 баробарга пасайтириб берилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Россиядан газ импортини ошириш учун 500 млн доллар ажратмоқчи экани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
16:50 / 11.10.2024
Ўзбек компанияси Афғонистоннинг энергетика секторига 1 млрд доллар сармоя киритади
07:40 / 07.10.2024
"Заправка"да газ мавжудлигини кузатиш бўйича мобил илова ишга туширилади
18:52 / 06.10.2024
Қиш учун 5 млрд куб метрдан ортиқ газ омборларга жамланди — энергетика вазири
17:44 / 29.09.2024