Жаҳон | 14:13 / 26.03.2024
16181
7 дақиқада ўқилади

АҚШда Трампнинг рейтинги ошаётганига 3 та эҳтимолий сабаб

Коронавирус пандемияси, тартибсизликлар, сайлов натижаларини бекор қилишга бўлган уринишлардан кейин Доналд Трампнинг Америка жамоатчилиги олдидаги мавқейи анча тушиб кетганди. Лекин охирги пайтларда уни қўллаш даражаси кескин яхшиланди. Хўш, нега?

Трамп Оҳаё штатида чиқиш қилмоқда, 2024 йил 16 март / Фото: AFP

Икки марта импичмент қилинган, кўп марта турли масалаларда айбланган собиқ президент Доналд Трампнинг рейтинг даражаси охирги уч йил ичида барқарорлашиб, ҳатто айрим этник гуруҳлар, ёшлар ва ишчилар синфи орасида сезиларли даражада ошган.

New York Times нашри ва Siena коллежининг охирги сўровномасига кўра, Трампни қўллаб-қувватлаш даражаси 44 фоизни ташкил этган бўлса, унинг рақиби, амалдаги президент Жо Байденни сайловчиларнинг 38 фоиздан ошиқроқ қисми маъқуллаяпти. Байден ҳақидаги қарашлар тобора салбий томонга ўзгаряпти, Трамп ҳақидаги фикрлар эса яхшиланмоқда.

Агар рақамларга чуқурроқ назар ташланса, ушбу ўзгаришлар яққол кўринади. Масалан, Gallup томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Трамп 2023 йил охирига келиб 2020 йилги сайловлардан олдинги энг юқори қўллаб-қувватлов рейтингига эга бўлган.

Жумладан, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар орасида унинг рейтинги 2020 йил октябр ойида 42 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил январ ойида 28 фоизга тушиб кетган. 2023 йил декабр ойига келиб эса, бу кўрсаткич яна 42 фоизга кўтарилган. Худди шу ҳолат оқ танли бўлмаган америкаликлар орасида ҳам кузатилган: 2020 йил октябрда уларнинг 27 фоизи Трампни ижобий баҳолаган, бу кўрсаткич 2021 йил январ ойида 15 фоизга тушиб кетган бўлса, 2022 йил ноябр ойига келиб 28 фоизгача ошган.

Йиллик даромади 40 минг доллардан кам бўлган америкаликлар орасида ҳам Трампнинг рейтинги 2020 йил октябр ойида 37 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг январида 32 фоизга тушиб, 2023 йилнинг декабр ойига келиб 48 фоизга кўтарилган.

Бошқа сўровномаларда ҳам шунга ўхшаш тенденциялар кузатилган. Vox нашри собиқ президентни қўллаб-қувватловчилар сони ортиб бораётганини учта омил билан боғлаб, таҳлил қилди.

1-эҳтимолий сабаб: Америкаликлар Трамп даврини иқтисодий носталгия билан эслаяпти

Пандемия тўлқини пасайганидан кейин, иқтисодиёт Байден даврида асосий диққат марказидаги мавзу бўлди. Бу барча сайловчилар учун, айниқса, қора танлилар, Лотин Америкасидан келганлар ва ишчилар синфига кирувчи америкаликлар учун жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Тўрт йил аввал Трамп пандемиядан олдин гуллаб-яшнаётган иқтисодиётни қайта сайланиш компаниясининг марказий нуқтасига айлантирган эди. У ҳозир ҳам шу омилни Байденни танқид қилишдаги асосий аргумент сифатида ишлатмоқда. Инфляция, фоиз ставкаларининг ошиши ва Covid'дан кейинги қайта тикланиш ҳақидаги мужмал фикрлар Байден ва демократларнинг энг катта камчиликларидан бири бўлиб қолмоқда.

New York Times/Sieana'нинг охирги сўровномасидан маълум бўладики, қора танли сайловчилар иқтисодиёт ҳақида оқ танлилар каби ёмон фикрда, этник лотин америкалик сайловчилар эса буни янада ёмонроқ ҳис қилишган. Шунингдек, 30 ёшдан кичик сайловчилар иқтисодий ҳолат ёмонлашганини катта ёшдаги гуруҳларга қараганда кўпроқ ҳис қилган. Оқ танли сайловчиларнинг 73 фоизи иқтисодиётдаги ҳолатни “ўртача” ёки “ёмон” деб баҳоласа, қора танли сайловчиларнинг 74 фоизи ва этник лотин америкаликларнинг 84 фоизи шундай фикрда. Ёши катталар орасида мазкур кўрсаткич 86 фоизни ташкил этади ва бу 30 дан 44 ёшгача бўлганлардан 8 фоизга юқори.

Ўз навбатида иқтисодиётнинг ҳозирги ҳолати пандемия бошланишидан олдинги ҳолатга қараганда ёмонроқ эканини қайд этганлар 30 ёшгача бўлганлар орасида 71 фоизни, 30 дан 44 ёшгача бўлганлар орасида 65 фоизни, 45 дан 64 ёшгача бўлганлар орасида 62 фоизни ва энг кекса сайловчилар орасида 63 фоизни ташкил этган.

Умуман олганда, америкаликлар Байденнинг президентлиги давридаги иқтисодиётни Трамп давридагидан ёмонроқ деб ҳисоблашмоқда.

2-эҳтимолий сабаб: Трампнинг рейтинги жуда паст нуқтадан қайта тикланди

Сайловнинг сиёсий оқибатларидан бири – мамлакатни деярли икки қисмга бўлиб қўйиши бўлади. Ҳар бир томон бошқасига нисбатан салбий қарашда бўлади. Президентликни қўлга киритган шахс олдига мамлакатни бирлаштириш вазифаси қўйилади.

Трамп президентлик даврини анча паст рейтингларда ўтказди. Коронавирус пандемияси, норозилик ва тартибсизликлар, сайлов натижаларини бекор қилишга бўлган уринишлар фонида унинг қўллаб-қувватлов даражаси лавозимини тарк этиши олдидан тушиб кетганди. 6 январ воқеалари эса Трампнинг Америка жамоатчилиги олдидаги мавқейини жуда ҳам паст нуқталаргача пасайтирди.

  • 2021 йил 6 январ куни Капитолий биносида АҚШ тарихида мисли кўрилмаган ғалаён юз берди. Қонунчилар 2020 йил ноябрда ўтган сайловда Жо Байден ғалаба қозонганини расман тасдиқлаш учун йиғилган бир пайтда Трамп тарафдори бўлган минглаб намойишчилар Конгресс биносига бостириб киради. Полициячи ва журналистлар ҳужумга учрайди, қонунчилар офислари вайрон қилинади.
  • Исёндан сўнг республикачиларнинг ўзи ҳам Трампга қарши чиқа бошлайди. Pew Research Center таҳлилларига кўра, Капитолий воқеасидан кейин Трампни маъқуллаш рейтинги 29 фоизгача тушади, бу 2020 йилнинг августидаги сўровномадан 9 фоизга паст.

6 январ воқеалари ва пандемия давридаги сиёсатдан норозилик хотираларининг эсдан чиқа бошлагани, Трампга қўйилган турли хил айбловлар ортидан республикачиларнинг унинг атрофида бирлашгани собиқ президент рейтингининг тикланишида муҳим фактор бўлган.

3-эҳтимолий сабаб: Нисбатан сокинроқ сайлов кампанияси

Трампнинг яхшиланган рейтинги камроқ диққат марказида бўлаётгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. У сайловолди ташвиқотини бошқача олиб бормоқда, оммавий ахборот воситаларида камроқ кўриниш беряпти. Бу 2016 ва 2029 йиллардаги компаниядан фарқ қилади.

Gallup сўровномаларига кўра, 2023 йилда америкаликлар орасида миллий сиёсатни “жуда диққат билан” кузатадиганлар улуши 32 фоизга тушган. Бу кўрсаткич 2020 йилда 42 фоиз ва 2021 йилда 38 фоиз бўлган. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги Трамп ва Байден яна ўз партияларининг номзодлари бўлиб қолишини кутмаган.

Трамп 2023 йилдаги суд жараёнларини инобатга олмаса, аввалгидек фаол бўлмади. Twitter'даги ҳар хил изоҳлари ва тартибсиз матбуот анжуманларидаги иштирокини чеклади.

Американинг Vox нашри Трампни қўллаб-қувватловчилар сони ошиб бораётганини юқоридаги уч омил билан изоҳлайди. Эслатиб ўтамиз, президентлик сайлови шу йил 5 ноябр куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид