Жаҳон | 12:25 / 26.03.2024
19187
7 дақиқада ўқилади

Сталиннинг “опа-сингиллари” АҚШдан илҳомланганми?

Сталин топшириғи билан қурилган Москвадаги маҳобатли бинолар еттилиги Ню-Йорк архитектурасидан кўчирилгани ҳақида гаплар юради. Лекин бундай осмонўпар иморатларнинг аналогларини дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам учратиш мумкин. Тошкент марказида қурилиши режалаштирилаётган янги меҳмонхона ҳам шу меъморий услубга хос.

Бундан бир неча ой олдин Истанбулдан Москвага учаётган самолёт журналида Москвадаги “Сталин осмонўпар бинолари” ёки “Етти опа-сингил” деб аталувчи маҳобатли бинолар еттилиги лойиҳалари АҚШ архитектурасидан ўғирлангани ҳақидаги қизиқ бир мақолани ўқиб қолдим.

Ундан кўп ўтмай, Ҳиндистонга қилган сафаримизда Мумбай шаҳрида ҳам шундай меъморий услубда қурилган “Eros cinema” биносига кўзим тушди.

Ҳайрон бўлдим. Агар собиқ иттифоқ ўша мақолада айтилганидек АҚШдан бу лойиҳаларни ўғирлаган бўлса, худди шунга ўхшаш архитектура Ҳиндистонга қаердан келиб қолди? Бошқа ишлар билан чалғиб, бу саволга жавоб топишни унутибман.

Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги собиқ биноси ўрнида қурилиши мўлжалланаётган “Radissan Blu” меҳмонхонасининг суратлари яқинда ижтимоий тармоқларда яна бир тарқалгач, ўша эсдан чиқиб қолиб кетган қизиқ саволлар яна қайта туғилди. Чунки бу меҳмонхона лойиҳаси ҳам айнан Сталиннинг “опа-сингиллари”га жуда ўхшайди.

Ню-Йорк, Москва, Мумбай, Тошкент. Хўш, ким кимдан кўчирган ёки илҳомланган?

СССР хазинасини “чарчатган” Сталин осмонўпарлари

Ўтган асрнинг 40-йиллари охирларида Москванинг турли нуқталарида меъморий ечимлари бир-бирига ўхшаш бўлган 8 та осмонўпар бинолар қурилиши бошланади. Бу билан Сталин собиқ иттифоқнинг куч ва тараққиётини намойиш этиб, иттифоқ ҳеч кимдан кам эмаслигини дунёга кўз-кўз қилмоқчи бўлади. Бироқ сиёсий мақтанчоқлик оқибатида ўша йилларда Москвадаги уй-жой қурилишлари кўлами кескин камайиб, секинлашиб қолади. Чунки қурилиш харажатларининг асосий қисми шу биноларга сарфланарди. Бу эса давлат ғазнасини анчагина “чарчатиб” қўяди.

Самолёт бортидаги мен ўқиган журналда шундай дейилганди:

1953 йил. Бугунги Москва давлат университети, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Қизил дарвоза маъмурий биноларининг фойдаланишга топширилишида иштирок этиш учун келган собиқ иттифоқ раҳбари уларнинг АҚШ осмонўпарларига жуда ўхшаш бўлиб қолганидан норози бўлади ва қандай бўлса ҳам биноларни ўзгартириб, уларга “советча руҳ” бериш бўйича меъморларга топшириқ юклайди.

Ҳақиқатан ҳам уларнинг архитектураси кичик элементларигача 30-йилларда Ню-Йоркда қурилган Empire State Building ва Chrysler Building иншоотларига жуда ўхшаш эди. Бу “ўғирлик” эса Сталиннинг жаҳлини чиқаради. Чунки ўзи Қўшма Штатларга кўз-кўз қилиш учун қурилаётган бинолар уёқникига ўхшаб қолса, собиқ иттифоқнинг кулгига қолиб кетиши тайин эди.

Қурилишлар якунланган, унга катта ўзгартиришлар киритиш эса амримаҳол: бу қўшимча вақт ва бюджетдан яна катта харажатларни келтириб чиқарарди. Шу сабабли архитекторлар ўйлай-ўйлай биноларнинг марказий қисмидаги миноралар учига собиқ иттифоқ рамзи бўлган беш қиррали юлдузларни ўрнатиб чиқиш билан ечим топгандек бўлишади. Бундан Сталин қониқадими-йўқми, энди бунинг қизиғи йўқ эди. Чунки у ўша йили 5 март кунида вафот этади.

Шу билан саккизтадан еттитаси қурилишга улгурган Сталин осмонўпарлари даври тугайди. Ва лойиҳадаги 8-бино – “Россия” меҳмонхонаси қурилиши чала қолиб кетади. Ва ундан сўнг Хрушёв даврида бутун дунё “ўта зерикарли ва оддий” дея баҳолайдиган советча бинолар қурилиши бошланиб кетади”, – дейилганди мақолада.

Тўғри, Сталин қисман мақсадига етади, чунки ундан қолган осмонўпар иморатлар 90-йилларгача Европанинг энг баланд бинолари сифатида баҳоланиб келади.

Лойиҳа ростдан ҳам кўчирилганмиди?

Бу жуда баҳсли савол. 50-йилларгача собиқ иттифоқда бу турдаги иншоотлар умуман қурилмагани, “7 опа-сингил” биноларининг 1920–1930-йилларда қад ростлаган АҚШ осмонўпарларига жуда ўхшашлиги кўчиришлар бўлгани эҳтимолини оширади. Чунки СССР даврида нафақат қурилиш, балки саноат ва илм-фанда ҳам иттифоқдаги кўплаб ихтиролар ғарбдан нусхаланганини инкор қилиб бўлмайди.

Аниқлаштирадиган бўлсак...

Бошқа маълумотларни кўриб чиқамиз. Биз сўзлаётган бинолар “арт-деко”, яъни “декоратив санъат” услубида қурилган бўлиб, бу имзо аслида АҚШники ҳам эмас. Ёрқин ранглар, юқори геометрик аниқлик, ўзига жалб қилувчи ҳашаматли безаклар ва маҳобатли кўринишни ўзида жамлаган бу меъморий йўналиш 1900-йилларнинг бошида Францияда пайдо бўлади ва Иккинчи жаҳон уруши давригача Европада гуллаб-яшнайди.

Ҳиндистоннинг Мумбай мегаполисидаги биз учратиб қолган арт-деко – “Eros cinema” иншооти ҳам 1938 йилда қурилганини ҳисобга олсак, бу услуб ўша даврда оламшумул урфга айланганидан дарак бериши мумкин. Собиқ иттифоққа эса бу меъморий анъана бироз кечроқ, яъни Иккинчи жаҳон урушидан кейин кириб келади. Баъзи манбалар уларнинг кўчирилганини ёзса, баъзилари умумий архитектура тенденцияларидан илҳомланиб яратилганига урғу беришади.

Бошқа шаҳарларда ҳам қурилган

Умуман олганда, шаҳарларда ўзининг ҳайбати билан бошқа иншоотлардан ажралиб турадиган декоратив санъат бинолари бугун фақатгина Москвада эмас, балки дунёнинг кўплаб бошқа давлатларида ҳам шаҳарлар кўркига кўрк қўшиб турибди.

Буларга Варшавадаги маданият ва фан саройи (1955), Ригадаги Фанлар академияси (1961), Бухарестдаги эркин матбуот уйи (1956), Прагадаги “Дўстлик” меҳмонхонаси (1954) ва Остонадаги Триумф минорасини (2006) мисол қилиш мумкин.

ДХХнинг собиқ биноси ўрнида арт-деко

Ана энди Тошкентимизга қайтсак. Давлат хавфсизлик хизматининг пойтахт марказидаги собиқ биноси ўрнига тушиши режа қилинаётган “Radissan Blu” меҳмонхонаси ҳам арт-деко услубида бўлиши кутиляпти.

Ҳар ҳолда тарқалган суратлардан шундай хулоса қилса бўлади. Иншоот лойиҳачилари бошқа давлатларнинг декоратив санъат намуналаридан илҳомланганми, буниси бизга қоронғи. Аммо шуниси аниқки, Москвадаги “Radissan Blu” (аввалги “Украина”) меҳмонхонаси биноси ҳам сталинча арт-деколардан бири ҳисобланади.

Сардорбек Усмоний

Мавзуга оид