22:10 / 17.05.2024
6343

17 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тошкентда 15 суткага қамалган исроиллик безори, Флоридада 19 йилга қамалган ўзбекистонлик педофил, ҳайфсан билан қутулган фарғоналик оғзи шалоқ раҳбар — кун давомида сайтимизда ёритилган Ўзбекистон янгиликларини таништириб ўтамиз.

Тошкентда исроиллик безори қамалди

Тошкентдаги меҳмонхонада кечаси безорилик қилган ва баланд овозда мусиқа қўйган Исроил фуқароси 15 суткага қамалгани маълум бўлди. Воқеа 16 апрелда рўй берган.

Тунги соат 22:30 да «Malika» меҳмонхонаси ходими Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, мижоз фуқаролар тинчини бузаётганини маълум қилган. Ички ишлар ходимлари етиб келиб ҳуқуқбузарликни расмийлаштирган. Аризасида мижоз тунда баланд овозда мусиқа қўйгани, меҳмонхонада сигарет чеккани, шунингдек, маст ҳолатда кичик ҳожатини чиқаргани ёзилган.

Судда ҳуқуқбузар мижоз айбига иқрор бўлган. У ўша спиртли ичимлик истеъмол қилгани, Ўзбекистонга зиёрат учун келгани, меҳмонхонага етган зарарларни қоплаб бериши, қилган ишидан пушаймонлигини айтган.

Суд қарори билан Александер Ҳаустав Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги майда безорилик, маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Оғзи шалоқ раҳбарга ҳайфсан

Безорилик қилган исроиллик фуқаро қамалган бўлса, ходимларини сўккан Фарғона вилояти кадастр бошлиғи ҳайфсан билан қутилиб қолди.

3 май куни бўлиб ўтган йиғилишда асабларини жиловлай олмасдан, қўл остидаги ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган Фарғона вилояти кадастр бошқармаси бошлиғи Нодир Машрапов ҳайфсан олди.

«Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва бу каби хатога йўл қўйилмаслик юзасидан тизимдаги барча ташкилот ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди», дейилади Кадастр агентлигининг расмий муносабатида. 

АҚШда ўзбекистонлик педофил 19 йилга қамалди

АҚШнинг Флорида штати суди мамлакат ҳудудига болаларга нисбатан жинсий зўравонлик материалларини олиб кирган Ўзбекистон фуқароси Султон Нуриевга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У жазони ўтаб чиққач, умрбод назоратда ҳам бўлади.

Маълум бўлишича, Султон Нуриев 2022 йилнинг 13 январида Орландодан Тошкентга келиб, 20 февралида яна Тошкентдан Орландога учиб борган.

Чегарани кесиб ўтаётганида унинг мобил телефонини АҚШ божхона ва чегара хизмати ходими текширган. Телефондан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик акс этган тасвирлар топилган.

Экспертизада Нуриев Ўзбекистонда бўлган чоғда интернетда ўзини 12 ёшли бола сифатида таништириб, вояга етмаган қизларни шаҳвоний суратлар олишга ва уларни ўзига юборишга ундаб келгани ҳам маълум бўлган. 

Машина юкхонасидаги болакай

Фарғона вилоятида бола ўғрилари пайдо бўлгани тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Бунга сабаб — ижтимоий тармоқларда Қўқонда ёш бола машина юкхонасига солингани акс этган видео тарқалгани сабаб бўлган.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бу хабарлар асоссиз эканини маълум қилди ва воқеа бўйича суриштирув якунларини эълон қилди.

14 май куни Қўқон шаҳар Обод юрт кўчасида яшовчи вояга етмаган бола шу маҳаллада турувчи қўшнисининг уйи ойнасига тош отиб синдирган. Буни кўрган қўшни болани қўрқитиб қўйиш мақсадида уни ўзига тегишли Nexia-2 юкхонасига солиб автомашинани ҳаракатлантирган.

Шу пайтда боланинг онаси кўчага чиқиб, машинани тўхтатиб, ўз боласини машинадан тушириб олган ҳамда ўртада ўзаро жанжал келиб чиққан.

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан майда безорилик учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига юборилган.

Тошкент ҳавоси яна ифлосликда етакчи

Пойтахтимиз Тошкент яна ҳаво ифлослиги бўйича дунёдаги етакчи ўринларга чиқиб олди. Қиш фаслида иссиқлик электр станциялари ва иссиқхоналарда ёқилаётган кўмир ва мазут асосий сабабчи қилиб кўрсатилди. Кунора ёмғир ёғиб турган намчил баҳорда бунга нима сабаб бўлаётгани қизиқ?

17 майда Тошкент ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 4-ўринни эгаллаб турибди.

IQAir порталига кўра, эрталаб соат 08:15 да пойтахт ҳавосида майда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси бир метр кубига 160 микрограммни ташкил этган ва бу «зарарли» таснифдаги кўрсаткич ҳисобланади.

Рейтингда 1-ўринни 215 микрограмм билан Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри эгаллаган. Покистоннинг Лоҳур шаҳри — 188, Конго пойтахти Киншаса шаҳри учликни якунлаб берган — 174 микрограмм.

Рейтингдаги топ ўнталикдан, Жакарта, Катманду, Чэнгду, Кампала, Дакка ва Ҳаной каби донг ва чанг таратган шаҳарлар ўрин эгаллаган.

Top