20:34 / 24.05.2024
5303

24 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Ҳарварддаги илк ўзбек фан доктори, Путиннинг ташрифи, Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар — Ўзбекистонда 24 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз.

Ҳарвардаги илк ўзбек фан доктори

Дастуримизни хушхабар билан бошлаймиз. АҚШнинг Ҳарвардда университетида докторлик диссертацияси ёқлаган илк ўзбекистонлик олим — иқтисодчи Ботир Қобилов бўлди.

Иқтисодчи Ботир Қобилов аввалроқ АҚШнинг Дюк университетида иқтисодиёт магистри даражасини олган. У Uzbekonomics Telegram-канали муаллифи, шу номдаги подкастлар ҳаммуаллифи ҳисобланади.

Қобилов жамоатчилик фаоли сифатида қатор мавзуларда ўз мулоҳазаларини билдириб келади. Жумладан Kun.uz сайти орқали ҳам чиқишлар қилиб туради. 

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 26–27 май кунлари Ўзбекистонда бўлади. Бу Путиннинг янги муддатга сайланганидан сўнг Хитой ва Беларусдан кейинги учинчи хорижий сафари бўлади.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида бир нечта ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

21 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Унда Путиннинг Ўзбекистонга кутилаётган давлат ташрифи ҳам муҳокама қилинган. 

Россияда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди

Россиянинг Москва областида юз берган ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди.

Истра тумани Падиково қишлоғида ёниб кетган ҳостелда 20 га яқин хорижлик фуқаролар яшаган, улардан 11 нафари ўзбекистонлик бўлган. Ёнғин оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, ҳозирда уларнинг шахси аниқланмоқда.

Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.

Вазият Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси назоратида экани хабар қилинмоқда. 

Ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда

Ўзбекистонда 2024 йилнинг январ-апрел ойларида тирик туғилган чақалоқлар сони 274,5 минг нафарни ташкил этган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жами тирик туғилган чақалоқларнинг жинси бўйича тақсимланиши қуйидагича:

ўғил болалар − 142,4 минг нафар;

қиз болалар − 132,1 минг нафар.

Яъни 2024 йилнинг дастлабки 4 ойида ўғил болалар қизалоқларга нисбатан 10 мингдан кўпроқ туғилган.

2024 йилнинг январ-феврал ойларида республика бўйича 3208 марта эгизак чақалоқлар туғилгани қайд этилган. 

Меҳнат миграцияси учун имкониятлар

Хорижий компаниялар ўзбекистонлик ишчиларни кафолатланган иш ўринларига жалб қилиши давом этмоқда. Масалан, Латвия ўзбекистонлик юк машиналари ҳайдовчиларини ишга олишни режалаштирмоқда.

Латвиянинг Kreiss транспорт-логистика компанияси раҳбари Дмитрий Чебаевский билан Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Тимур Раҳмонов учрашган.

Томонлар транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш, кадрлар танлаш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва мамлакатимизда ихтисослаштирилган ўқув марказларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишган. Kreiss компанияси ўзбекистонлик юк машиналари ҳайдовчиларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб этишга қизиқиш билдирган.

Россиянинг Новосибирск шаҳридаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Восход" акциядорлик жамияти Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда ишга таклиф этмоқчи.

Россиядаги консулхонамиз ходимлари ва компания вакиллари учрашувида мазкур ташкилотнинг хорижий ишчилар билан ишлаш тажрибаси, ташкилий тарзда бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш масаласи бўйича фикр алмашилган.

Россия томони жалб этилган ишчилар расмий тарзда ёлланиши, уларнинг овқат ва яшаш харажатлари қопланиши, тиббий кўрикдан ўтиш ва ойлик маошлар ҳақида батафсил айтиб ўтди. 

Касб-ҳунарга немисча ўқитиш

Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитишнинг Германия модели жорий этилиши мумкин. Германия юк машинаси ҳайдовчиси, ҳамширалик, саноат ва гастрономия каби соҳалар учун хориждан 130 мингдан ортиқ ишчи кучини жалб қилмоқчи.

Бандлик вазирлиги хабарига кўра, вазир Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Германияда бўлиб, 32 та йирик иш берувчилар билан давра суҳбати ўтказилди.

Унда вақтинча хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни Европанинг ривожланган давлатига ишга юбориш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Германияда ташқи ишчи кучига эҳтиёж ортиб бораётгани ва мавжуд талабдан келиб чиқиб, бу давлатда ишлаш истагидаги фуқароларга немис тилини ўргатиш учун шарт-шароитлар яратиш, касб-ҳунарга ўқитишнинг немис моделини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билдирилди. 

Автоҳалокатлар

Тошкент туманида тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Toyota Prado машинасининг 31 ёшли ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишдан келаётган Cobalt, Damas ва Spark автомобиллари билан тўқнашув содир этган.

Оқибатда, Toyota Prado ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган. Қолган ҳайдовчилар туман марказий шифохонасига олиб борилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси трактор бошқариб, поезд билан тўқнашган. Тўқнашув натижасида тракторни бошқараётган ўқувчи ҳалок бўлган.

Жиззахда катта тезликда келаётган тез ёрдам машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 48 ёшли аёлни уриб юборган. Воқеа оқибатда аёл оғир тан жароҳатлари олган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. 

Top