Жаҳон | 22:25 / 24.05.2024
3548
2 дақиқада ўқилади

UNICEF Ғазодаги шифохонада чақалоқлар ўлим таҳдидга дуч келганидан огоҳлантирди

Ёқилғи мойлаш маҳсулотлари етишмаслиги сабабли Ғазодаги “Ал-Ақсо шаҳидлари” ҳоспиталида фалокатли вазият вужудга келгани айтилмоқда.

Фото: Anadolu agency

Ғазо секторидаги “Ал-Ақсо шаҳидлари” шифохонасида 20 дан зиёд янги туғилган чақалоқларнинг ҳаёти тиббиёт муассасаси тўлақонли фаолият кўрсатиши учун ёқилғи маҳсулотлари етишмаслиги туфайли таҳдид остида қолган. Бу ҳақда БМТнинг болалар фонди UNICEF баёнот берди, деб хабар қилмоқда Anadolu агентлиги.

«Ғазонинг Дайр-ул-Балаҳ шаҳрида жойлашган “Ақсо” касалхонасига ёқилғи маҳсулотларининг мунтазам етказишнинг имконияти бўлмаётгани сабабли кислород генераторлар ўчиб қолиши мумкин. Бу эса барокамерада жойлашган 20 дан ортиқ чақалоқларнинг ҳаёти хавф остида қолишига олиб келади», — дейилади фонд баёнотида.

БМТ ташкилотидагиларнинг қайд этишларича, экславга ёнилғи маҳсулотларининг етказилиши ҳамон фавқулодда паст даражада қолмоқда.

Баёнотда қайд этилишича, Ғазога етказилаётган ёнилғи маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва уни етказиш учун зудлик билан хавфсиз йўлаклар ташкил этилиши керак. UNICEF’дагиларнинг огоҳлантиришича, фақатгина шу йўл билан ҳуманитар миссия ходимлари ўз мажбуриятларини бажариш имкониятига эга бўлишади.

“Ал-Ақсо шаҳидлари” шифохонаси маъмуриятининг хабарига кўра, касалхонада тиббий хизматлар ёнилғи етишмаслиги туфайли тўхтатилиши мумкин. Пайдо бўлган вазият туфайли касалхонадаги 1200 га яқин беморлар ва ярадорлар ўлим хавфига дучор бўлишмоқда.

Аввалроқ Ҳаагадаги БМТ Халқаро суд Исроил зиммасига Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумни зудлик билан тўхтатиш мажбуриятини юклагани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид