21:49 / 10.06.2024
6483

10 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Бухородаги далаларга чигиртка ёпирилди, Қашқадарёда фермер ғалла ўришига монелик қилинди, Навоийда эса 6 кишининг ўлимига сабабчи бўлган даҳшатли автоҳалокат содир бўлди.

Чигиртка ҳужуми юз бермоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қатор ҳудудларига чигиртка ёпирилди. Жумладан, Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 Бухоро—Хоразм автомобил йўлининг Газли шаҳарчасига яқин қисмида чигирткалар ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалди.

Видеоларда тахминан 5-8 см катталикдаги чигирткаларнинг автомобил йўлида тўда-тўда бўлиб учаётгани, ҳудудда жойлашган бинолар деворларини тўлиқ қоплаб олганини кўриш мумкин.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг изоҳ беришича, Газли массивида кимёвий кураш тадбирлари олиб борилиб, ҳозирда зарарли ҳашаротнинг тарқалиш хавфи бартараф этилган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида ҳам чигирткалар ҳужуми кузатилган. Мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин бу ҳужумни «мисли кўрилмаган ҳолат» дея баҳолади.

«Биз ҳеч қачон бу йилгидек катта чигирткалар тўдаси тарқалишига дуч келмагандик. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Давлат назорат қўмитасига барча процессуал масалаларни зудлик билан якунлаб, керакли техникаларни зарур бўлган ҳудудларга жўнатишни топшираман. Тиғиз пайтларда ҳафтасига икки марта штаб йиғилишлари ўтказамиз», — дея хулоса қилган Серик Жумангарин.

Фермерга ноқонуний қаршилик қилинди

Қашқадарёда ички ишлар органи ходими фермернинг фаолиятига қаршилик қилди. Кўкдала туманида ғалла ўримини бошлаган фермер даласига борган ИИБ ходими хўжалик раҳбарини ўримни ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан бошлаганликда айблаган.

Сўнгра сектор раҳбари муовини ва бошқалар унинг фаолиятига аралашиб, ўримни тўхтатиб қўйишган ҳамда комбайнни ноқонуний тарзда даладан олиб кетишган.

“Сектор раҳбаридан ёки қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосаридан, қишлоқ хўжалиги бошқармасидан рухсат олдингизми? Ёки ички ишлар бўлимига хабар бердингизми? Ҳозир бу ерда бирор кор-ҳол бўлса ёки ўт чиқиб кетса ким жавоб беради?” — деган ички ишлар органи ходими.

“Бўлмаса 20 нафар одамни чақиришим керак экан-да бу ерга мен?! “тез ёрдам” ҳам чақирайлик, биров комбайндан тушиб кетиши мумкин-ку. Нечта одам келиши керак?” — деган фермер.

“Гапни эшитинг, профилактика инспектори келади, комбайнга бир кишини, ташишга, талон-торожликнинг олдини олишга бир кишини бириктиради, тушуняпсизми?” — деган ходим.

Бунга жавобан, “Ўзим экиб, ўзимни ўзим талон-торож қиламанми?” — деган фермер.

Воқеа жойида сектор раҳбари муовини, туман йўл ҳаракат хавфсизлиги бўлими бошлиғи ва бошқа масъуллар бўлган. Улар ўримга қаршилик қилиб, комбайнни ноқонуний тарзда даладан олиб кетишган.

Шартномани 120 фоиз қилиб бажаришни режалаштириб турган фермер эса бу ҳолатдан норози.

Маълумот учун, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

 

ИИВ биноси яқинида ёнғин чиқди

Тошкентда Ички ишлар вазирлиги биноси яқинидаги ер остидан ўтказилган кабелда ёнғин рўй берган. Пойтахтнинг марказий қисмларида светофорлар фаолиятига таъсир кўрсатган.

Ёнғин ер остида кабеллар шикастланиши натижасида юз бергани айтилди. Воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, бир соатда ёнғир бартараф этилган.

Тошкентда кабел ёниши қатор давлат хизматларини кўрсатишда узилишларни юзага келтирди

Ушбу ёнғиндан кейин паспорт столлари ва нотариал идораларда манзил билан боғлиқ хизматларни кўрсатишда узилишлар кузатилган. Атрофдаги маҳаллалар ҳам вақтинча электрсиз қолган.

Дуров Ўзбекистонга келади

Telegram асосчиси Павел Дуров ёзни Марказий Осиёда ўтказишини эълон қилди. Дубайда истиқомат қилувчи Дуров ўз Telegram-каналида Бирлашган Араб Амирликларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетганини билдирган.

“Дўстларим Франциянинг жануби каби замонавий жойларга бормоқда. Франция фуқароси сифатида бу давлатни дам олиш учун энг яхши жой эканига қўшиламан”, дейди у.

Павел Дуров Telegram бош директори сифатида таътилга чиқмаслигини маълум қилган. “Фойдаланувчиларимиз билан ноодатий жойларда учрашиш орқали иш фаолиятимни давом эттираман”, — деди у.

Дуровга кўра, бу ёзда Марказий Осиёга ташриф буюриб, у ерда ҳаёт қандай экани, одамлар Telegram’дан қандай фойдаланишини ва уларнинг рақамли эҳтиёжларини ўрганишга қарор қилган.

Нурота йўлидаги даҳшатли автоҳалокат

Навоий вилоятида учта машина тўқнашган автоҳалокатда 6 киши ҳалок бўлди. Навбаҳордан Нурота тумани сари ҳаракатланиб бораётган Damas машинасини қувиб ўтмоқчи бўлган Gentra қарама-қарши томондан келаётган Onix билан тўқнашган.

Бунинг оқибатида Onix машинасида кетаётган бир оиланинг 5 аъзоси, яъни 36 ёшли эркак, унинг 58 ёшли онаси, турмуш ўртоғи, 2 ёшли ўғли ҳамда 2 ойлик қизи, шунингдек, Gentra ҳайдовчи бўлган эркак вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top