Ўзбекистон | 11:19 / 15.07.2024
8627
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси «Korzinka»га нисбатан иш қўзғатди

Бунга «Korzinka» супермаркетлар тармоғи томонидан «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлар бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги сабаб бўлган. Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши харидорларни чалғитиши мумкин, деб топилди.

Фото: Korzinka

«Корзинка» супермаркетлар тармоғи(«Anglesey Food» МЧЖ) томонидан тарқатилаётган реклама ахборотида «Кундалик харидларга энг арзон нарх», «Энг арзон нарх – Korzinka’да», «Энг унумлисига келинг!» деган истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган жумлалардан фойдаланилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

«Хусусан, «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган ҳудди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилди. Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин», дейилади қўмита хабарида.

Юқоридагилардан келиб чиқиб «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси биринчи қисми ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан «Anglesey Food» МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

Мавзуга оид