Жамият | 15:45 / 16.08.2024
27704
11 дақиқада ўқилади

Қиммат насия савдо. Дўконлар қарз нархи қанчалигини очиқлаши керак

Охирги йилларда Ўзбекистонда насия савдо ёки бўлиб тўлаш таклифлари анчагина кўпайди. Бир қарашда кам даромадли инсонлар учун жозибали ечимдек кўринадиган насия савдодаги товарларнинг бошланғич ва якуний нархлари чуқурроқ ўрганилса, бу молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган аҳоли қатлами учун қопқонга айланиши мумкинлиги аён бўлади.

Фото: Kun.uz

Kun.uz iPhone 15 Pro 128GB телефони мисолида насия савдодаги нархларнинг ўзгаришини ўрганди.

Бу смартфоннинг ҳам нано сим-карта, ҳам e-sim'да ишлайдиган қимматроқ модели айни пайтда “Малика” ёки “Абу-Сахий” каби бозорларда 999 доллардан 1020 долларгача (Марказий банк курси бўйича 12 млн 896 минг сўмгача) нархда сотиляпти. (Лекин бу нархда маҳсулотни чек олган ҳолда харид қилиш деярли имконсиз).

Агар телефонни бўлиб тўлашга олмоқчи бўлсангиз, нархлар кескин қимматлашади. Буни қуйида 7 та маркетплейс мисолида кўриб чиқамиз.

1-маркетплейс

Смартфонннинг баҳоси – 17 млн 369 минг сўм . Эътибор беринг, шу нархнинг ўзиёқ бозордаги ўртача нархдан 35 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш учун таклиф қилинаётган нарх турли платформалар (маркетплейснинг ҳамкори – қарз берувчилар) орқали ойига 1 млн 881 минг сўмдан 2 млн 84 минг сўмгача. Бир йил ичида маҳсулот нархи харидорга 22 млн 572 минг сўмдан ёки 25 млн 8 минг сўмгача айланиши мумкин. Бу товарнинг дўкондаги нархидан 30 фоиздан 44 фоизгача қимматлашишини англатади. Агар бозордаги ва дўкондаги нархлар ўртасида катта тафовут борлигини ҳисобга олсак, бир йил ичида телефон нархи бозордаги нархдан харидорга 77 фоиздан 96 фоизгача қимматга тушади.

2-маркетплейс

Смартфоннинг баҳоси – 21 млн 913 минг сўм. Бозордаги ўртача нархдан 72 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш – 2 млн 291 минг сўмдан, умумий сумма – 27 млн 492 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан 25 фоизга, бозордаги ўртача нархдан 115 фоизга қиммат бўлади.

3-маркетплейс

Смартфоннинг баҳоси – 14 млн 224 минг сўм. Бозордаги нархлардан 10 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш – 1 млн 666 минг сўмдан, умумий сумма – 19 млн 992 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан 40 фоизга, бозордаги ўртача нархлардан 57 фоизга қиммат бўлади.

4-маркетплейс

Смартфоннинг баҳоси – 13 млн 224 минг сўм. Бозордаги нархлардан 4 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш – 1 млн 607 минг сўмдан, умумий сумма – 19 млн 284 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан 46 фоизга, бозордаги ўртача нархлардан 51 фоизга қиммат бўлади.

5-маркетплейс

Смартфонннинг баҳоси – 16 млн 999 минг сўм. Бозордаги нархлардан 33 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш – 2 млн 56 минг сўмдан, умумий сумма – 24 млн 672 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан – 45 фоизга, бозордаги ўртача нархлардан 93 фоизга қиммат бўлади.

6-маркетплейс

Смартфоннинг баҳоси – 14 млн 890 минг сўм. Бозордаги нархлардан 16 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш – 1 млн 737 минг сўмдан, умумий сумма – 20 млн 844 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан – 40 фоизга, бозордаги ўртача нархлардан 64 фоизга қиммат бўлади.

7-маркетплейс

Смартфонннинг баҳоси – 16 млн 770 минг сўм. Бозордаги нархлардан 33 фоизга қиммат.

12 ойга бўлиб тўлаш 1 млн 956 минг сўмдан, умумий сумма – 23 млн 472 минг сўм. Бир йил ичида маҳсулотнинг баҳоси дўкондаги нархидан – 40 фоизга, бозордаги ўртача нархлардан 82 фоизга қиммат бўлади.

Таъкидлаш керакки, бўлиб тўлаш муддати кўпроқ бўлгани сари, маҳсулотнинг якуний нархи ҳам қимматлашиб бораверади.

Бу ўринда, тадбиркорлик субъектлари насия савдога маҳсулот сотганидан кейин, турли хил рискларни, инфляцияни ҳисобга олиши табиий. Шу сабабдан ҳам нархлар анчайин қиммат бўлиши мумкин. Аммо деярли ҳеч қайси тармоқ шартли телевизорнинг нархи 3 ойга харид қилинганда унинг устига қанча қўшимча пул қўшилиши, 24 ойга харид қилинганда бу миқдор қандай ўзгариши ва телевизор истеъмолчига якунда қанчага тушиши ҳақида маълумотларни расмий саҳифаларида ёки дўконларида маҳсулот ёнига қўйилган нархномада кўрсатиб ўтмаган. Бу эса, юқорида айтилганидек, молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган аҳоли қатламида қарз юки ҳаддан ортиб кетиши ва бунинг ортидан бошқа қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

“Қарз нархи қанча экани кўрсатилиши керак”

Канадада истиқомат қиладиган, асли ўзбекистонлик Фарҳод Файзуллаев ҳам Ўзбекистондаги маркетплейслардан биридаги нархлар билан танишиб чиқиб, харидор қўшимча неча пул тўлаши ҳақидаги маълумотлар тақдим этилмаслиги уни ҳайрон қолдиргани ҳақида ёзганди.

“Мени ҳайрон қолдиргани, насияга олинадиган товарларнинг нархи 40–80 фоизга ўсиб кетиши бўлди. 1 млн сўмлик нарсани насияга олсангиз, 1,5 млн қилиб қайтараркансиз, аммо бу ҳақда ҳеч қайси сайтда аниқ маълумот берилмаган.

Канада қонунчилигига кўра, сиз маҳсулотни кредитга олсангиз (насия ҳам кредит, фақат чалкашроғи), қўшимча неча пул тўлашингизни сотувчи, албатта, сизга ҳисоблаб бериши ва савдо саҳифасида кўрсатиб қўйиши керак”, дейди у.

Фарҳод Файзуллаев қарз нархи қанча эканини кўрсатишни қонун билан белгилаб қўйиш керак, деб ҳисоблайди.

“10 млн сўмга телефон олмоқчисиз, 12 ой бўлиб тўлаш шарти билан. Бунда фоиз кўрсатилмасдан, маҳсулот нархига 4 млн сўм қўшиб, 14 млнга сотишяпти. Яъни нақдга 10, насияга 14 млн сўм. Шунда насия нархи 4 млн сўмга тенг бўляпти.

Мана шу рақам аниқ-тиниқ қилиб кўрсатилиши керак. Буни қонунда белгилаб қўймаса, сотувчи ҳеч замонда буни кўрсатиб, харидорни ваҳимага туширмайди.

Бундан ташқари, “ойига атиги 100 минг сўм” деган жозибадор ёзувлар тагига ҳам маҳсулот неча пул экани, қарз нархи қанча экани, муддат сўнгида неча пул тўланиши кераклигини аниқ кўрсатиб қўйиш керак. Акс ҳолда, молиявий саводхонлиги паст бўлган аҳоли қатлами алданиб қолиши жуда осон”, дея хулоса қилади Файзуллаев.

“Қонунчиликдаги улкан бўшлиқ сабаб кам даромадли аҳолининг қарз ва мажбуриятлари ошиб боряпти”

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам насия савдо учун қарздорликнинг тўлиқ қийматини очиқлаш талабини қўйишга чақирган.

“Жуда кўп ўзбекистонликлар насия савдо ёки бошқа бўлиб тўлаш таклифлари орқали сотилаётган товарларнинг тўлиқ қиймати пул нархи нуқтайи назаридан қанчага тушишидан хабардор бўлганларида истеъмол бозоримизда кўп эврилишларга гувоҳ бўлган бўлардик.

Афсуски, Марказий банк фақат банкларга нисбатан кредитнинг тўлиқ қийматини очиқлаш талабини қўяди. Бундай талаб турли кўринишларда товар кредити таклиф этаётган дўкон ва платформаларга нисбатан жорий қилинмаган.

Бугун ҳар жойни эгаллаган онлайн ва офлайн кўринишда насия ва бўлиб тўлаш шартларидаги таклифлар ҳуқуқий жиҳатдан товар истеъмол кредитларидир. Товар истеъмол кредити бўйича қарздорликнинг тўлиқ қийматини очиқлаш талаби ҳалигача мавжуд эмас. Қонунчиликдаги мана шу улкан бўшлиқ асосан кам даромадли, айни пайтда молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган аҳоли тоифаларининг манипуляция қилинишига, уларнинг қарз ва мажбуриятлари юки юқори суръатда ошиб боришига йўл очмоқда. Эътибор берсангиз, юқори даромадли аҳоли вакилларининг насияга ё бўлиб тўлашга товар олганини кам учратасиз. Чунки уларнинг ҳисоб-китоби бор (пули бор одамнинг доим ҳисоб-китоби бор).

Алоҳида таъкидлашим керакки, ҳеч ким насия ё бўлиб тўлаш деб ном олган ҳисоб-китоб асосидаги савдо шаклларига қарши эмас. Фақат истеъмолчилар уларга ўтказилаётган товар қарз пул нархи нуқтаи назаридан қиймати қанчага айланаётганини билишга ҳақли бўлишлари керак. Қонунчиликка бу тўғридаги талабларни киритиш вақти аллақачон келган”, дейди иқтисодчи.

Хориж тажрибаси қандай?

Apple ёки Samsung каби брендлар маҳсулотларининг нархи Ўзбекистон билан бошқа хорижий мамлакатларда деярли фарқ қилмайди. Масалан, Қўшма Штатлардаги энг машҳур маркетплейслардан бўлган Walmart'да ҳам iPhone 15 Pro 128 GB телефонининг нархи 999 доллар. Бу ерда ҳам 12, 18, 24 ойлик тўлов муддатли бор. Масалан, 12 ойга ушбу смартфонни харид қилмоқчи бўлсангиз, ойига 92,5 доллардан, умумий ҳисобда 1110 доллар тўлашингиз керак. Бунда сиздан 111,5 доллар қўшимча пул олиниши аниқ кўрсатиб қўйилган. Яъни харидор барча рисклар, молиявий зарар ҳақида олдиндан хабардор қилинади. Шунга рози бўлганлар ўзига маъқул кўринишда маҳсулотни сотиб олади.

Насия савдо тартибга солинадими?

Насия савдога маҳсулот харид қилишда нархлар 70-90 фоизгача қиммат, буни тартибга солиш бўйича ҳукумат даражасида бирор бир механизм ишлаб чиқилиши мумкинми? Бу савол 25 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга берилганди.

“Бизда насия савдо, яъни тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш бозорини тартибга солувчи регулятор, минг афсуски, йўқ. Ўз-ўзидан регуляторнинг бўлмагани бу нарсани икки томонлама шартномага боғлаб қўяди”, деганди МБ раиси.

Kun.uz Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига: “Ҳозирги ҳолатда сотувчи маҳсулот устига қанча пул қўйилиши ва унинг нархи қанчага ошиши ҳақида харидорга маълумот бермаяпти, қонунчиликдаги бу бўшлиқ қачон тўлдирилади?” деган савол йўллаганди. Маълум қилинишича, айни пайтда бу масала кўриб чиқиляпти.

Юқорида, iPhone 15 Pro 128GB мисолида, рақобат муҳити мавжуд бўлган Тошкент шаҳрида жойлашган маркетплейслардаги нархларни кўпчилик учун бозор нархи маълум ёки бозор нархини аниқлаш қийин бўлмаган маҳсулот мисолида кўриб чиқдик. Вилоят ёки туманларда оддий электротехникаларнинг насия савдога ҳисобланадиган баҳоси уларнинг нақд пулга олиш мумкин бўлган нархидан каррасига қимматга сотиляпти. Бу эса молиявий саводхонлиги юқори бўлмаган кам даромадли инсонларнинг жиддий зарар кўришига олиб келяпти.

Кўп маҳсулотларнинг сотувдан кейинги нархи кескин арзонлашади. Бу телефон бўладими ёки бошқа электротехника маҳсулоти, 1 ой ичида 20 фоиздан ҳам кўпроққа қийматини йўқотиши мумкин. Узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харид қилаётганда бу жиҳатларга ҳам эътиборли бўлиш керак.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид