Иқтисодиёт | 21:27 / 05.09.2024
6156
3 дақиқада ўқилади

GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди

“Uzbekistan GTL” МЧЖ йилнинг биринчи ярмида 112 млрд сўм солиқ тўлаган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56 фоизга кам. Солиқ қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу экспорт ҳажми ошгани билан боғлиқ. Иккинчи чоракда 2,7 трлн сўм даромад кўрган компания шу даврда 1,8 трлн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.

Солиқ қўмитаси 2024 йилнинг 6 ойида ишлаб чиқариш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган топ-20 та корхона рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхатдан “Uzbekistan GTL” заводи ўрин олмаган, чунки завод тўлаган солиқлар қисқарган.

Kun.uz Солиқ қўмитасидан олган маълумотларга кўра, “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан 2024 йилнинг январь-июл ойларида бюджетга 112 млрд сўм тўловлар амалга оширилган. Ўтган йилнинг мос даврида эса бу 254 млрд сўмни ташкил этган. GTL заводи жорий йилда ўтган йилга нисбатан 142 млрд сўм камроқ солиқ тўлаган, бу – жамият тўлаган солиқлар 2 баробардан кўпроққа (56 фоизга) қисқарганини кўрсатади.

GTL заводи нега солиқ тўлашни камайтиргани ҳақидаги Kun.uz саволига жавобан, Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жамият ҳисоботларида экспорт ҳажми жорий йилнинг 7 ойида 1 трлн 458 млрд сўмни ташкил қилгани, ўтган йилнинг мос даврида эса бу 380 млрд сўм бўлгани кўрсатилган. Солиқ кодексига асосан, товар ва хизматлар экспорти учун ҚҚС ва фойда солиғи нол ставкада белгиланган.

МЧЖ томонидан тақдим этилган фойда солиғи ҳисоботига асосан, жамиятнинг 2024 йил II чоракдаги даромади 2,7 трлн сўм бўлган. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг II чорагида 2,1 трлн сўм деб кўрсатилган.

Солиқ қўмитаси сайтидаги очиқ маълумотлардан кўринишича, GTL заводи 2024 йилнинг II чорагида 1 трлн 847,8 млрд сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 6 ойида 619 тонна дизел ёқилғиси ишлаб чиқарилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 фоизга кам.

Аввалроқ Kun.uz Божхона қўмитаси маълумотларига асосланиб, GTL заводида дизел ишлаб чиқариш бошланганидан кейинги давр, яъни охирги 2 йилда бу маҳсулот импорти 7,3 баробарга ошиб кетганига эътибор қаратганди.

“Uzbekistan GTL” МЧЖ – тўлиқ давлатга тегишли корхона. Уни барпо этиш учун “Ўзбекнефтаз” номидан бир неча миллиард доллар ташқи қарзлар жалб этилган. Солиқ тўловлари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳақида “Ўзбекнефтгаз” ва GTL заводига Kun.uz томонидан йўлланган саволлар жавобсиз қолмоқда.

Мавзуга оид