Ўзбекистон | 10:10 / 07.09.2024
6969
3 дақиқада ўқилади

“Азиз Воитов суди очиқ ўтказилиши керак” – Антикоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга оид жиноят иши очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини маълум қилди. Агентликка кўра, бу президентнинг тегишли фармони талабларига мос. 

Фото: Daryo

Антикоррупция агентлиги судда кўриб чиқилаётган Азиз Воитов ва бошқаларга оид жиноий иши бўйича муносабат билдирди. Агентлик матбуот котиби Шерзод Сапаров мазкур ишда суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини маълум қилди.

“Президентнинг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли фармонига мувофиқ, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлиги белгиланган.

Шунга асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур суд мажлиси юқоридаги фармон талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигини маълум қилади”, дейилади муносабатда.

5 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди.

Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми “а” ва “в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда, кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-модда 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ҳамда 209-модда 2-қисми “а” бандида (такроран содир этилган мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда

Ишни кўриб чиқаётган судя Сардор Содиқов журналистлар суд жараёнини ёритишда айбсизлик презумпциясига амал қилиши шартлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, президентнинг 2021 йил июн ойида қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 хил тоифадаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган. Фармонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Миллий телерадиокомпанияга айрим муҳим тадбирлар ва суд жараёнларини жонли эфирга узатиш топшириғи берилган.

 

Мавзуга оид