Ўзбекистон | 15:13 / 09.09.2024
3512
2 дақиқада ўқилади

Навоийда икки ўқувчининг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 5 йилга қамалди

Хатирчи туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи 57 ёшли эркак 6 ой олдин ўғли совға қилган Cobalt машинасини бошқариб бораётиб, йўл четида кетаётган икки вояга етмаган қизни уриб юборган. Қизлардан бири воқеа жойида, иккинчиси 2 кун ўтиб шифохонада вафот этган.

Хатирчи туманида икки пиёданинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, ЙТҲ 2024 йил 12 апрел куни Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-269 автомобил йўлининг 13-14-км оралиғида содир этилган. 1967 йилда туғилган, тумандаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи Ғ.Қ. Cobalt машинасини “Мирдош-Тасмачи” йўналишида бошқариб бораётиб, йўл четида пиёда кетаётган вояга етмаганлар О.Б. ҳамда З.Ҳ.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида Хатирчи туманидаги касб-ҳунар мактаби ўқувчиси бўлган О.Б. воқеа жойида ҳалок бўлган. Навоий шаҳардаги 17-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси бўлган З.Ҳ. эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у ҳам орадан 2 кун ўтиб вафот этган.

Ғ.Қ. судда машинани 2023 йил октябр ойида ўғли совға қилганини, Cobalt ўғлининг номида эканлигини айтиб, ЙТҲга бошқарув пайти чалғигани сабаб бўлганини маълум қилган. Марҳумаларнинг ота-оналари эса уларга ҳеч қандай моддий ва маънавий зарарлар керак эмаслигини билдириб, ҳайдовчига қонуний жазо қўллашни сўраган.

Суд ҳукми билан ҳайдовчи Ғ.Қ. Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Андижонда ёш қизнинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи 4 йилга, Фарғонада эса 4 пиёданинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Мавзуга оид