Жаҳон | 16:11 / 09.09.2024
8304
3 дақиқада ўқилади

Сурияда Исроил зарбаси оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

Суриянинг марказий қисмида исроиллик ҳарбийлар йўллаган авиазарба оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Суриядаги SANA давлат ахборот агентлиги.

Фото: Видеодан кадр

Хабар қилишларича, зарбалар Суриядаги беш нишон бўйлаб йўлланган, жумладан Масиафдаги ҳарбий институтга ҳам. Бу ерда кимёвий қуроллар қўллаш бўйича тадқиқотлар ўтказилган.

Агентлик шифохона директорига таяниб, якшанба куни кечқурун Ҳама вилояти Масиаф шаҳри чеккасига қилинган ҳужум оқибатида яна 43 киши яралангани ҳақида маълумот берган.

Аввалроқ Британиядаги Сурияда Инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиш маркази (Сурия ичкарисида манбаларнинг кенг тармоғига эга SOHR) «Эрон таъсиридаги гуруҳ аъзолари ҳамда қурол ишлаб чиқариш бўйича экспертлар бўлган Масиафдаги илмий-тадқиқот маркази жойлашган ҳудудда» 13 марта кучли портлаш эшитилгани ва етти киши ҳалок бўлгани (тўрт нафар ҳарбий ҳамда тинч аҳоли вакилларидан уч киши), шунингдек 15 киши яралангани ҳақида хабар берганди.

SANA суриялик ҳарбийлардан бирига таяниб, Ливан шимоли-ғарбидаги ҳудудлар устида учган Исроил самолётлари маҳаллий вақт билан якшанба куни соат тахминан 23:20 да «марказий ҳудудлардаги қатор ҳарбий объектлар»га зарба йўллагани ҳақида хабар берган. «Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз бир неча ракетани уриб туширди», — дея қўшимча қилган ҳарбий манба.

Исроиллик ҳарбийлар хориж нашрларида тарқалган хабарларни изоҳламаслигини билдирган. Аммо аввалроқ ЦАҲАЛ Суриядаги нишонлар бўйлаб йўлланган юзлаб зарбалар учун жавобгарликни зиммасига олганди, исроиллик ҳарбийларнинг фикрича, бу нишонлар Эрон ҳамда унга иттифоқчи қуролли гуруҳларга алоқадор бўлган.

Хабарларга кўра, Ғазодаги уруш бошланганидан буён «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Ливан ва Суриядаги бошқа гуруҳларнинг Исроил шимолига ҳужумлари туфайли Исроилнинг чегарадан ташқаридаги ҳудудларга жавоб зарбалари миқдори ортган.

1 апрел куни Исроил Эроннинг Дамашқдаги консулхонаси биносига зарба йўллаганди. Натижада етти киши, жумладан эронлик икки генерал ҳалок бўлганди. Исроил ҳукумати ҳодиса учун расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Эрон ҳужум «жавобсиз қолмаслиги»га ваъда берган, аммо якунда Теҳрон Исроил бўйлаб тўғридан тўғри зарба йўлламасликка қарор қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид