Жаҳон | 11:30 / 02.10.2024
1700
3 дақиқада ўқилади

Рютте: Украинани қўллаб-қувватлаш - НАТОнинг устувор вазифаси

Марк Рютте НАТО бош котиби лавозимини эгаллади. У Украинани қўллаб-қувватлаш ва Россияни тийиб туришни ўзининг асосий устувор йўналишлари деб атади. Рютте, шунингдек, АҚШдаги президентлик сайловларида ким ғалаба қозонса, у билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини айтди.

Фото: Harry Nakos / AP

Марк Рютте 1 октябр, сешанба куни НАТО бош котиби лавозимига киришди. НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида ўтказилган маросимда у ўзидан олдинги Йенс Столтенбергнинг лавозимини эгаллади. Рютте Украинани қўллаб-қувватлаш ва Россияни тийиб туришни ўзининг асосий устувор йўналишлари деб атади.

«Биз (алянсга аъзо давлатлар) кўпроқ маблағ сарфлашимиз керак (мудофаа учун). Биз ўз жамоавий хавфсизлигимизни мустаҳкамлашимиз керак», — дея янги бош котибнинг сўзларини келтиради AFP агентлиги. «НАТОнинг асосий вазифаси ўзгармайди: биз ўз одамларимизни, халқларимизни ва, албатта, қадриятларимизни ишончли ҳимоя қилишимиз керак», — дея таъкидлади Рютте.

У, шунингдек, ноябр ойида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларида ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, у Доналд Трамп ёки Камала Ҳаррис бўладими, иккаласи билан ишлай олишини айтди. Марк Рютте Трамп билан 2017 йилдан 2021 йилгача, яъни у Оқ уй эгаси бўлганида бирга ишлаганини эслади. «У (Трамп) бизни кўпроқ маблағ сарфлашга мажбурламоқчи эди ва у муваффақиятга эришди: биз ҳозирда у лавозимга келган вақтга қараганда анча юқори харажатлар даражасидамиз», — деди Рютте. У Камала Ҳаррисни «висе-президент сифатида фантастик рекордга эга» «юқори ҳурматли» сиёсатчи деб атади.

FT: Байден Украинанинг НАТОга аризаси мақомини ошириши мумкин

Financial Times (FT) газетасининг ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйни тарк этишдан олдин Европага сўнгги сафари чоғида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши борасида муҳим қарор қабул қилиши мумкин. 

12 октябр куни Германияда Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлар билан учрашувда у 2025 йилнинг январида ўз лавозимини тарк этишдан олдин Украинанинг НАТОга аъзолик ҳақидаги аризаси мақомини оширишга рози бўлиши мумкин, деб ёзади нашр 1 октябр куни Байден ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Вашингтондаги сўнгги музокаралари мазмуни билан таниш ғарб расмийсига таяниб.

Мавзуга оид