Жаҳон | 22:41 / 13.10.2024
15047
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг синглиси Жанубий Кореяни «даҳшатли ҳалокат»дан огоҳлантирди

Ким Ё Чжон Жанубий Корея яна дронларини Пхенян томон учургудек бўлса, бу «даҳшатли ҳалокатга» олиб келишини, «шахсан ўзи бундай бўлишини хоҳламаслигини» билдирди.

Фото: AP

Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон Жанубий Кореяни яна КХДРга учувчисиз учиш аппаратларини юборгудек бўлса, «даҳшатли ҳалокат»дан огоҳлантирди, деб хабар беради SCMP.

«Корея Республикасига тегишли учувчисиз учиш аппаратларининг пойтахтимиз узра яна қайд этилиши шубҳасиз, даҳшатли ҳалокатга олиб келади. Шахсан мен бундай бўлишини хоҳламайман», — дейди Ким Ё Чжон.

КХДР Ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, Жанубий Корея 3, 9 ва 10 октябр кунлари Пхенянга учувчисиз учиш қурилмаларини учириб, давлатга қарши матнлар битилган «кўп сонли» варақаларни сочган. Идорадагилар Жанубий Корея чегарасида жойлашган ҳужум қуролларини шай ҳолатга келтириш билан таҳдид қилган.

Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси КХДР томон дронлар учирилганини рад этган.

Аввалроқ КХДР ҳарбийлари «жанубий чегараларни қалъага айлантириш» мақсадида Жанубий Кореяга элтувчи барча автомобил ва темирйўлларини ёпишга ваъда берганди. Ундан олдин эса Жанубий Корея КХДР ядровий жанговар каллакларни ишлаб чиқаришга етарли плутоний ва уранга эга эканини маълум қилган. Шу билан бирга мамлакат разведкасининг таъкидлашича, Шимолий Корея еттинчи ядровий синовини 5 ноябрда — АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин ўтказиши мумкин.

Мавзуга оид