Ўзбекистон | 21:18 / 05.11.2024
1728
6 дақиқада ўқилади

5 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Машина олиб киришга янги ва харажатли талаб, Зулфия мукофоти талабгорларини танлашнинг янгича тартиби ҳамда қамалган ва пора билан қўлга олинган ҳоким ўринбосарлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Машина олиб киришга янги ва харажатли талаб

Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди. Албатта, бу тартиб мавжуд вазиятни енгиллаштиришга эмас, оғирлаштиришга хизмат қилади.

Якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилинди. Текширув нархи бензинда юрадиган машиналар учун 9 млн 88 минг сўм, электромобиллар учун эса қарийб 6 млн 300 минг сўм.

Электромобилларни ўз номига олиб кирмоқчи бўлганлар ёки расмий дилер бўлмаган хусусий тадбиркорлар мувофиқлик сертификати олиш жараёнида машинани электромагнит мослашувчанлиги бўйича ҳам текширувдан ўтказишига тўғри келади.

«Бу тартиб олдиндан бор эди. Бундан мақсад битта транспорт воситаси бошқа автомобилга зиён етказишининг олдини олиш. Ўзбекистондаги расмий дилерлар бу текширувдан ўтиб бўлган. Уларга сертификат ҳам берилган. Ўтган йили бу каби сертификатлардан 40 тадан ортиқ берган бўлсак, бу йил 30 тадан кўпроқ шундай сертификатлар берилди. Улар машиналарини ҳар 3-6 ойда текширувдан ўтказиб туради ва ҳужжатларни тақдим этади», — дейилади UzTest изоҳида. 

Расмий дилер бўлмаган автосалонлар учун ҳам бу тартиб қўлланиши бошланди. Текширув нархи 7 ўриндиққача бўлган бензинда юрадиган машиналар учун 9 млн 88 минг сўмни, электромобиллар учун эса қарийб 6 млн 300 минг сўмни ташкил этади. Транспорт воситаларининг тоифасига қараб нарх яна ўзгаради. Синовлар Пискент автополигонида амалга оширилади.

Зулфия мукофоти талабгорларини танлаш тартиби

Ҳукумат қарори билан Зулфия номидаги давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилига — жами 28 нафар талабгорга берилади.

Совриндорларга диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида топширилади.

Кувайтдан таълим грантлари

Кувайт Ўзбекистон фуқаролари учун таълим грантлари сонини оширади. Бу Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти ва Кувайт университети ректори Усома ас-Саид ўртасида бўлиб ўтган учрашувда қайд этилди.

Мулоқот давомида олий таълим соҳасида Ўзбекистон-Кувайт ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўзбек томони билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон олий таълим муассасалари, хусусан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Кувайт университети ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.

Кувайт университетида ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун таълим грантлари сонини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қамалган ҳоким ўринбосари

Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Ҳакимжон Маллаев май ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган эди.

Суд ҳужжатига кўра, 41 ёшли Ҳакимжон Маллаев ўзига олдиндан танишган бўлган МЧЖ раҳбаридан МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ҳамда фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. У 2024 йил 5 май куни Ховос тумани Бунёдкор маҳалласи ҳудудида келишилган пулдан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судда сўралганда Ҳакимжон Маллаев айбига умуман иқрорлик билдирмаган. Аммо суд ҳужжатида унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботини топгани қайд этилган.

Суд ҳукмига кўра, Ҳакимжон Маллаевга бир йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима ҳамда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Пора билан қўлга тушган ҳоким ўринбосари

Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлиги биноси ёнида 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 млн сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам ушланган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид