Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
Лондон клублари пойгадан чиқмоқда. Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: Juan Manuel Serrano Arce/Getty Images
Испания: Левандовскининг узун оёғи халал берди
«Реал Сосиедад» — «Барселона» 1:0
Гол: Бекер (33).
«Реал Сосиедад» – Ремиро, Мунйос (Хави Лопес, 84), Агерд, Субелдия, Арамбуру (Элустондо, 61), Субименди, Беккер (Барренечеа, 61), Мендес, Сучич (Серхио Гомес, 61), Кубо, Ойарсабал (Оускарссон, 62).
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде (Гави, 84), де Йонг (Олмо, 46), Касадо, Рафиня, Педри (Виктор, 90+1), Лопес (Фати, 69), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Арамбуру (20), Мартинес (53), Мендес (82), Субелдия (87)
Бир неча кун олдинроқ «Барселона» Ямалга дам бериши ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо, ўйин арафасида Ҳанси Флик Ламинда жароҳат борлигини, шу туфайли у охирги паллаларда ўйин қайдномасидан чиқарилгани, унинг қайтиш муддати номаълум эканини маълум қилди. Кейин эса каталонияликларда майдоннинг ўзида ҳам муаммолар бошланди.
13-дақиқадаёқ Левандовски дарвозани ишғол этди, аммо бу гол офсайд туфайли бекор қилинди. Ҳолбуки бу вазиятда мезбон футболчилар эътироз ҳам билдирмаётганди. Бу эпизод ўйиндан кейин ҳам муҳокамалар марказида турибди.
Гап шундаки, де Йонг пас берган маҳалда ким дарвозага яқинроқ турганини аниқ айтиб бўлмайди. Агерд ва Робертнинг оёқлари бир-бири ёпишган ҳолатда. Полшалик ҳужумчи сариқ, Агерд эса қизил бутсада, тасвирлардан ҳимоячининг оёғи олдинроқда тургандек кўринади.
VAR ҳаками бош ҳакам Гилермо Куадра Фернандесни мониторга чақирмасдан ҳам голни офсайд туфайли бекор қилиш кераклигини айтган. Бир неча дақиқа ўтиб вазият чизиқ тортиб кўрсатилди, аммо бу фақат чалкаштиради. Унда бир оёқ учи чизиқдан ташқарига чиқиб тургани кўринади, аммо у кимнинг оёғи эканини билиб бўлмайди.

Бу Левандовскининг оёғи бўлиши учун унинг ҳажми жуда катта бўлиши керак.

Кўп ўтмай мезбонлар ҳисобни очди. «Барса» футболчилари бу сафар офсайд қопқони қўйишда хатога йўл қўйди. Ҳимоячилар майдон маркази томон силжишди, Шералдо Бекер тўғри ҳолатда қолди ва мавсумдаги голлар ҳисобини очди. У яна бир қарши ҳужумда Ойярсабал учун ўта қулай вазият яратиб берди, аммо басклар етакчиси жарима майдони марказида туриб хато зарба йўллади.
«Барса» эса январдан буён илк бор биринчи бўлим якунларига кўра дарвоза соҳасига тўғри зарба бера олмади.
Танаффусга чиқиш вақтида баҳсли вазиятга ойдинлик киритиш учун Ҳанси Флик бош ҳакам олдига борди – Movistar уларнинг мулоқотини шифровка қилган. Унга кўра, «Барса» мураббийи фақат сийқаси чиққан гапни эшитган: агар VAR бу офсайд деяётган бўлса, биз бориб нима қиламиз?
Иккинчи бўлимда Ойярсабал яна бир қулай вазиятдан фойдалана олмади, бу сафар Пеня тўсин остига бораётган тўпни қайтарди. «Реал Соседад» ҳужумларда аниқроқ ҳаракат қилди ва муносиб ғалабага эришиб, кўк-анорранглиларнинг Сан-Себастяндаги мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди (+6=2). Шунингдек, каталонияликларнинг бу мавсумдаги 7 учрашувдан иборат ғалабали серияси якунланди.
«Барса» март ойидан кейин биринчи бор гол уролмади, жамоа бу мавсумда илк бор рақибдан кўпроқ офсайдга тушди. Каталония клуби бу ўйинда 4 бор офсайдда қолди, рақибда эса бу кўрсаткич 3 тани ташкил этди. Каталонияликлар мавсумдаги иккинчи мағлубиятдан кейин ҳам «Реал»дан олти очкога олдинда, аммо мадридликларда «Валенсия»га қарши қолдирилган бир ўйин бор.
«Малйорка» — «Атлетико» 0:1
Гол: Алварес (61).
«Малйорка» – Грейф, Мохика, Раилло, Валент, Маффео (Дани Родригес, 75), Дардер (Шикиню, 69), Саму Кошта, Морланес (Луна, 83), Наварро (Санчес, 75), Мурики, Ларин (Пратс, 69).
«Атлетико» – Облак, Рейнилду, Лангле (Витцел, 63), Хименес, Молина, Гризманн (Де Паул, 62), Рикелме (Галлаҳер, 86), Коке, Барриос, Симеоне (Корреа, 62), Алварес (Сёрлот, 62).
Огоҳлантиришлар: Лангле (10), Саму Кошта (57), Рейнилду (83), Корреа (90+4).
Жулиано Симеоне ўйиндан ўйинга ўз отаси жамоасидаги муҳим фигурага айланиб бормоқда. Икки тур олдин у майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўп учун охиригача курашиб, ғалаба голига ҳаммуаллифлик қилганди. Ўтган турда у «матрасчилар» сафида илк голини нишонлади, энди эса сафарда «Малйорка»га қарши кечган ғалаба голида асосий ишни бажарди. Облак ошириб берган тўпга етиш учун аргентиналик ҳужумчи ҳимоячилардан биридан ўзиб кетди, кейин эса тўп учун курашда бошқа ҳимоячидан устун келди ва уни бўш дарвоза қаршисида очилган Алваресга етказиб берди. Ҳолбуки, меҳмонлар биринчи бўлимда ҳужумда суст ҳаракат қилган, 45 дақиқа давомида рақиб жарима майдони ичида фақат бир марта тўпга тегинганди (2024 йилдаги энг ёмон кўрсаткич).

Англия: Лондон дербисида «Ливерпул» ғолиб
«Челси» — «Арсенал» 1:1
Голлар: Нету (70) — Мартинелли (60).
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Фофана, Гюсто (Жеймс, 82), Лавия (Фернандес, 68), Кайседо, Палмер, Нету, Мадуэке (Мудрик, 68), Жексон (Нкунку, 88).
«Арсенал» – Райя, Тимбер, Габриэл, Салиба, Уайт, Райс (Мерино, 71), Парти, Эдегор, Ҳавертц, Мартинелли (Троссар, 71), Сака (Жезус, 81).
Огоҳлантиришлар: Колуилл (21), Нету (33), Уайт (39), Мадуэке (45+1), Ҳавертц (56), Кукуреля (80).
Дам олиш кунларидаги асосий дербига «Челси» ва «Арсенал» ўхшаш вазиятда етиб келди. Лондоннинг икки клуби ҳам 10 турдан кейин 18 тадан очко тўплаган ва уларнинг иккисида ҳам асосий яримҳимоячилар майдонга тушиши сўроқ остида эди. Аммо Палмер ҳам, Эдегор ҳам ўйинни бошланғич таркибда бошлашга имкон берадиган даражада тиклангани маълум бўлди.
Биринчи бўлимда чинакамига хавфли вазиятлар камроқ бўлди, аммо «Челси» кўпроқ зарба берди ва 45 дақиқаликдаги энг хавфли вазиятга эга бўлди. Нету чап қанотда туриб олис устун олдига тўп етказиб берди. Гюсто амалда бўш дарвоза қаршисида туриб зарба берди, аммо ҳимоячилигига бориб, тўпни тўсиндан юқоридан ўтказиб юборди.

«Арсенал»да ҳам вазиятлар бўлди. Мартинелли қулай позицияда туриб тўпни «Челси» дарвозабонининг ўзига қарата тепди. Кейинроқ меҳмонлар айёрлик билан дарвозани ишғол этишди. Сака навбатдаги марта қўполлик билан тўхтатиб қолинганидан кейин жарима зарбаси белгиланди, «Челси» футболчилари ниманидир муҳокама қилиб турганида Эдегор жарима майдони чизиғида турган Ҳаверцни тўп билан таъминлади, у дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, аниқ зарба йўллади. Гол аввалига ҳисобга олинганди, аммо VAR кичик офсайдни қайд этди.

Иккинчи бўлимни «Челси» фаол бошлади ва бир неча хавфли ҳужумлар уюштирди. 52-дақиқада бошқа бир ҳимоячи Фофана марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлди ва у ҳам дарвозабон майдончасида туриб тўғри зарба йўллай олмади. Бироз ўтиб эса меҳмонлар ҳисобни очишди. Эдегорнинг олис устун олдига берган узатмасидан кейин Мартинелли тўпни яқин бурчакка жойлади.
Ҳисоб очилгач майдонда яккакураш кўпайди, жарима майдони ичида ҳам, майдон марказида ҳам тўқнашувлар юзага келди. Мареска 68-дақиқада Энцо Фернандесни майдонга туширди, айнан у икки дақиқа ўтиб голли пас муаллифи бўлди, мезбонлар сафида ўйиннинг энг фаол вакили бўлиб турган Нету жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, янги жамоасидаги илк голини нишонлади. Тўп ҳимоячилар ортидан келгани туфайли «Арсенал» дарвозабони реакция қилишга кечикди.
Ўйин охирида Троссар жамоасига ғалаба олиб келиш учун иккита ажойиб имкониятга эга бўлди. Аммо иккала ҳолатда ҳам у қулай позициядан туриб зарба бера олмади. Унинг қўшимча дақиқалардаги иккинчи хатосидан кейин Артета газонга йиқилди.

Дуранг ўйинга мос бўлди – жамоаларнинг ҳеч бири яққол устунликка эга эмасди. Бу ҳисоб рақобатчилар (биринчи навбатда пешқадам «Ливерпул») учун фойдали натижа. Лондон клублари танаффусга 19 очко билан йўл олмоқда, «Ливерпул» тўққиз очкога илгарилаб кетган.
«Манчестер Юнайтед» — «Лестер» 3:0
Голлар: Фернандеш (17), Кристиансен (38, автогол), Гарначо (82).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мазрауи, Мартинес, де Лигт, Далот (Эванс, 57), Угарте, Каземиро (Эриксен, 79), Фернандеш, Рэшфорд (Гарначо, 57), Диалло, Ҳойлунд (Зиркзе, 75).
«Лестер» – Ҳермансен, Кристиансен, Вестергор, Фас, Жастин (Макатир, 83), Ндиди (Ал Ҳанус, 70), Уинкс, Сумаре, Фатау, Айю (Эдуар, 88), Буонанотте.
Огоҳлантириш: Буонанотте (63).
Душанба кунидан иш бошлаётган Рубен Аморим штабида қолган Руд ван Нистелрой бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатидаги даврни жуда яхши ўтказди. Уч ғалаба ва «Челси» майдонидаги дуранг — ажойиб натижа. «Олд Траффорд»даги уч ғалаба — Эрик тен Ҳагда ҳам мавсум бошидан буён шунча ғалаба бўлганди. Қолаверса, ван Нистелрой бу даврни «Лестер»га қарши ўйин билан бошлаб, ушбу жамоага қарши ўйин билан якунлади. Аввалига «тулкилар» Лига кубогида овланди (5:2), кейин эса чемпионат доирасидаги ўйинда ҳам ишончли ҳисобда тор-мор этилди.
Ўз-ўзидан, якшанба кунги ўйинда рақибнинг қаршилик даражаси юқорироқ эди, аммо биринчи бўлимда Бруну Фернандешнинг индивидуал ҳаракатлари барчасини ҳал қилди. У аввалига узоқдан кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди, бўлим охирида эса қанотдан йўллаган узатмаси билан Кристенсенни ўз дарвозасини ишғол этиб қўйишга мажбур қилди. Португалиялик яримҳимоячи иккинчи бўлимда Гарначонинг голига ҳаммуаллифлик қилди ва АПЛдаги голли ҳаракатлари сонини 100 тага етказиб қўйди (56+44). У тўпни жарима майдони бурчагига етказиб берди ва урда турган аргентиналик қарама-қарши тўққизликни аниқ нишонга олди. Аморим юқори кайфиятдаги жамоани қабул қилиб олмоқда.
«Тоттенҳэм» — «Ипсвич» 1:2
Голлар: Бентанкур (69) — Смодич (31), Делап (43).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи, Дрэгушин, Ромеро, Порро, Сарр (Вернер, 66), Бентанкур (Биссума, 84), Кулусевски, Сон, Соланке, Жонсон (Мэддисон, 84).
«Ипсвич» – Мурич, Дэвис, Бержесс, О`Ши, Туанзебе, Каюсте (Луонго, 90+2), Морси, Смодич (Кларк, 71), Ҳатчинсон, Жонсон, Делап (Ҳерст, 70).
Огоҳлантиришлар: Туанзебе (21), Делап (46), Жонсон (65), Бентанкур (78), Дэвис (90+3), Ҳатчинсон (90+8).
«Тоттенҳэм»га доимгидек барқарорлик етишмаяпти. Ангелос Постекоглу жамоаси бир неча кун ичида «Манчестер Сити»ни Лига кубогидан чиқариб юбориши ва «Астон Вилла»ни йирик ҳисобда тор-мор этиши (4:1) ҳам, «Кристал Пэлас»га ютқазиши ва сўнгги ўринларда бораётган «Ипсвич» билан ўйинда муаммоларга дуч келиши ҳам мумкин. Лондонга ташриф буюргунига қадар «тракторчила» бу мавсумда бирорта ғалабага эриша олмаган ва фақат дуранглар эвазига беш очко жамғарганди. Аммо якшанба кунги ўйинда жамоа катта илҳом билан тўп сурди. Смодикс чалқанча услубда йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Кўп ўтмай жамоа тўпурари Делап голли узатма ёнига ўз голини қўшиб қўйди. Иккинчи бўлим бошида «шпорлар»нинг голи бекор қилинмаганида, ўйин бошқача сценарийда давом этиши ҳам мумкин эди. Кейинроқ бурчакдан узатмани Бентанкур голга айлантирди, сўнгги дақиқаларда эса Мурич Соланкенинг зарбасини оёқлари билан тўсиб, жамоаси учун ғалабани сақлаб қолди.

Италия: «Рома»да яна истеъфо
«Аталанта» — «Удинезе» 2:1
Голлар: Пашалич (56), Туре (60, автогол) — Камара (45+3).
«Аталанта» – Карнезекки, Жимсити (Эдерсон, 25), Хин, Коссуну, Лукман, Самаржич (Брешианини, 68), Ружери, де Рон, Пашалич, Жаппакоста (Белланова, 46), Ретеги (Заниоло, 68).
«Удинезе» – Окойе, Туре, Бийол, Жанетти (Абанква, 77), Камара (Земура, 67), Эхизибуэ, Пайеро, Карлстрем, Ловрич (Саррага, 60), Товен (Лукка, 67), Дэвис (Браво, 78).
Огоҳлантиришлар: Туре (84), Лукман (90+1).
«Аталанта» қаторасига олтинчи ғалабага эришиб, «Ювентус»ни кучли учликдан чиқариб юборди. Лекин бу ғалабага эришиш осон бўлмади, «Удинезе» биринчи бўлим охиридаги сўнгги ҳужумда гол уриб, бергамоликларни ҳисобда ортда қувишга мажбур қилди. Камара кучли зарба билан олис бурчакни аниқ нишонга олди, танаффусдан кейин майдонга тушган Белланова эса тўрт дақиқа ичида ўйинни ўзгартирди. Ушбу ҳимоячи аввалига тўпни жарима майдони марказидаги Пашаличга етказиб берди, кейин эса қанотдан берган узатмаси била Турени автогол уришга мажбур қилди. Жан Пиеро Гасперини нормани бажарди, чунки жамоа сўнгги 11 уй учрашувида мунтазам равишда камида иккитадан гол уриб келмоқда. «Аталанта»да бундай серия охирги бор ўз тарихидаги энг ёрқин мавсумида, 2020 йилда кузатилганди.
«Интер» — «Наполи» 1:1
Голлар: Чалхонўғли (43) — Мактоминей (23).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Чалхонўғли (74).
«Интер» – Зоммер, Бастони (де Врей, 89), Ачерби, Павар, Димарко (Дармиан, 82), Думфрис, Мхитарян, Чалхонўғли (Зелински, 82), Барелла, Мартинес (Арнаутович, 89), Тюрам (Торимий, 82).
«Наполи» – Мерет, Оливера, Буонжорно, Рраҳмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Гилмор (Лоботка, 60), Замбо-Ангисса, Кварацхелия, Лукаку (Симеоне, 77), Политано (Нгонж, 84).
Огоҳлантириш: Думфрис (80).
Пешқадамлик учун кураш шиддатли кечди. Биринчи бўлимда Кварацхелия, Павар, Барелла голга жуда яқин келишди. Ҳисобни эса Мактоминай очди, у Ррахманининг зарбасига оёқ қўйиб, тўпни дарвозага тўғрилаб юборди. «Интер» бўлим охирида жавоб қайтара олди. Мерет бўлим давомида сейв ижро этиш билан машғул бўлди, аммо Ҳоқон Чалхонўғлининг мураккаб траектория бўйича кетган зарбасига ета олмади. Туркиялик яримҳимоячи «Наполи»га жарима зарбасидан иккинчи бор гол урмоқда.
Шу билан бирга, жанубликларга қарши ўйинда унинг пеналтилар бўйича идеал серияси барҳам топди. У бунгача қаторасига 17 бор «нуқта»дан бенуқсон зарба йўллаганди, Ўн саккизинчи уринишда тўп устунга тегди. Барчасини сантиметрлар ҳал қилди — «Наполи» эса биринчи ўринни сақлаб қолди, аммо «Аталанта», «Фиорентина», «Лацио» ва «Интер» каби таъқибчилар билан фарқ атиги бир очко. Орадаги фарқ катталашиши ҳам мумкин эди, аммо қўшимча дақиқаларда Симеоненинг қулай вазиятда йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсин устидан ўтиб кетди.
«Рома» — «Болоня» 2:3
Голлар: Ал-Шаъровий (63, 82) — Кастро (25), Орсолини (66), Карлссон (77).
«Рома» – Свилар, Анҳелино, Ндика, Манчини, Пизилли (Балданзи, 61), Соуле (Шомуродов, 57), Челик (Дал, 61), Коне (Паредес, 80), Кристанте, Ал-Шаъровий, Довбик.
«Болоня» – Скорупски, Миранда, Лукуми, Бекема, Де Силвестри (Пош, 46), Побега, Фройлер, Ндойе (Карлссон, 23), Одгор (Фаббиан, 67), Орсолини (Казале, 84), Кастро (Даллинга, 68).
Огоҳлантиришлар: Де Силвестри (45), Миранда (68), Манчини (87), Карлссон (87), Ал Шаъровий (90+6).
Октябр ойи бошидан буён А сериядаги сўнгги беш ўйинида уч бор ютқазиб, бир марта дуранг ўйнаган римликлар турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолиб кетган. «Болоня»га қарши Римда кечган ўйинда ҳам вазиятни ўнглашнинг уддасидан чиқилмади, меҳмонлар биринчи бўлимни ҳисобда олдинда борган ҳолда якунлашди, иккинчи бўлим бошида Ал-Шаъровийнинг голига Орсолини тезда жавоб қайтарди, кўп ўтмай Карлссон ҳисобдаги фарқ иккитага етказди. Захирадан ўйинга қўшилган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов Ал-Шаъровийга иккинчи голни уришга ёрдам берди, аммо мезбонларнинг бундан ортиғига кучи етмади.
Ўйиндан кейин раҳбарият дарҳол Иван Юрични истеъфога чиқарди. Сентябр ойининг иккинчи ярмида Даниеле де Росси ўрнига тайинланган ушбу хорватиялик мутахассис қарийб икки ойлик фаолияти давомида 12 ўйинда барча турнирлар доирасида фақат 4 ғалабага эришди 5 бор ютқазди ва 3 марта дуранг ўйнади. Энди унинг ўрнига жамоанинг яқинда Саудия Арабистони миллий жамоаси бошқарувини тарк этган Роберто Манчини ҳамда римликларга олдин ҳам бош мураббийлик қилган Клаудио Раниери (2009—2011, 2019) ҳамда Руди Гарсия (2013—2016) номзоди кўриб чиқилмоқда.

Германия: Штутгартда драма
«Штутгарт» — «Айнтрахт» 2:3
Голлар: Вагноман (86), Волтмейд (90) — Экитике (45), Браун (55), Мармуш (62).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Демирович (22, Штутгарт).
Германиядаги топ-клублар ўз ўйинларини бир кун олдин ўтказиб бўлганди, аммо амалда турнинг марказий учрашуви якшанба куни Франкфуртда ўтказилди, бу ерда турнир жадвалида учинчи поғонада кетаётган жамоа ўтган мавсумни шу ўринда якунлаган жамоа меҳмони бўлди. Ҳозирда шваблар қийин даврда, жамоа ёзда муҳим ижрочиларидан айрилганди, Чемпионлар лигасига чиқиш эса қўшимча юк бўлди. Шу билан бирга, ўн биринчи ўринни эгаллаб турган Себастян Ҳёнесс жамоасини учинчи ўриндан атиги тўрт очко ажратиб турганди. Математик жиҳатдан — мухлислар кўз ўнгида бу фарқни қисқартириш учун идеал шароит. Бунинг учун имкониятлар етарлича бўлди. Ўйин дебютида «бургутлар»нинг энг яхши тўпурари Мармуш қулай имкониятни қўлдан чиқарди, биринчи бўлим ўрталарида «Штутгарт» пеналти ишлади, аммо Демирович Траппни доғда қолдира олмади. Кейин эса мезбонларнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, бўлим Экитике бурчак зарбасидан кейин меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқиши билан якунланди.
Иккинчи бўлим ҳам мезбонларга шафқатсиз сценарийда давом этди. Кнауфф рақиб жарима майдони ичида икки ҳимоячи орасидан ўтиб, Браунга голли пас берди, кўп ўтмай Мармуш мавсумда учинчи бор жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Қолаверса, мисрлик ушбу ҳужумчи ҳозирда ватандоши Салоҳ билан биргаликда топ-5 лигаларда энг яхши ассистент (10 голли узатма) бўлиб турибди. Қолган вақт давомида ушбу оқшом омадсизи Демировичнинг зарбаси тўсинга тегди, Фюрих ҳам қулай вазиятда Траппга гол уролмади. Сўнгги дақиқаларда «Штутгарт» икки гол уриб, ҳисобни қисқартирди, қўшиб берилган саккизинчи дақиқада урилган учинчи голни эса VAR офсайд туфайли бекор қилди.

Кун статистикаси:
«Лион» 1986 йилдан буён 1-бор «Сент-Этен»га қарши дербини президент Жан-Мишел Олассиз ўтказди.
«Фиорентина» ҳужумчиси Мойзе Кин фаолиятидаги 1-ҳет-трикка эришди.
Ла лиганинг ўн уч турида 1 ғалаба (+1=7-5) — «Хетафе» тарихидаги энг ёмон старт.
«Лион» ҳужумчиси Александр Ляказетт Рон дербиси тарихида Лиондаги «Жерлан» ва «Групама» ҳамда Сент-Этендаги «Жоффруа Гишар» стадионларидаги дербиларда гол урган 1-футболчи бўлди.
«Аякс» охирги беш ўйинидан 3 тасида ҳисобда ортда борган ўйинларида мағлубиятдан қутулиб қолди (+2=1). Амстердамликлар бунгача Нидерландия чемпионатида 433 ўйинда шунча иродали натижа кўрсатганди.
«Фенербаҳче» яримҳимоячиси Амрабат фаолиятида илк бор қаторасига 3 та ўйинда голли ҳаракат содир этди (2 гол ва 1 узатма).
«Челси» вингери Педру Нетунинг охирги етти голидан 5 таси «катта олтилик» жамоаларига урилган.
«Фиорентина»нинг ғалабали серияси 6 ўйинга етди. Бу мавсумда топ-5 лигаларда шундай муваффақиятли оралиқ фақат «Барселона» (7) ва «Аталанта»да (6) бўлган.
«Спортинг» 6 йилдан буён икки тўп фарқи билан ҳисобда ортда борган ўйинларида ғалаба қозона олмаганди. Аморим бошқарувидаги сўнгги ўйинда «шерлар» «Брага» устидан камбэк содир этишди (4:2).
«Валядолид» бош мураббийи Пауло Пеццолано мавсум бошидан буён 7 марта сариқ карточка олишга улгурди.
«Лацио» 12 турда 8 ғалабага эришди. «Бургутлар»да бундан муваффақиятлироқ старт фақат 2017 йилда (9 ғалаба) кузатилганди.
Португалия юқори дивизионида 1000 гол уришга эришган 12-жамоа «Риу-Ави» бўлди.
Португалия лигасида мағлубиятсиз 32 ўйин — «Спортинг» учун клуб рекорди бўлди.
«Арсенал» ҳужумчиси Габриэл Мартинелли АПЛ доирасида урган голлари сонини 35 тага етказиб, бу борада Сеск Фабрегас билан тенглашиб олди.
Мавзуга оид
13:31 / 04.05.2026
«Интер» – чемпион, «Реал» «Барса»га тож кийдиришни кечиктирди. Кун ўйинлари
11:26 / 03.05.2026
«Арсенал»да йирик ғалаба, «Барса» бугун чемпион бўлиши мумкин
12:07 / 30.04.2026
«Арсенал» Мадриддан дуранг билан қайтди
14:07 / 29.04.2026