13 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Инглиз тили саводхонлигида пасайиш, Қўшработда ўғирлаб зўрланган қиз, қамоққа қайтарилган ҳокимнинг ўғли ва биржада АИ-80 бензин нархига чеклов — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Инглиз тили саводхонлигида пасайиш
2024 йилги EF English Proficiency индексига кўра, Ўзбекистон – аҳолиси орасида инглиз тилини билиш даражаси энг паст мамлакатлар қаторида қолмоқда.
Айниқса, 18-20 ёшлилар гуруҳидаги натижаларнинг пастлиги эътиборга молик. 21-25 ёшли талабалар ўртасида эса инглиз тили саводхонлиги сезиларли яхшиланган. Ҳудудлар миқёсида энг яхши кўрсаткич Андижон шаҳрида қайд этилган.
Бу йил Ўзбекистон 114 та мамлакат орасида 98-ўринда қайд этилган. Бу ўтган йилгидан пастроқ: 2023 йилда Ўзбекистон 113 та мамлакат орасида 93-ўринда эди. Ўз навбатида, ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли ҳам 442 дан 439 гача пасайган. Бу – CEFR шкаласи бўйича B1 даражага тенг.
EF Education First компанияси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқорироқ бўлиб қолмоқда. Бу борада Андижон шаҳри биринчи ўринда боряпти. Пойтахт Тошкент иккинчи ўринда қайд этилган. Фарғона шаҳри – учинчи ўринда. Юқори бешликдан яқин кўрсаткичлар эга Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари ҳам жой олган.
Энг паст кўрсаткич Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида қайд этилган.
Биржада АИ-80 бензин нархига чеклов
Рақобат қўмитаси биржада АИ-80 маркали бензиннинг бошланғич нархи учун 5 фоиз миқдорида чеклов — спред ўрнатди. Шунингдек, битта харидорга 4 тонна бензин сотиш чеклови ҳам сақлаб қолинади.
Ушбу қарор нархларга сезиларли таъсир қила бошлаган. Хусусан, 13 ноябр кунги савдоларда АИ-80 бензинининг ўртача нархи тоннасига 1,2 млн сўмдан кўпроққа пасайиб, 9,3-9,4 млн сўмгача арзонлашган.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқарган бензиннинг дастлабки нархи бир тоннаси учун 8 млн 931 минг сўмни ташкил этса, жорий этилган чекловни ҳисобга олган ҳолда бир тонна бензиннинг энг юқори нархи 9 млн 377 минг сўмга тенг бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрдан бошлаб суюлтирилган газ нархларининг бошланғич нархига нисбатан ҳам 20 фоиз миқдорида чеклов жорий этилганди.
Самарқандда мактаб ўқувчиси ўғирлаб кетилди
Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ва зўрланган, деб хабар бермоқда “Сукут сақлама” лойиҳаси.
Жабрланувчи қизга аризасини қайтариб олиш учун босим ўтказилаётгани айтилмоқда. Гумонланувчилар ҳали ушланмаган.
Қизнинг яқинларига кўра, у 2024 йил 23 сентябр куни ўғирлаб кетилган. Орадан маълум вақт ўтгач, қариндошлари қиз йўқолгани ҳақида ариза ёзган. Жабрланувчи орадан 13 кун ўтиб, 6 октябр куни баданида зўравонлик излари билан топилган.
Қизнинг ҳикоя қилишича, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва маст қилувчи моддалар қабул қилишга мажбурлаб, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Яқинлари уни шифокорга олиб борган.
Болалар омбудсманига кўра воқеа юзасидан “жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вояга етмаган қизга нисбатан суд-тиббий ва биологик экспертизалари тайинланган.
Тумани ҳокими ўғли қамоққа қайтди
Фермер хўжалиги учун электр токи ўғирлаган шахс бу қилмиши учун аввалига 2,5 йилга қамалган, лекин кейин вилоят суди унга берилган жазони асоссиз равишда озодликни чеклаш жазосига алмаштирганди.
8 ноябр куни Уйчи туманидаги «Жийдакапа барака чорва» фермер хўжалиги раҳбари (Поп тумани ҳокимининг ўғли) Ғулом Султоновнинг иши Наманган вилоят судида тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган ва биринчи инстанция судининг ҳукми ўз кучида қолдирилган.
Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг ҳукмига кўра, фермер Ғулом Султонов чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш цехини очиб, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олган ва 200 млн сўмдан ортиқ электр энергиясини яширинча талон-торож қилган. Бу қилмиши учун у 2,5 йилга “кесилган” эди.
Лекин кейинроқ, Наманган вилоят суди апелляция инстанцияси ҳукмни 3 йиллик озодликни чеклаш жазосига алмаштирган. Айни шу суд Жиноят кодексининг бир хил моддаси билан айбланган оддий фуқаронинг апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, 2,5 йиллик қамоқни аслича қолдирган эди.
Туман ҳокимининг ўғлига берилган жазо енгиллаштирилгани масаласида кейинроқ вилоят прокуратураси тафтиш тартибида протест киритган. Натижада вилоят суди ҳайъатининг тафтиш инстанцияси ажриб чиқариб, апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилган ва биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдирган.
Мавзуга оид
21:40
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024