Ўзбекистон | 11:49 / 03.12.2024
2564
2 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйлардаги локал қозонхоналар учун газ нархи пасайтирилди

Локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар 650 сўмдан ҳисобланади.

Фото: ЎзА

Кўп квартирали уйларни бошқариш органларидаги локал қозонхоналарга иссиқлик энергияси етказиб бериш учун табиий газ тарифлари пасайтирилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

2024 йил 31 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 111-бандига асосан, маиший истеъмолчини газ билан таъминлаш учун табиий газдан фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар коммунал-маиший истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар ва шартлар асосида амалга оширилиши қайд этилган.

Мазкур талаб асосида аҳоли эҳтиёжлари учун иссиқлик энергияси етказиб беришда локал қозонхоналарда меъёрдан ортиқ табиий газ истеъмол қилинган бўлиб, тўловлар ва ҳисоб-китоблар 4 баробаргача қиммат тарифларда ҳисобланиб келинган. Бунинг оқибатида аҳоли локал қозонхоналар орқали иссиқлик энергиясидан фойдаланишда қиммат нархларда тўлов қилишга мажбур бўлган. 

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида ҳукуматга тегишли ташкилотлар томонидан таклиф киритилган ва Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори билан тасдиқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 111-банди ўзгартирилган.

“Локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар маиший истеъмолчилар учун базавий меъёр бўйича белгиланган тариф асосида (яъни амалда 650 сўм) амалга оширилиши қайд этилди”, дейилади Рақобат қўмитаси хабарида.

Мавзуга оид