5 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Талабалар учун қишки таътил муддати, парламент 9 дақиқада тасдиқлаган қўшимча 10 трлн харажат, президент маслаҳатчилари таркибидаги янгиланишлар, халқаро мукофотга сазовор бўлган «Эзгулик» жамияти — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Талабалар учун қишки таътил қачон?
Кўрсатувимизни барча талаба ёшларни қизиқтирган хабар билан бошлаймиз.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буйруғига кўра, 2024-2025 ўқув йилининг қишки таътили 25 декабрда бошланади.
Қишки таътил 2025 йил 7 январ кунигача (шу кун ҳам) давом этади. Таътил барча олий таълим ташкилотлари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицей ўқувчилари учун белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, бу қарор таълим жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.
Демак, олий ва ўрта махсус таълим масканларида қишки таътилдан сўнг ўқиш 2025 йилнинг 8 январ куни бошланади.
Ҳукумат 10 трлн сўм ортиқча сарфлади
2024 йил учун давлат бюджети харажатлари 10 трлн сўмга кўпайиб, 265,4 трлн сўмга етди.
Эътиборлиси, янгидан шакллантирилган Қонунчилик палатаси ўзгаришларни 9 дақиқа ичида тасдиқлади, қарши овоз берилмади. Ҳеч бир депутат нега бундай харажатлар келиб чиққани юзасидан савол ҳам бермаган.
Бюджетнинг ортиқча харажатлари таълим, маданият, инфратузилма ва ижтимоий дастурларга қайта тақсимланган.
Қўшимча харажатлар учун таълим кредитлари, ижтимоий ёрдамлар ва энергия таъминоти учун 2 трлн сўм ажратилди. Шу билан бирга, болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар 2 трлн сўмга қисқартирилди. Маданият ва инфратузилма учун 1,7 трлн сўм тежалган маблағ қайта тақсимланди.
Спикер Нуриддин Исмоиловнинг таъкидлашича, қонун 4 моддадан иборат бўлиб, қўмиталарда муҳокама қилинган ва шу куннинг ўзидаёқ қабул қилинган. Қонун Сенатга юборилди.
Президент маслаҳатчилари таркиби янгиланди
Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Русланбек Давлетов тайинланди. Шу муносабат билан у ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимидан озод этилди.
Яқиндагина ишдан олинган ДХХнинг собиқ раиси Абдусалом Азизов ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У Давлат хавфсизлик хизматига раис бўлишидан аввал ИИВ, мудофаа вазирлигида фаолият юритган, генерал-лейтенант ҳарбий унвонига эга.
Сухроб Юсупов ва Адҳам Турдиев ҳам маслаҳатчининг ўринбосарлари этиб тайинланишди. Улар муқаддам Адлия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.
Музаффар Комилов ва Олим Салиев дин ва миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчи ва унинг ўринбосари лавозимларидан озод этилди.
Халқаро мукофотга сазовор «Эзгулик»
Ўзбекистоннинг «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти Франция Республикасининг «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Франция Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси хабар берди.
«Эзгулик» Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида тан олинган. Мукофот уларнинг Россияда истиқомат қилаётган ўзбек ишчилари ва маҳбусларининг армияга мажбурий жалб этилишига қарши хабардорликни ошириш бўйича лойиҳаси учун берилди.
Мукофот 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари кунида Парижда ўтказиладиган маросимда жамият раҳбари Абдураҳмон Ташановга Франция Бош вазири томонидан топширилади.
Шунингдек, ғолиблар орасида Камерун, Ҳаити, Колумбия ва Суриядан ташкилотлар ҳам бор.
Хориждаги маҳкумларни қабул қилиш тартиби
Президент томонидан имзоланган қонун билан хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кучайтирилди.
Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар хорижда жазо ўтаётган ёки мажбурий даволанишда бўлган фуқароларни Ўзбекистонга қабул қилиш тартибини белгилади.
Қонун янги боб орқали хорижий суд қарори ижроси, маҳкумларни қабул қилиш, жазо ёки даволашни давом эттириш тартибини қамраб олади. Шунингдек, суд жараёни иштирокчилари учун аниқ процессуал мақом белгилашга қаратилган.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Октябр ойида Сенат ялпи мажлисида маъқулланган ушбу қонун ўзбекистонлик фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди.
Парламент сайловлари хорижлик экспертлар нигоҳида
5 декабр куни Тошкентда халқаро конференцияда 2024 йил октябр ойидаги парламент сайловлари натижалари муҳокама қилинди. Прогрессив ислоҳотлар маркази ташаббуси билан ўтказилган тадбирда сиёсатчилар, фуқаролик жамияти етакчилари ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Конференцияда ёшлар иштироки кенгайгани, парламентда аёллар улуши ошгани ва рақамли технологияларнинг жорий қилиниши инсон омилини камайтиргани қайд этилди.
«e-saylov тизими инсон омилини қисқартириб, демократик жараёнларга қулайлик яратди. Бу тажрибани хорижий кузатувчилар ҳам ўрганиш истагини билдирди», — деди Олий Мажлис Сенати биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.
Тадбирда янги парламентнинг ислоҳотлардаги ўрни ва келгуси истиқболлари муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар сайловлардаги рақамли инновацияларни юқори баҳолади.
Мавзуга оид
21:05
27 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:02 / 26.12.2024
26 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:21 / 25.12.2024
25 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:11 / 24.12.2024