Жаҳон | 16:59 / 30.01.2025
5974
2 дақиқада ўқилади

Туркияда қалбаки алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 23 кишига етди

Истанбулдаги бош консулхонага кўра, вафот этганларнинг икки нафари — аёл. Шунингдек, спиртли ичимликдан заҳарланган баъзи Ўзбекистон фуқаролари даволаниш курсини якунлаб, шифохонадан чиққан.

Фото: Getty images

2025 йил 30 январ ҳолатига кўра, Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланган Ўзбекистон фуқаролари сони 23 нафарга етди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, вафот этганларнинг икки нафари — аёл.

Бош консулхонага кўра, вафот этган барча фуқароларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ва Миграция агентлиги томонидан тегишли консуллик, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, баъзи ватандошлар даволаниш курсини якунлаб, шифохонадан чиққан, айримлари эса тиббий муолажаларни давом эттирмоқда.

«Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхонаси ушбу масала бўйича назоратни давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 15 январ куни Бош консулхонага 4 нафар фуқаронинг қалбаки спиртли ичимлик истеъмол қилиш натижасида вафот этгани бўйича мурожаатлар келиб тушганди. Кейинроқ вафот этганлар сони 17 кишига етгани тўғрисида хабар берилди. Баъзи Ўзбекистон фуқаролари заҳарланган бўлса-да, уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, шифохонага бормаган ҳолатлар ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолатга алоқадорликда айбланиб, икки нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши очилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид