Спорт | 13:10 / 03.03.2025
12651
11 дақиқада ўқилади

«Барселона»дан яна голлар ёмғири, «МЮ»да яна мағлубият. Кун ўйинлари

Каталонияликлар яна яккапешқадам бўлиб олди, Шомуродов клуби билан еврокубок йўлланмаси учун курашмоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Carl Recine/Getty Images

Англия: Гордон уялтирди

«Нюкасл» – «Брайтон» – 1:2
Голлар:
Исак 22 пен – Минте 44, Уэлбек 114.
Четлатишлар – Гордон 83 – Лэмпти 90+1.

«Нюкасл» яна совринсиз қолди ва «қарғалар» жамоаси мухлисларида жамоа юлдузи Гордонга етарлича саволлар бор. АПЛ ўйинларида мунтазам кузатиладиган тўп учун кескин кураш вақтида ушбу вингер рақибдан ўч олишга қарор қилди ва икки қўли билан унинг томоғига ҳамла қилди. Ҳакам эса ҳақли қизил карточка кўрсатди. Саккиз дақиқа ўтиб Лэмпти иккинчи сариқ карточкани олгач, жамоалар сон жиҳатдан тенглашиб олди. Лекин «Нюкасл» ўйинни йўқлиги сезиладиган асосий футболчисисиз давом эттириши керак эди. «Брайтон»да эса латералнинг ўрнини бошқа футболчилар боса оларди. Шу туфайли овертаймларда «чайкалар» яхшироқ ўйнагани ажабланарли эмас. Натижада — захирадан тушган Уэлбек Марчнинг узатмасини қабул қилиб, тўпни Дубравка устидан ошириб ташлади ва ғалаба голини урди. Қаторасига бешинчи ўйинида ғалаба қозонган «Брайтон» Англия кубоги чоракфиналига чиқди.

«МЮ» – «Фулҳэм» – 1:1.
Пеналтилар серияси: 3:4
Голлар:
Бруну Фернандеш 71 – Бэсси 45+1
«Манчестер Юнайтед»: Онана, Йоро (Линделёф, 53), Магуайр (Ҳевен, 90), де Лигт, Эриксен (Каземиро, 68), Зиркзе, Диогу Далот, Бруну Фернандеш, Угарте (Гарначо, 53), Мазравий, Ҳойлунд (Оби-Мартин, 68).
«Фулҳэм»: Лено, Робинсон, Басси, Андерсен, Кастан, Берге, Лукич (Рид, 101), Ивоби (Сессенон, 107), Перейра (Виллиан, 90), Траоре (Смит-Роу, 53), Родриго Муниз (Хименес, 90).

Бир неча соатдан сўнг эса «МЮ» мавсумни соврин билан якунлашдан умид узди, «қизил иблислар» ўтган йил баҳорида қўлга киритилган совринни сақлаб қолиш имкониятлари билан хайрлашди. Бу жамоа учун мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бири эди, аммо футболчиларни «Олд Траффорд» трибуналари ҳам илҳомлантира олмади. Мезбонлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ мағлубиятни тан олиши мумкин эди. Баъзи ҳолатларда уларга очиқчасига омад кулиб боқди, аммо бўлим охирида рақиб ҳимоячиси Бесси бурчакдан оширилган тўпни дарвозага йўллади. Бу жорий мавсумда «МЮ» бурчак зарбалардан кейин ўтказиб юборилган ўн учинчи гол бўлди.

Иккинчи бўлимда жавоб голи урилгач, мезбонлар энди ўйинда бурилиш ясагандек кўринганди. Голли ҳужумда Гарначо муҳим рол ўйнади, Диогу Далотнинг қанотдан узатмасини эса Бруно Фернандеш голга айлантирди. Ҳакам асосий вақтга ўн дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқаларда иккала жамоа ҳам овертаймдан қочиш учун бор кучини ташлади. Онана Смит-Роунинг мураккаб зарбасини амаллаб қайтарди ва жамоа учун имконият сақлаб қолди. Ўз навбатида, мезбонлар сафида Оби-Мартин ва Гарначо қулай имкониятлардан фойдалана олмади.

Биринчи қўшимча бўлимдаги энг яхши вазият «МЮ»да юзага келди — 19 ёшли Оби-Мартин яқин масофадан зарба йўллади, аммо Лено тўпни ўтказмади.

Қўшимча ярим соатда ҳам ҳисоб ўзгармади ва барчаси пеналтилар сериясида ҳал қилинадиган бўлди. Лотореяда «Фулҳэм» футболчилари бенуқсон ҳаракат қилишди, Лено эса Линделёф ва Зиркзенинг зарбаларини қайтариб, жамоасини чоракфиналга олиб чиқди.

Испания: Флик эффекти

«Барселона» – «Реал Сосиедад» – 4:0
Голлар:
Жерар Мартин 25, Марк Касадо 29, Араухо 56, Левандовски 60.
«Барселона»: Шченсни, Мартин, Кубарси (Эрик Гарсия, 59), Араухо (Форт, 76), Кунде, Касадо, Рафинья (Ферран Торрес, 59), Педри (де Йонг, 59), Олмо (Лопес, 71), Ямал, Левандовски
«Реал Сосиедад»: Ремиро, Хави Лопес, Элустондо, Субелдия, Арамбуру (Траоре, 64), Субименди (Туррентес, 46), Марин, Оласагасти (Мартин, 20), Серхио Гомес, Барренечеа (Марескуррена, 46), Оускарссон (Мунйос, 77), Марреро.
Четлатиш: Элустондо, 17.

Каталония пойтахтида «Реал Сосиедад»дан камида муносиб ўйин кутилганди. Басклар ўйинни фаол бошлади ва дарвозани ишғол ҳам этишди, аммо бу гол офсайд туфайли бекор қилинди. Кейин эса яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Оскарсоннинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди, аммо Иманола Алгуасилянинг иш бериб турган режасини битта эпизод бузиб қўйди. 17-дақиқада яккама-якка вазиятга чиқиб кетиши мумкин бўлган Олмо Элустондо томонидан газонга йиқитилди. Натижада ҳимоячи тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатилиб, майдондан четлатилди. Меҳмонлар жойлашувни ўзгартиришга улгурмасидан «Барса» ўйин тақдирини ҳал қилди.

«Соседад» маълум вақт давомида тўлиқ ҳимояга ётганча ҳисобни ушлаб турди. Аммо 25-дақиқада Ямалнинг дриблингига қарши чора топилмади. Вингер Барренечеадан ўтди, масхараомуз финти билан Лопесни ўтирғизиб кетди ва Олмони тўп билан таъминлади. Унинг олис устун томон пасини эса Жерар Мартин голга айлантирди. Ушбу мавсумда бешинчи бор бошланғич таркибда тушган ҳимоячи илк голини нишонлади.

Бир неча дақиқа ўтиб таянч яримҳимоячиси Касадо ҳам Олмонинг саъй-ҳаракатлари эвазига чемпионатдаги илк голини урди. Шу тариқа, каталонияликлар сафида бу мавсумда камида битта гол урган футболчилар сони 19 (!) нафарга етди.

Шундан кейин ўйин қуруқ расмиятчиликка айланди. «Барселона» хотиржамлик билан барчасини назорат қилди. Тўпга эгалик қилиш бўйича 75 фоиз, зарбалар бўйича 12:0, бурчак зарбалари бўйича 7:0 — биринчи бўлим статистикасига қараб, «Сосиедад»нинг бир эмас, бир неча футболчиси четлатилган деб ўйлаш мумкин эди.

Иккинчи бўлимда эса мезбонларнинг марказий ҳимоячиси Араухо фаолиятида илк бор бир ўйинда гол ва голли пас муаллифига айланди, унинг узатмаси билан Левандовски мавсумдаги 34-голини урди. Полшалик форвард март ойидаёқ «Барселона»даги энг сермаҳсул мавсумини қайд этмоқда. Кўк-анорранглилар мавсум бошидан буён барча турнирлар доирасидаги қирқ ўйинида 124 гол уриб бўлди. Ҳанси Флик Испания «Реал»нинг 1959/60 (132 гол) йиллар мавсумидан буён гувоҳ бўлмаган графиги бўйича кетмоқда. 

Ўйин якунигача зарбалар сони бўйича ҳисоб 33:0 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 10:0) кўринишини олди. Каталониялик футболчилар шунча имкониятдан тўрт гол уриш билан чекланди, лекин бу ла лигада яна яккапешқадам бўлиб олиш учун етарли бўлди.

Италия: миланликлар протести

«Милан» – «Лацио» – 1:2
Голлар:
Чуквуеза 84 – Дзаккини 28, Педро 90+8 пеналтидан.
Четлатиш: Павлович, 67 (М).

«Милан» мухлисларининг сабр косаси тўлмоқда. Улар Италия Кубоги яримфиналида «Интер»га қарши кечадиган қарама-қаршиликда яхши натижа кўрсата олса, жамоани кечириши мумкин. Ҳозирча эса тиффози охирги марта огоҳлантириш билан чиқиб, америкалик хўжайинлардан менежмент истеъфосини ва клубни сотишни талаб қилишди. Бу баёнот билан биргаликда норозилик акцияси ўтказилиб, ўйиннинг дастлабки ўн беш дақиқасида фанатлар трибунаси бўш қолдирилди. Бу вақт давомида эса миланликлар «Лацио»ни қийинчилик билан тўхтатиб туришди, Менян биринчи ҳужумдаёқ яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Диа билан дуэлда устун келди.

Фанатлар қайтиб, «Сан-Сиро» куйлай бошлаганидан кейингина россонерилар босимни ошира бошлашди. Фақат Павловичнинг аҳмоқона тўп йўқотишидан кейин жамоа ўйинини издан чиқарди, бу вазиятда Менян яна бир бор ўзини кўрсатди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб Дзаккани етиб келди. Сержиу Консейсау дарҳол реакция кўрсатди ва биринчи бўлимдаёқ яримҳимоячи Муса ўрнига ҳужумчи Жоау Фелишни туширди. Фақат шу куни Португалия миллий жамоасиники каби рангларда ҳаракат қилган ва асосий етакчилари португаллардан иборат бўлган мезбонлар «Лацио»ни чўчита олмади, римликлар ўйинни хотиржамлик билан давом эттирди.

Иккинчи бўлимда мезбонлар ўйинни яна кучайтиришди. Аммо уларга гоҳ вазиятларни якунлашда аниқлик етишмади, ёки тўпни қабул қилишда даража панд берди. Вазиятлардан бирида жамоанинг қишки трансферларидан бири Сантяго Хименес Пулишичнинг ажойиб пасини йўққа чиқарди. Иккинчи бўлимда ҳам Павлович антиқаҳрамонга айланиб, қизил карточка олди ва жамоасини қийин ҳолатда қолдирди. Аммо «Милан» ўн киши бўлиб қолганидан кейин жавоб қайтарди, Чуквуэзе Рафаэл Леаунинг узатмасини голга айлантирди. Жамоа характер кўрсатганига қарамай, якунда очкосиз қолди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда римликларнинг ҳужумида шубҳали пеналти белгиланди, 37 ёшли Педро эса зарба беришда адашмади. Россонерилар кетма-кет учинчи мағлубиятдан кейин турнир жадвалида тўққизинчи ўринга шўнғиди (охирги олти турда биргина ғалабага эришилган), «Лацио» эса яна топ-4 га кириб олди.

«Рома» – «Комо» – 2:1
Голлар:
Салемакерс 61, Довбик 76 – Да Куня 44
«Рома»: Свилар, Ндика, Манчини, Челик (Ренсҳ, 74), Пеллегрини (Ал-Шаъровий, 46), Дибала, Анхелинио, Паредес, Коне (Кристанте, 60), Соуле (Салемакерс, 59), Шомуродов (Довбик, 46)
«Комо»: Бюте, Вале (Алберто Морено, 74), Кемпф, Голданига, Смолчич (Войвода, 56), Да Куня, Перроне, Какре (Кутроне, 56), Диао (Фадера, 74), Пас (Иконе, 83), Стрефецца.
Четлатиш – Марк-Оливер Кемпф, 63

Январ ойида Артём Добвикнинг жароҳатидан кейин яна асосий таркиб футболчисига айланган ва феврал ойида «Рома»нинг энг яхши футболчиси деб топилган Элдор Шомуродов ички чемпионат доирасида «Комо»га қарши ўйинда ҳам бошланғич таркибдан ўрин олди. Ўтган турда «Монца» билан ўйинда бир гол ва бир ассист муаллифи бўлган ўзбекистонлик ҳужумчи бу сафар имкониятдан фойдалана олмади ва танаффусда ўз ўрнини украиналик ҳужумчига бўшатиб берди. Римликлар иккинчи бўлимда ўйинда бурилиш ясаб, Салемакерс ва Добвикнинг голлари эвазига ғалаба қозонди. Клаудио Раниери жамоаси қаторасига тўртинчи ғалабадан кейин (11 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилмоқда, охирги мағлубият биринчи даврада, декабр ойида айнан «Комо»га қарши ўйинда кузатилганди) турнир жадвалида саккизинчи ўринга кўтарилди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид