Жаҳон | 21:12 / 05.05.2025
4030
2 дақиқада ўқилади

АҚШ наркокартелларга қарши курашувчи идоралараро тузилмани тугатмоқда

Уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича идоралараро гуруҳ президент Роналд Рейган давридан бери фаолият юритиб келаётган эди.

Фото: Bloomberg

АҚШ Адлия вазирлиги Роналд Рейган давридан бери фаолият юритиб келаётган Уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича идоралараро гуруҳни тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбалари ва ички ҳужжатларга таяниб хабар берди. Шу билан бирга, эълон қилинган федерал бюджет лойиҳасида гуруҳни тугатиш қарори тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ.

Қайд этилишича, вазирлик бюджет бошқармасининг 28 апрелдаги хизмат хатида 2026 йилги федерал бюджет лойиҳаси доирасида тузилмани молиялаштиришни тўхтатиш ҳақида сўз боради. Ички ҳужжатларга кўра, барча операциялар 2025 йил охирига қадар якунланиши керак.

Organized Crime Drug Enforcement Task Force номли ташкилот президент Роналд Рейган даврида 1982 йилда тузилган. У назорат қиладиган операциялар федерал прокурорлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг минглаб ходимларини ўз ичига олади. АҚШ Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида тузилма трансмиллий жиноий гуруҳлардан 2 миллиард доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишга ёрдам берган.

2 май куни Оқ уй 2026 йил учун мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасини эълон қилди. Унга кўра, ҳарбий харажатлар 13 фоизга оширилади, таълим, уй-жой ва тиббий тадқиқотлар учун йўналтириладиган маблағлар эса қисқартирилади.

 

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид