Жаҳон | 12:45 / 05.07.2025
2066
2 дақиқада ўқилади

NBC: АҚШдаги текширувда қурол-яроғ тақчиллиги аниқланмади

Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришнинг тўхтатилиши Пентагон раҳбари Ҳегсетнинг бир томонлама ҳаракати бўлди, деб ёзади NBC. Бу АҚШ мудофаа вазирининг ўз ташаббуси билан иш қилган учинчи ҳолатдир. 

Фото: REUTERS

АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан Украинага қурол-яроғ етказиб бериш тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган АҚШ ҳарбий захиралари текширувида жиддий танқислик аниқланмади. Бу ҳақда 4 июл, жума куни Американинг NBC News телеканали манбаларга таяниб хабар берди.

Киевга ҳарбий ёрдам етказилишининг тўхтатилиши АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва унинг ўринбосари Элбриж Колбининг бир томонлама ҳаракати бўлиб, улар узоқ вақтдан бери АҚШнинг Россия-Украина урушидаги иштирокини камайтириш ва ресурсларни Тинч океани минтақасида Хитойни тийиб туришга йўналтириш тарафдори бўлган, дейди NBC'га масала билан таниш манбалар. «Ҳегсет учинчи марта Украинага ёрдам етказиб беришни тўхтатиш ташаббуси билан чиқди. Аввалги икки ҳолатда, феврал ва май ойларида унинг ҳаракатлари бир неча кун ичида бекор қилинди», — дея хабар беради телеканал.

NBC News манбаларига кўра, баъзи аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар даражаси пасайган, аммо минимал чегарага етиб бормаган. Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси хулосасига кўра, Украинага ёрдамнинг давом этиши ҳеч қандай ҳолатда Қўшма Штатларнинг жанговар тайёргарлигига путур етказмайди.

Вашингтон нафақат Украинага қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришни тўхтатди, бу қарор Пентагон АҚШдан қурол олаётган барча давлатлар устидан ўтказаётган кенг кўламли текширувнинг бир қисмидир, деб хабар берди Американинг CBS News портали 2 июл куни Оқ уйдаги манбага таяниб.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид