Жаҳон | 11:15 / 21.07.2025
1515
2 дақиқада ўқилади

Чехияда коммунизм тарғиботи тақиқланди

Чехия президенти коммунизм тарғиботи учун 5 йилгача қамоқ жазоси бериш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Фото: Bozhan Memis/Anadolu/picture alliance

Чехия президенти Петр Павел мамлакат жиноят кодексига коммунизм тарғиботи учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тузатишлар киритиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади, деб хабар бермоқда Euractiv портали.

Коммунистик мафкура тарғиботи энди Чехияда нацистлар ташвиқоти билан тенглаштирилади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қонунда «инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бостириш ёки ирқий, этник, миллий, диний ёки синфий адоватни қўзғатишга қаратилган аниқ мақсадли нацист, коммунистик ёки бошқа ҳаракатларни яратган, қўллаб-қувватлаган ёки тарғиб қилган» ҳар қандай шахс жазоланиши айтилган.

Қонунга киритилган ўзгартириш Чехиянинг қатор илмий-тадқиқот институтлари, жумладан, Тоталитар режимларни ўрганиш институти ҳуқуқий номутаносибликни тузатиш бўйича чақириқ билан чиққанидан сўнг амалга оширилди.

Коммунизмни тарғиб қилишни тақиқлаш Чехия парламенти депутати Катержина Конечна бошчилигидаги Чехия ва Моравия Коммунистик партияси томонидан қораланди. Партия бу ташаббусни «Чехия ва Моравия Коммунистик партиясини қонундан ташқари деб эълон қилиш ва ҳозирги режим танқидчиларини қўрқитиш учун муваффақиятсиз уриниш» дея маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид