Ўзбекистон | 13:01 / 21.07.2025
2200
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтнинг ҳар бир туманида кўчатхоналар ташкил қилинади

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Унга кўра туман ободонлаштириш бошқармаларига қарашли ҳудудлардан 100 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратилади. Туман ҳокимлари бир ой ичида бута кўчатларининг уруғ ва қаламчаларидан етиштириб, кўчатхоналар ташкил этади. Бунинг учун бюджетдан маблағ олинади.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 17 июлда имзолаган фармойиши билан пойтахтнинг ҳар бир туманида 100 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳудудларда кўчатхоналар ташкил этилади.

Бу вазифани бажариш туман ҳокимларига юклатилган. Бир ойда туманлардаги ободонлаштириш бошқармаларига қарашли ҳудудларда буталарнинг уруғ ва қаламчаларидан кўчатлар етиштирилиши лозим.

Бунинг учун ҳокимликнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича мажмуаси ҳамда Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган “Бута кўчатларини уруғ ва қаламчалардан кўпайтириш бўйича тақсимот режа дастури” тасдиқланиши кутилмоқда.

Фармойишга илова қилинган ҳужжатга кўра, жойларда жами 574 450 дона ҳар хил турдаги бута экилади. Уларнинг қаламчаларини парваришлаш, қўриқлаш ва агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, экилган дарахт ҳамда буталарнинг органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилиши, дарахт ҳамда буталарнинг касалланиши ва зараркунандаларга қарши курашиш чоралари кўрилиши белгиланган.

Дастурда кўрсатилган бута кўчатларини уруғ ва қаламчалардан кўпайтириш харажатларини молиялаштириш юзасидан туман ҳокимликлари халқ депутатлари туман кенгашларига таклиф киритиши керак.

Қолаверса, ҳужжатда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан бу бўйича ўқув семинарлар ташкил этилиши айтилган.

Туман ободонлаштириш бошқармалари дастур асосида етиштирилган бута кўчатларини етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиб, ҳар ойда Тошкент шаҳар ҳокимлигига маълумот тақдим қилади.

Фармойиш ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга юклатилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид