Жаҳон | 10:03 / 08.08.2025
8287
2 дақиқада ўқилади

Украиналиклар Россия-Гуржистон чегарасида очлик эълон қилди

Россия-Гуржистон чегарасида қолиб кетган камида 15 нафар Украина фуқароси норозилик сифатида очлик эълон қилди. Уларнинг талаблари орасида Украина консули билан учрашиш, қўлга олиниш сабабларини тушунтириш ва Украинага ўтиш кафолатлари бор.

Фото: Thomas Schulze/dpa/picture alliance

Россиядан чиқариб юборилганидан кейин Гуржистон билан чегарада қолиб кетган камида 15 нафар Украина фуқароси очлик эълон қилди. Улар Гуржистон божхона хизмати раҳбарига тегишли баёнотни тақдим этди, деб хабар берди «Новая газета Европа» манбаларига таяниб.

Украиналиклар Украина консулидан ўзлари жойлашган Гуржистон чегарасидаги «Юқори Ларс – Даряли» назорат-ўтказиш пунктининг буфер зонасига келишини талаб қилмоқда. Шунингдек, улар тиббий ёрдам, қўлга олинганлик сабаблари ва ҳуқуқий мақоми, Украинага ўтиш ва Россияга қайтмаслик кафолатлари ҳамда ўзлари сақланаётган ертўладан озод этилишини сўрамоқда.

Очлик эълон қилиш ҳақидаги баёнот Украинанинг Гуржистондаги элчихонасига, Гуржистон омбудсмани идорасига, Гуржистон Бош прокуратурасига, Amnesty International ва Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда БМТнинг Гуржистондаги қочқинлар ишлари бўйича агентлигига ҳам юборилган.

«Даряли» Россиядан чиқариб юборилган украиналиклар мамлакатни тарк этиши мумкин бўлган ягона чегара пунктидир. 5 июндан буён 100 га яқин украиналиклар, асосан эркаклар деразасиз, тор ертўлада, кўпчилиги ҳужжатсиз ушлаб турилибди. Улардан баъзилари жазо муддатини ўтаб, Россиядан депортация қилинган собиқ маҳбуслар, баъзилари эса Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиққан тинч фуқаролардир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид