Ўзбекистон | 20:02 / 19.08.2025
2087
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасида "йўл харитаси" имзоланди

Ўзбекистон парламенти делегациясининг Остона шаҳрига расмий ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: dunyo.info

Хабар қилинишича, учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга доир кенг кўламли масалалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва минтақавий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида парламентлараро муносабатлар ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама шаклда янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Марказий Осиё мамлакатларининг Иккинчи парламентлараро форуми якунлари ва Қозоғистон делегациясининг Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясида иштироки юқори баҳоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифалар амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамда Қозоғистон Парламентининг шундай комиссияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якуни бўйича парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва халқаро майдонда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Парламенти Сенати ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" имзоланди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид