Ўзбекистон | 21:05 / 20.08.2025
2361
3 дақиқада ўқилади

Сенат қўмитаси ижтимоий масалаларга оид қонунларни муҳокама қилди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида ижтимоий масалаларга оид қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Фото: senat.uz

Мажлисда “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун юзасидан Қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида ушбу Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди. Унда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши, суғурта ҳодисаси, суғурталанган шахснинг, суғурталовчининг, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.

Шунингдек, Қонунда давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари манбалари, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалларини тўловчилар, давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш каби қатор масалалар назарда тутилган.

Шу билан бирга, Қўмита аъзолари ҳамда экспертлар томонидан ушбу Қонуннинг айрим нормаларини қайта кўриб чиқиш ва мавжуд қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, Қонунда ваколатли органнинг ваколатлари ва вазифалари очиб берилмаганлиги, ижтимоий кафолатлар етарли даражада белгиланмаганлиги, суғурта бадали ставкаси, суғурта бадалини ҳисоблаш муддатлари ва тартиби, суғурта бадалини тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар миқдорлари ва даврлари акс этмаганлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида ушбу Қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлиги юзасидан хулосани Сенат Кенгашига киритиш бўйича Қўмита қарори қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда “Ижтимоий иш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қонуннинг мақсади ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қонунда ижтимоий иш соҳасидаги асосий тушунчалар акс эттирилган бўлиб, ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари, ижтимоий ишни ташкил этиш, ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати, ижтимоий ходимнинг мажбуриятлари, ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари белгилаб берилаётганлиги таъкидланди.

Қонун юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда экспертларнинг таклифлари эшитилди ва батафсил ўрганишлардан сўнг Қўмита томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид