Ўзбекистон | 16:09 / 22.08.2025
4588
1 дақиқада ўқилади

ADWorld'ни реклама қилган блогерлардан икки нафари зарарни қисман қоплади

ADWorld фирмасидан юзлаб ватандошлар алданиб қолиши ортидан, бу фирмани реклама қилган блогерлардан икки нафари – Жаҳонгир Латипов ва Отабек Жўраев жабрланганларнинг айримларига зарарларини қисман қоплаб берди.

Хорижга ишга жўнатиш ваъдаси билан лицензиясиз фаолият юритиб, юзлаб одамларни чув туширган ADWorld фирмаси мансабдорларига нисбатан тергов кетмоқда. Аввалроқ Kun.uz суриштирувидан кейин фирма раҳбари Дилмурод Юсупов қамоққа олинган эди.

Аввалроқ ADWorld фирмасини реклама қилган блогер Жаҳонгир Латипов жабрланганларнинг 5 нафарига 500 доллардан пул берганди. Куни кеча фирмани фаол реклама қилган бошқа бир блогер Отабек Жўраев (iWash) ҳам шундай йўл тутди.

Жўраев ўзининг BMW автомобилини сотиб, тушган пулдан 18 минг долларини ADWorld фирмаси берган рўйхат бўйича жабрланувчиларга тақсимлаб берган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 август куни Рақобат қўмитаси блогерлар Отабек Жўраев ва Абдураҳмон Абдураҳмоновни лицензияси йўқ фирмани реклама қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортганини маълум қилди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид