Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди
"Аваза" миллий туризм зонасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида Гурбангули Бердимуҳамедовни август ойи бошида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор самимий табриклади.
Ўзбекистон президенти Озарбойжон етакчиси Илҳом Алиевни яқинда Вашингтон шаҳрида Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан ҳам дилдан қутлади.
Шавкат Мирзиёев кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор аниқ таклифларни билдирди.
Уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.

Амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни мамлакатлар ҳудудлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансқитъавий йўналишни шакллантириш имконини беришига ишонч билдирилди.
Ҳозирги кунда Хитой-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган. Бундан ташқари, яқинда Покистон ва Афғонистон билан Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди.
Янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбойжон , Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаши қайд этилди.
Ўрта маршрутни, шу жумладан Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар ҳам қўллаб-қувватланди.
Энг муҳим масалаларни биргаликда экспертлар даражасида ишлаб чиқишга киришиш таклиф қилинди.
Бу - ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан Туркманбоши ва Боку портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалаларидир.

Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлиги билдирилди.
Бундан ташқари, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш логистика инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиши мумкин бўлган донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан прагматик ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бериши таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўз паром қувватларини яратишдан манфаатдорлиги билдирилди.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш ва энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада Европага "яшил" энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси истиқболли экани таъкидланди.
Анъанавий углеводородлар борасида Каспий шельфида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конларни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш таклиф этилди.
Товар айирбошлашни ва саноат кооперацияси кўламини тубдан ошириш яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Озарбойжон билан ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ошди. Товар айирбошлаш таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 40 фоизга етди.
Барқарор савдо-логистика занжирларини ривожлантириш, улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш ва йирик савдо тармоқларига чиқиш, фитосанитария ва карантин талабларини унификация қилиш, маҳсулотларни рақамли маркировкалашни жорий қилиш, қўшма электрон платформаларни ишга тушириш ва товар-хомашё биржалари кооперациясини кенгайтиришни назарда тутадиган комплекс ҳаракатлар режасини биргаликда тайёрлаш таклиф қилинди.
Савдо-саноат палаталари шафелигида кўргазма-ярмарка тадбирлари ва ишбилармонлик учрашувларини ўтказиш орқали уч мамлакат ҳудудларини ушбу жараёнларга фаол жалб қилиш таклиф қилинди.
Гуманитар алоқаларни кенгайтириш доирасида мамлакатларимиз ва учинчи давлатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқларимизнинг бой маданий мероси муштараклиги, анъана ва урф-одатлари яқинлигини намойиш этиш имконини берадиган туризм ва маданий алмашинувларнинг уч томонлама дастурини қабул қилиш таклиф қилинди.
Якунда Ўзбекистон раҳбари илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувларни амалга ошириш учун "йўл харитаси"ни тайёрлаш, шунингдек, асосий йўналишлар бўйича вазирларнинг қўшма учрашувлари механизмини ишга туширишни таклиф қилди.
Аввалроқ Туркманистонда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтганди.
Мавзуга оид
14:51 / 19.12.2025
Озарбойжонда Варданянга умрбод қамоқ жазоси бериш талаб қилинди
22:17 / 17.12.2025
Ўзбекистон дунёда сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган мамлакатлар қаторига кирди
19:32 / 15.12.2025
Киши бошига табиий бойликлар: Саудияда 1 млн, Россияда 520 минг доллар. Ўзбекистонда-чи?
18:58 / 14.12.2025