Жаҳон | 14:34 / 27.08.2025
2594
2 дақиқада ўқилади

Украинада 22 ёшгача бўлган йигитларга мамлакатни тарк этишга рухсат берилди

Украина ҳукумати 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган йигитлар учун чегарани кесиб ўтиш қоидаларини янгилади. Ушбу ёш тоифасидаги эркакларга уруш даврида чегарани тўсиқсиз кесиб ўтишга рухсат берилган.

Фото: Michael Bihlmayer/CHROMORANGE/picture alliance

Украинада 18-22 ёшли эркаклар учун давлат чегарасини кесиб ўтишнинг янги қоидалари жорий этилди. «Мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолатга қарамай, 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган эркаклар чегарани тўсиқсиз кесиб ўтиши мумкин бўлади. Бу тегишли ёшдаги барча фуқароларга тааллуқлидир. Бу қарор турли сабабларга кўра хорижда қолган фуқароларга ҳам тааллуқлидир», — деди Украина бош вазири Юлия Свириденко 26 август, сешанба куни.

«Биз украиналиклар имкон қадар Украина билан алоқаларини сақлаб қолишини истаймиз», деб ишонтирди бош вазир. Унинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар қарор расмий эълон қилинган кундан кейинги кун кучга киради. Ҳозиргача Украинада Россия томонидан кенг кўламли уруш бошланганидан бери амалда бўлган ҳарбий ҳолатда 60 ёшгача бўлган катта ёшли эркакларнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланган.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко айрим ёшдаги эркаклар учун чегарани кесиб ўтиш қоидаларини юмшатиш сабабларини айтиб ўтди. «Ушбу қадамдан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, украиналик ёшларга хорижда таълим олиш, амалиёт ўташ ва қонуний ишга жойлашиш учун кенгроқ имкониятларни тақдим этишдир. Бу улар тўплаган тажрибаларини кейинчалик Украина тараққиёти йўлида қўллаши учун зарур», — деб ёзди расмий ўзининг Telegram-каналида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид