Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллатни мағлуб қилган майда ташвишлар
Бугун “Беш дақиқа”да катта илмий ва миллий драмани кўрсатиб берган асар ҳақида гаплашамиз. Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре” ҳикояси – шахсий орзулар, миллий фожиа ва илмга муносабат ҳақидаги жуда таъсирли асар.
Ҳикоя марказида бир олим бор. Унинг умри Пуанкаре гипотезасига бағишланган. Олимнинг эски портфели – кўп йиллаб йиғилган қўлёзмалар, формулалар ва изланишлар билан тўлган. Асарда портфель эскириб, ичидагини тўкиб-сочаётгани каби, олимнинг ҳам умри секин-аста маъносини йўқотаётгани кўрсатилади.
Пуанкаре гипотезаси дунё математикасининг энг қийин муаммоларидан бири. Муаммо фақат техник масала эмас, асар қаҳрамони учун бу умр маъноси. Шунинг учун олимнинг ҳар бир куни, ҳар бир изланиши умид ва алам ўртасида кечади.
Турмуш ва илм ўртасидаги зиддият
Ҳикоянинг асосий воқеалари олимнинг кундалик ҳаёти атрофида содир бўлади. Илм билан шуғулланиш ўрнига у турмуш ташвишлари билан қийналади. Қайнонаси, аёлининг босими, қуда-андаларга совға тайёрлаш, уй-жой муаммолари, маошнинг камлиги ва шу кабилар. Институтда эса ундан буюк муаммолар ечиш эмас, балки “фойдаси бор” ишлар билан шуғулланиш талаб қилинади. “Давлат сизга сароб ортидан югурсин деб маош тўламайди”, дейишади унга раҳбарлар.
Олимнинг қалбидаги олов эса сўнмайди. У ҳар гал портфелини очиб, эски қоғозларини кўриб, яна илмий ишга киришади. Аммо ҳаёт унга имкон бермайди. Турмуш ва илм ўртасидаги зиддият унинг умрини эриб бораётган шамга айлантиради.
Бу ҳолат тасодифий эмас. Муаллиф бизга ўзбек олимларининг тақдирини кўрсатади. Илм йўлида изланишга тайёр кўплаб олимлар тарихда турмуш гирдобида қолиб кетган. Улар кашфиётлар остонасигача борган, бироқ шароит йўқлиги сабаб орзулар йўлининг ярмидан қайтишга мажбур бўлишган.
Шогирд билан учрашув: умид ва огоҳлантириш
Қаҳрамон ҳаётида талабанинг пайдо бўлиши – янги умиддир. Ёш, зукко ва илмга чанқоқ бу йигит устоз кўз ўнгида умидли авлоднинг рамзи сифатида гавдаланади. У билан танишганда, олим ўзининг ёшлик қиёфасини кўргандек бўлади. Шунинг учун ҳам: “Агар зукко бир талаба ёрдам берса, Пуанкарени бир ҳафтада ечар эдим”, дея хаёл қилади.
Бироқ муаллиф бу ерда оғир ирония қилади. Устоз яхши англайди: муҳит ўзгармаса, шогирд ҳам унинг тақдирини такрорлайди. Асарда ҳам шундай. Илмга берилган умидли йигит маиший қийинчилик, моддий етишмовчиликларга дуч келади. Ва эски сценарий такрорланишига ишора қилинади. Шу жиҳатдан талаба – бир вақтнинг ўзида умид ва огоҳлантириш рамзи.
Перельман ғалабаси ва йўқотилган имконият
Асарнинг энг таъсирчан нуқтаси – қаҳрамон интернетдан хабар ўқиб қолган пайт. Санкт-Петербургда яшовчи, 41 ёшли Григорий Перельман Пуанкаре гипотезасини ечибди! Бу хабар ўзбек олими учун ҳалокатли зарба бўлади.
Машҳур халқаро журнал бу ишни “йил кашфиёти” деб эълон қилади. Перельман халқаро “Филдс” медали билан тақдирланади. Шу билан ўзбек олимининг барча орзулари, 30 йиллик меҳнати бир лаҳзада саробга айланади. Миллат ютқазади.
Қаҳрамон алам билан бақиради: “Нега у? Нега мен эмас?” Чунки у ечимнинг 99,99 фоизига етганди. Фақат биргина парча қолган. Агар бир ҳафта тинимсиз меҳнат қилганида, эҳтимол, ғалаба унга насиб қиларди. Афсуски, турмуш чигалликлари унинг оёғидан чалади. У жамият ва оиласининг инжиқликлари сабаб мағлуб бўлади.
Илмга муносабат – миллат тақдири
Муаллиф “Пуанкаре” орқали минглаб, юз минглаб ўзбек элитасининг қандай қурбон бўлаётгани, бу миллат миллат ўлароқ нега юксала олмаётганига урғу беради.
Афсуски, ҳозирча бизда жаҳоншумул олимлар, нобелчилар йўқ. Ҳаёт билан, маиший муаммолар билан кўмилиб қолганмиз. Ўзимизни ёриб чиқа олмаяпмиз.
Қадрли китобхон, “Пуанкаре” ҳикоясини албатта ўқинг. Унда сиз қанча-қанча иқтидорларнинг қандай йўқ бўлиб кетаётгани, оммага сингиб кетаётгани ҳақида тафаккур қиласиз.
Ушбу китобни қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиб, тўлиқ аудио шаклда эшитишингиз мумкин.
Исомиддин Пўлатов
Мавзуга оид
16:32 / 06.09.2025
“Кутмоқ ва умид қилмоқ керак”: маҳбусликдан графликкача бўлган йўл
20:00 / 16.08.2025
“Кассандра тамғаси” – туғилмасидан ёвузликка ҳукм этилганлар
20:35 / 09.08.2025
“Мен қайтиб келаман” – ўзбекнинг сўнмаган умиди ҳақида оғриқли ҳикоя
17:48 / 24.05.2023