Бизнес | 17:09 / 08.09.2025
5116
4 дақиқада ўқилади

Америка миллиардерлари Оқ уйда Трамп билан нимани гаплашди?

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда мамлакатнинг энг йирик технология ва бизнес компаниялари раҳбарлари билан кечки учрашув ўтказди. Унда Meta, Apple, Microsoft, OpenAI ва қатор гигант компаниялар раҳбарлари қатнашди. Трамп меҳмонларни «бизнес ва иқтидор инқилоби етакчилари» дея мақтади. Учрашувда асосий мавзу сифатида сунъий интеллект ва АҚШдаги инвестиция лойиҳалари кўтарилди, компаниялар ўз сармоя режалари ҳақида президентга маълумот беришган. Хўш, Трампнинг Оқ уйда миллиардерларни қабул қилиши нимани англатади? 

Учрашув давомида Трамп сўзга чиқиб, доимий ишбилармонларга солиқ ва меҳнат қонунчилигида янги имтиёзлар, қурилиш рухсатномаларини соддалаштириш ва қулай бизнес-муҳитини яратишга ваъдалар берди. Айниқса, у маълумот марказлари учун зарур электр таъминоти ва рухсатномаларни олишни енгиллаштиришини айтди. Шунингдек, Трамп АҚШнинг сунъий интеллект бўйича Хитойдан анча олдинда эканини ғурур билан гапирган.

Тадбиркорлар бирин-кетин чиқишлар қилиб, йирик инвестиция мажбуриятларини тилга олди. Масалан, Марк Цукерберг 2028 йилгача сунъий интеллект ва маълумот марказларига “камида 600 миллиард доллар” сармоя киритишини айтди. Аpple компанияси эса яқинда АҚШдаги ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қўшимча 100 миллиард доллар ажратишини маълум қилди.

Компаниялар СИ инфратузилмаси ва маълумот марказларига катта маблағ сарфлаш режалари билан ўртоқлашган. Учрашувда импортга қўйиладиган божлар масаласи ҳам кўтарилди ва ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чоралари кўриб чиқилди.

Хўш, Трамп Оқ уйда катта компаниялар раҳбарларини йиғиб, нимани исботламоқчи бўлди?

Биринчи навбатда АҚШнинг амалдаги президенти технология саноатини қўллаб-қувватлаш сиёсатига содиқ эканини яна бир бор кўрсатмоқчи бўлди. Бу билан Трамп АҚШ иқтисодиётида катта сармоялар олиб келиш мақсади борлигини ҳам кўз-кўз қилмоқда. Бундай тадбирларни кўп ташкил қилиш орқали бой инвесторлар ва компания раҳбарларини бир жойга жамлаш Трамп маъмурияти сиёсий мақсадларига ҳам хизмат қилади. Таҳлилчиларга кўра, бундай йиғилишлардан президент асосан сайловолди кампанияси учун молиявий ёрдам олиш ва ҳомийларнинг қўллаб-қувватлашини сақлаб қолиш мақсадида фойдаланади.

Учрашув Трампнинг корпоратив Америка билан яқин алоқасини ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзлаганини намойиш этди. Миллиардерлар ўз инвестиция режаларини эълон қилиб, президент сиёсатини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини ҳам билдирган. Ҳозирги маъмурият учун бундай тадбирлар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки сиёсий ҳомийларни топиш ва молиялаштириш имкониятини беради. Учрашув Хитой билан технология рақобати, маҳаллий инвестицияларни рағбатлантириш ва иш ўринларини яратиш каби муҳим масалаларни яна бир бор кўздан кечиришга хизмат қилди. Трамп Аpple раҳбари билан мулоқот қиларкан, унинг Ҳиндистондаги режаларидан норози эканини ҳам айтди.

Эслатиб ўтамиз, собиқ президент Байден лавозимини тарк этишидан аввал халққа қилган охирги мурожаатида жамият бошқаруви тепасига бир ҳовуч миллиардерлар келаётганидан огоҳлантирган эди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид